23:25 / 02.05.2022
2 165

Россия армиясини тўхтатиш учун Киев атрофидаги қишлоқ сувга бостирилган

Россия армиясини тўхтатиш учун Киев атрофидаги қишлоқ сувга бостирилган
Mykhaylo Palinchak / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
The New York Times нашри Киев областидаги Демидов қишлоғидан фото ва видеоларни эълон қилди, бу қишлоқ Россия оккупацияси вақтида сув остида қолган. «Украина Россиянинг ҳаракатини секинлаштириш учун ўз ҳудудида хаос юзага келтирди», дея қишлоқ нега сув остида қолганини изоҳлайди нашр.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг гувоҳлик беришича, украинлар Ирпен дарёсининг Киев сув омборига қўшилиш жойидаги тўғонни портлатиб, сунъий тошқин юзага келтиришган. Натижада қишлоқ ва унинг атрофидаги майдонлар ботқоқликка айланган, бу эса Россия армиясининг Киевга юришини секинлаштирган. Газетанинг қайд этишича, шу тариқа Украина пойтахти мудофаасига тайёргарлик кўриш учун қимматли вақтдан ютилган.

Демидов урушнинг иккинчи куниёқ, 25 февралда сув остида қолади. Қишлоқдаги 750 хонадондан элликка яқини буткул сув остида қолган.

Бир ой ўтиб россиялик ҳарбийлар чекингач ҳам маҳаллий аҳоли тошқин оқибатларини бартараф этиш билан банд, аммо улар бундай қурбонлик берилганидан хафа эмас. «Ҳаммамиз вазиятни тўғри тушунамиз ва ҳеч нарсага афсусланмаймиз. Биз Киевни қутқариб қолдик!» — деган маҳаллий аҳоли вакили, пенсионер Антонина Костюченко NYT мухбири билан суҳбатда.

Сув тошқини россиялик ҳарбийларнинг зирҳли танклари колоннаси Ирпен дарёсидан ўтишини қийинлаштирибгина қолмасдан, амалда қишлоқнинг ўзини ҳам ишғолдан ҳимоя қилган. Россиялик аскарлар саёз кўлни эслатувчи бу қишлоқ ҳудудида ҳам патруллик қилган бўлса-да, қишлоқ ҳеч қачон фронт чизиғига айланмаган ва Киев шимолидаги бошқа шаҳар ва қишлоқлар — Буча, Ирпен, Бородянка, Гостомел каби жойлардаги даҳшатли воқеалар бу ерда кузатилмаган. Қишлоқ раҳбари Олександр Мелниченконинг The New York Times нашрига айтишича, бир ой давом этган оккупация даврида Демидовда фақат олти киши ҳалок бўлган.

Урушнинг илк кунлариданоқ сон ва қуроллар жиҳатдан устун бўлган Россия армияси ҳаракатига халал бериш мақсадида украинлар ўз фуқаролик инфратузилмаларини йўқ қила бошлади. Украин ҳарбийлари Гостомел аэропортига уланган автомобил йўллари, темирйўллар ва ҳатто аэропортдаги учиш-қўниш йўлагини иккиланмасдан бомбалашган. Ҳарбий экспертлар ҳисоблашича, бундай «ёндирилган ер» тактикаси россия ҳарбийларини тўхтатиб туриш ва Киев эгалланишининг олдини олишда муҳим ўрин эгаллаган.

Украина инфратузилмалар вазирлиги Олександр Кубраковнинг сўзларига кўра, урушнинг икки ойи давомида мамлакатда 300 дан ортиқ кўприклар вайрон қилинган. Уларнинг аксари украинларнинг ўзлари томонидан портлатилган. Россиялик ҳарбийлар дарёларни кечиб ўтиш учун понтон кўприклар ўрнатишган, улар эса украин артиллериячилари томонидан ўққа тутилган. Вазир айни вақтда Донбассда ҳам шундай тактика қўлланаётганини маълум қилган.

Бу стратегия Украина учун қимматга тушади, қолаверса Россия армияси ҳам фуқаролик инфратузилмаларини ўққа тутмоқда. Украина ҳукумати баҳоларига кўра, урушнинг икки ойидан кейин мамлакат транспорт инфрастузилмасига етказилган зарар миқдори 85 миллиард долларга яқинни ташкил этади. Кубраков объектларни қайси томон йўқ қилганидан қатъи назар жавобгарлик Россия зиммасида бўлишини айтади. «Агар уруш бошланмаганида биз ўз кўприкларимизни портлатмасдик. Сабаби битта: Россия Федерацияси тажовузкорлиги», — деган у.






Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия армиясини тўхтатиш учун Киев атрофидаги қишлоқ сувга бостирилган