
Фото: Alexander Zemlianichenko / The Associated Press
Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи — Россия мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари генерал Валерий Герасимов россиялик ҳарбийлар юриш қилаётган Украина шарқига ташриф буюрган. Бу ҳақда The New York Times (NYT) Украинадаги манбаси, шунингдек шахси сир тутилишини сўраган икки нафар америкалик мулозимга асосланган ҳолда хабар тарқатган.
АҚШдаги манбаларнинг сўзларига кўра, Герасимов Украина шарқида бир неча кун ўтказган. «Бизнинг ишчи гипотезамизга кўра, у шу ерда бўлган, чунки [Россия армияси қўмондонлиги] ҳамон ўз муаммоларини ҳал қила олмаган, деган тушунча бор», — деган америкалик расмийлардан бири.
Украина ҳукумати вакили NYT нашрига Киев Герасимовнинг ташрифи ҳақида хабардор бўлганини айтган. Украинадаги Defense Express нашри 27 апрел куниёқ ўз манбасига асосланган ҳолда Герасимов Изюм йўналишида Россия қўшинларига шахсан раҳбарлик қилиши ва РФ қуролли кучларининг Харков областидаги Изюм шаҳри ҳудудида жойлашган қўмондонлик пунктига ташриф буюргани тахмин қилинаётгани ҳақида ёзганди.
Украина ҳукумати вакилининг сўзларига кўра, Герасимов 30 апрел куни кундузи Изюмдаги 12-сонли мактабга келган, бу ерда Россиянинг 2-умумқўшин армияси ва Россия ҳаво-десант қўшинларининг қўмондонлик пункти жойлашган. Унинг сўзларига кўра, шу куни кечқурун украинлар армияси мактабга зарба берган — аммо Герасимов бу вақтда объектни тарк этган ва Россияга қайтиб кетганди.
NYT нашрининг Украинадаги манбаси хабар қилишича, зарба оқибатида 200 нафар атрофидаги россиялик ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган, дастлабки хабарларга кўра, улар қаторида генерал-майор Андрей Симонов ҳам бор. «Объектни йўқ қилиш қарори Герасимов туфайли эмас, бу муҳим операцион база бўлгани туфайли қабул қилинган», — деган у.
NYT’нинг АҚШдаги манбалари россияликлар базасига берилган зарба ҳақида маълумотга эга эмас.
Украинада аввалига Герасимов ҳалок бўлгани, кейин эса яралангани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо, катта эҳтимол билан бу тўғри эмас
Украинада бу зарба ҳақида икки кун аввал ёза бошлашган эди. 30 апрел куни «Инсайдер Украина» телеграм-канали «разведка маълумотларига кўра, 100 га яқин «200-юк» [зарба оқибатида ҳалок бўлганлар] борлиги, дастлабки маълумотларда қурбонлар қаторида штаб бошлиғи ҳам борлиги келтирилаётгани» айтилди. 1 май куни ушбу телеграм-канал «Герасимов омон қолгани, аммо яралангани» ҳақида хабар тарқатди.
Украиналик журналист Олександр Шульман ҳам фейсбукдаги саҳифасида Герасимов яраланганини ёзиб қолдирди, Украина ИИВнинг собиқ раҳбари Арсен Аваков манбани келтирмаган ҳолда гап «ўнг тиззада снаряд парчасидан етказилган жароҳат» ҳақида кетаётганини ёзилган иқтибосни келтирди. Бундан ташқари Герасимовнинг шахсий тансоқчиси ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
«Герасимов енгил яраланган, бир қўриқчи ҳалок бўлган, генерал Симонов — 200, 20 нафар катта офицерлар — 200; умуман олганда 200 лар кўп, аммо харобаларни тозалаш давом этмоқда», — деган украинларнинг «Фактлар» нашри манбаси.
Аммо кўп ўтмай Герасимовнинг яралангани ҳақидаги хабарлар инкор этилди. Conflict Intelligence Team тадқиқот гуруҳи асосчиси Руслан Левиев ўз манбасига асосланиб, 1 май куни Россия бош штаби бошлиғи Белгородга учиб келгани, бу ердан Москвага йўл олгани ҳақида хабар қилди. «Бортга у ўзи чиққан, тирик ва соғ», — дея ўз манбаси сўзларини келтиради Левиев.
«Украинская правда» нашри манбаларига таянган ҳолда «украин кучлари Изюм яқинида Герасимовга „тўп ёғдириб яксон этиш“га улгуришмагани» ҳақида ёзган. Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виктор Андрусов ҳам Россия бош штаби раҳбари яралангани ҳақида тасдиқланган маълумот йўқлигини айтган.

Изюм атрофида россияликлар колоннасига берилган зарба. Скриншот Украина миллий гвардияси 30 апрел куни эълон қилган видеодан олинган
National Guard Of Ukraine / Reuters / Scanpix / LETA
Герасимов босқин бошлаш бўйича қарор қабул қилишда иштирок этган одамлардан бири экани айтилади. Унинг фронтга сафари — РФ армиясидаги муаммолардан дарак
Bloomberg икки манбасига асосланган ҳолда, Валерий Герасимов Россияга бостириб кириш бўйича қарор қабул қилган тор доира вакилларидан бири экани ҳақида хабар берган. Нашр талқинига кўра, бу тор доирада Россия президенти Владимир Путин, мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ҳам бор.
NYT Ғарбдаги ҳарбий таҳлилчиларга асосланиб қайд этишича, бундай юқори мартабали амалдор фронт чизиғига келиши жуда ноодатий ҳол ҳисобланади ва бу ҳолат россиялик ҳарбийларнинг Украинада давом этаётган муаммолари фонида (хусусан, фронт чизиғидаги ҳарбий қисмлар таъминоти ва мувофиқлаштириш билан боғлиқ муаммолар) рўй берди.
Нашрнинг Украинадаги манбаси Герасимовнинг фронтга махфий равишда ташриф буюришидан мақсад Россиянинг Донбассдаги юриши «йўналишини ўзгартириш» бўлган. АҚШдагилар бу ташриф Россия қўшинларидаги қийинчиликларнинг яна бир тасдиғи эканини айтишган.
«Катта эҳтимол билан, бу россияликлар армиясида ишлар яхши эмаслигини англатади. Улар жанг майдонида минглаб қурбонлар беришди, қўшинларнинг жанговар руҳи жуда паст ва энг муҳими, уларнинг юришлари, тўхтаб қолганга ўхшайди», — деган америкалик конгрессмен, Вакиллар палатасининг қуролли кучлар ишлари бўйича қўмитаси аъзоси Жейсон Кроу NYT мухбири билан суҳбатда. Ўзи ҳам собиқ ҳарбий бўлган Кроу 30 апрел куни АҚШ Конгресси делегацияси билан Киевга ташриф буюрганди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар