Украинада Россия армияси билан икки ойдан зиёд давом этаётган ҳарбий тўқнашувлар ва уруш атрофидаги воқеа-ҳодисаларга оид сўнгги расмий хабарлар ва янгиликларнинг эрталабки қисқача шарҳлари билан танишинг.
Украина томонининг баёнотлари
Володимир Зеленский ўзининг одатий тунги мурожаатномасида яқин кунларда Европа Иттифоқидан Россияга янги санкциялар пакети қўлланилиши кутилаётганини айтиб ўтди.
Украина президенти Володимир Зеленский. Фото: president.gov.ua
«Бу пакетда Россиянинг энергия ресурсларидан даромад кўришини чеклаш борасида аниқ қадамлар бўлиши керак. Террорчи-давлат қазиб олинувчи ёқилғилар учун кунига миллиард евро берилмаслиги керак. Бир вақтнинг ўзида кейинги санкция қадамларига ҳам тайёрланиш лозим. Ҳар қандай ҳолатда, Россия билан барча экспорт-импорт операцияларини чеклашга тўғри келади. Бусиз Москвадагилар халқаро ҳуқуқ ва Европадаги тинчликни ҳурмат қилиш кераклигини асло тушунмайди», — деган Зеленский.
Зеленский Юнонистоннинг ERT телеканалига берган интервюсида Россия ТИВ раҳбари Лавровнинг музокараларда Россиядан санкциялар ечилиши масаласи ҳам муҳокама қилинаётганини рад этди.
«Санкцияларни ечиш масаласи кўтарилгани йўқ, кўтарилиши мумкин ҳам эмас... Уруш ҳали тугагани йўқ, биз ўз ҳудудларимизни қайтариб олмадик. Таассуфки, Россия ҳамон бизнинг тупроғимизда ва босим қилишда давом этмоқда. Ҳеч нарса тугамади. Мен санкциялар ечилиши масаласи кўтарилаётганидан ҳайронман», — деган Зеленский.
Зеленский шунингдек, 2014 йили жорий этилган санкциялар жуда юмшоқ бўлгани, шу сабабли Россия кенг миқёсли босқинчилик ҳақида ўйлашга шароит яратганини айтган.
Украина Мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов НВ нашрига берган интервюсида Москва Россияда мобилизация бошланишини 9 май куни эълон қилинишини айтди.
Украина Мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов. Фото: UA|TV
«Россия аллақачон яширин мобилизацияга ўтган, яқин кунларда очиқ мобилизацияни эълон қилади. Айни пайтда Росрезерв уларда аслида қанча одам борлиги, мобилизацион нарядлар бўйича нималар бериши мумкинлигини ҳисоб-китоб қилмоқда. Бу чинакам мобилизация олдидан мутлақо зарур қадам», — деган Буданов.
Украина қуролли кучлари бирлашган операцияси ўтган сутка ичида эришилган муваффақиятлар ҳақида қуйидагича маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):
· Душманнинг 12 та ҳужуми муваффақиятли бартараф этилган.
· 6 та танк, 5 та артиллерия тизими, 22 та ҳарбий зирҳли техника, битта ҳарбий махсус машина ва 8 та автомобил йўқ қилинган.
· Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари Донбасс осмонида «Орлан-10» типидаги 5 та пилотсиз учар қурилмаларни уриб туширган.
Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигининг маълумотлари:
· «Форпост» типидаги битта ва «Орлан-10» типидаги 7 та пилотсиз учар қурилмалар уриб туширилган.
«Схид» («Шарқ») тезкор-тактик гуруҳининг маълумотлари:
Россия қўшинлари 6 та ҳужум уюштирган. Душманнинг йўқотишлари:
· Шахсий таркиб — 75; танклар — 2; БМП — 6; Жанговар зирҳли машина — 5; артиллерия тактик нуқталари — 1, миномёт ҳисоблари — 2, пилотсиз учар қурилма — 4, махсус техника — 1.
«Пивдень» («Жануб») тезкор қўмондонлиги маълумотларига кўра Қора денгиздаги Змеиний ороли яқинида Россиянинг иккита ҳарбий катери «Bayraktar TB-2» ҳарбий дрони воситасида йўқ қилинган.
Россия томонининг баёнотлари
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Италиянинг Mediaset телекомпаниясига берган интервюсида Украина президенти Володимир Зеленский неонацистик унсурларга улар ушлаб турган фуқароларни қўйиб юбориш ва қаршилик кўрсатишни бас қилиш ҳақида буйруқ бериши Россия талабларидан бири эканлигини айтган.
Шу интервюда Лавров Москва Киевдаги режимни ўзгартиришни мақсад қилмаганини, бунақа ишлар билан фақат АҚШ шуғулланишини айтиб ўтган. РФ ТИВ раҳбари шунингдек, АҚШ ракета ҳужумида мудофаа тизими Россияга қарши қаратилгани сабабли Россия гипертовушли қурол яратишга мажбур бўлганини ҳам таъкидлаган.
«Азовстал» ҳудудидан тинч аҳоли вакилларининг эвакуация қилиниши. Фото: unn.com.ua
Россия Мудофаа вазирлиги 30 апрелдан бошлаб Мариупол шаҳридаги «Азовстал» заводи ҳудуди ва унга яқин уйлардан 36 киши чиқарилган, 1 май куни завод ҳудудидан яна 80 та фуқаро чиқариб олинган. Уларнинг 69 нафари Украина назорати остидаги ҳудудларга кетиш истагини билдирган.
Россия Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенковнинг тунги брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):
· Ҳавода базалашган юқори аниқликдаги ракеталар билан кун давомида Украинанинг 36 та ҳарбий объектига зарба берилган;
· Мажевая аҳоли пункти яқинида 4 та «С-300» ЗРК ўт очиш қурилмалари, разведка радиолокацион ва нишонга олиш станцияси йўқ қилинган;
· Днепропетровск областдаги Покровское аҳоли пунктида ракета-артиллерия қурол-яроғлари ва ўқ-дорилари омбори йўқ қилинган;
· РФ ҳарбий космик кучларининг тезкор тактик ва армия авиацияси томонидан Украина ҚКнинг 13 та таянч пунктлари ҳамда жонли кучлари ва ҳарбий техникалари жамланмасига зарба берилган;
· Украина армиясининг 170 дан ортиқ аскари, 36 та ҳарбий техникаси йўқ қилинган;
· Ракета қўшинлари Украина ҚКнинг 2 та бошқарув пункти, жумладан, 93-механизациялашган бригадасига, 4 та жонли кучлар ва ҳарбий техникалари жамланмасига зарба берган;
· Изюм, Топольское ва Малая Камишеваха 5 та «Смерч» реактив снарядлари тўхтатиб қолинган.
Украинага кўмак
Жума кунигача АҚШ Украинага яна 5000 дона танкларга қарши Javelin ракеталарини етказиб беради, деди Пентагон матбуот котиби Жон Кирби.
Пентагон матбуот котиби Жон Кирби. Youtube’дан скриншот
АҚШ Украина учун ажратилган гаубицаларнинг 80 фоизини етказиб беришга муваффақ бўлган. 170 дан ортиқ украиналик ҳарбийлар АҚШ гаубицаларидан фойдаланиш бўйича машғулотларни ўтаган, яна 50 дан ортиғи машғулотларни тугатмоқда, дея хабар берган АҚШ Мудофаа вазирлиги.
Пентагон хабарига кўра, ўтган суткада АҚШ Украинага 14 та ҳарбий ёрдам юклари ортилган самолётларни жўнатган. Яна 23 та рейс 5 та бошқа давлатлардан келган.
Полша ҳукумати Украинага 232 та Т-72 танклари, бирваракайига ўт очиш реактив тизимлари, пилотсиз учар қурилмалар, ўзиюрар гаубицалар етказиб берган, дейилади Visegrad24 нашри хабарида.
Украина Бутунжаҳон банкининг 495 миллион еврога тенг грантини қабул қилиб олди.
Буюк Британия Украинага 300 млн фунт-стерлинг (375 млн АҚШ доллари) миқдорида янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади — Даунинг-стрит.
Санкциялар ва Россиянинг қарши чоралари
Германиянинг ZDF нашри хабарига кўра, Австрия, Венгрия ва Словакия Россия нефтига эмбаргосига вето қўйиш ҳуқуқини қайтариб олишган. Шундай қилиб, Европа Иттифоқида Россия нефти эмбаргосига қарши чиқувчи бирорта давлат қолмади.
Жумладан, Австрия энергетика вазири Леоноре Гевесслер унинг мамлакати Россия нефтига қарши қўлланиладиган эмбаргога қарши эмаслигини билдирган.
Бироқ, Венгриянинг Origo.hu ахборот порталининг ёзишича, Венгрия Россия нефти ва газининг Европа иттифоқига етказиб берилишига тақиқ жорий этишга қарши чиқади.
Мана шундай позициялар сабабли Венгрия бош вазири Виктор Орбан Украинанинг «Миротворец» сайти томонидан тузиладиган Киев режими душманлари рўйхатига киритилган.
Ҳиндистоннинг Tata Steel пўлат эритувчи компанияси Россиядан кўмир сотиб олишни бас қилади — Financial Times.
Финландиянинг Fennovoima лойиҳа компанияси Росатом билан «Ҳанҳикиви-1» атом электр станцияси қурилиши бўйича тузилган шартномани бузишини эълон қилди.
УЕФА Россиянинг 2028 ва 2032 йиллардаги футбол бўйича Европа чемпионатини ўтказиш бўйича аризасини номақбул деб топди. Шунингдек Россия футбол клублари 2022-23 йиллардаги еврокубоклар мавсумида қатнашмайдиган бўлди. Россия миллий жамоаси 2022-23 мавсумдаги Миллатлар лигасида қатнашишдан четлатилди. Россия аёллар миллий жамоаси Евро-2022 дан четлатилди, унинг ўрнига Португалия миллий жамоаси қатнашадиган бўлди.
Россия томонидан Қора денгиздаги портлари блокланган Украина ўн миллионлаб тонна ғалласидан айрилиши мумкин. Бу бутун жаҳонда озиқ-овқат инқирозини келтириб чиқаради. Бу ҳақда Володимир Зеленский Австралиянинг Nine Network телеканалига берган интервюсида айтган.
АҚШ Молия вазирлиги GAZPROM Germania GmbH билан 2022 йилнинг 30 сентябрига қадар транзакцияларга рухсат берувчи лицензияни эълон қилган.
«Газпром» 2022 йилнинг дастлабки 4 ойи ичида газ қазиб чиқаришни 2,5 фоизга — 175,4 млрд куб метргача қисқартирган. Узоқ хориж давлатларига экспорт 4 ой ичида қарийб 27 фоиз — 50,1 млрд куб метргача қисқарган.
Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати
ГФР канцлери Олаф Шолц президент Штайнмайерга кўрсатилган илтифотсизлик туфайли Украинага боришни истамаяпти. Апрел ойида Зеленский Россия билан ўта яқин алоқалари туфайли Франк-Валтер Штайнмайернинг Киевга келишини истамаган эди. Шолцга кўра, бу Германия учун «чинакам ларза» бўлган, дея RBB хабарини келтиради KP.
Германия Украинага агар бошқа давлатлар ҳам шундай йўл тута бошласагина танклар етказиб беради, деди Олаф Шолц Bild am Sonntag нашрига берган интервюсида.
ГФР канцлери Олаф Шолц. Фото: spiegel.de
«Мен ўз қарорларимни жуда тез қабул қиламан ва уларни иттифоқчиларимиз билан мувофиқлаштираман. Лекин мен Германиянинг шошилинчи ва бир томонлама ҳаракатларига доимо шубҳа билан қарайман», — деган Шолц.
Канцлернинг сўзларига кўра, қурол-яроғ етказиб бериш бўйича ишлар «ё ҳамма, ё ҳеч ким» принципи бўйича бўлиши керак.
БМТ маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 24 февралидан 1 майига қадар БМТ Украинадаги тинч аҳоли вакиллари орасида 6469 нафар қурбонларни рўйхатга олган: асосан авиазарбалар ва ўт очишлар натижасида 3153 киши ўлдирилган (226 нафари болалар), 3316 киши яраланган (319 нафари болалар). Реал йўқотишлари каррасига кўпроқ.
Украинада уруш бошланганидан буён 5,5 миллион қочоқлар қўшни давлатларга чиқиб кетган. Сўнгги икки кунда уларнинг сони 70 мингга кўпайган, деб хабар беради БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси.
Буюк Британия мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, Россия Украинада 120 дан ортиқ тактик батальон гуруҳларини ишга солиб бўлган. Бу Россиянинг ер устидаги жанговар кучларининг учдан икки қисми дегани. Ҳар бир гуруҳда 700-800 нафар атрофида аскар бўлади.
Америкаликларнинг катта қисми АҚШ Украина туфайли Россия билан очиқдан очиқ тўқнашувни бошлашини истамайди. Бироқ, аксилроссия санкцияларининг қатъийлашишини қўллаб-қувватлашади. Бу The Washington Post газетасида чоп этилган жамоатчилик фикри сўрови маълумотларида акс этган.
Финландия НАТОга аъзо бўлиш бўйича қарорни 12 май куни қабул қилади, деб ёзади финларнинг Iltalehti нашри.
Украинада ғолиб томон бўлмайди, ҳар икки томон йўқотишларга дучор бўлади, шу сабабли Ҳиндистон мулоқот ва инқирозни тинч йўл билан ҳал қилишга чақиради, деган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди. Россия ва Украина уруши «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда