14:30 / 03.05.2022
1 748

Байден Америкада «Ҳақиқат вазирлиги»ни тузиб танқидлар нишонига айланди

Байден Америкада «Ҳақиқат вазирлиги»ни тузиб танқидлар нишонига айланди
Фото: Susan Walsh/Associated Press
Жо Байден маъмурияти дезинформацияни бошқариш кенгашини тузганини эълон қилгач, жамоатчилик буни ёмон кайфиятда қарши олди. Байденнинг янги кенгаши ёзувчи Жорж Оруэллнинг «Ҳақиқат вазирлиги»га қиёс қилинмоқда. Хўш, Байден ва Оруэллнинг «вазирлик»лари орасида қандай ўхшашликлар бор, Байден нега танқидлар ёмғири остида қолди?

Ўзи нима гап?

Ўтган ҳафтада Миллий хавфсизлик котиби Александро Маёркас Вакиллар палатасининг маблағлари бўйича ички хавфсизлик қуйи қўмитасининг бюджет муҳокамаси чоғида «Дезинформацияни бошқариш кенгаши» интернетда дезинформация тарқалишига қарши курашиш учун тузилганини айтди.

Пайшанба кунги брифингда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки кенгаш мавжудлигини тан олди ва президент Жо Байден уни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Псаки ушбу кенгаш COVID-19 ва сайловлар каби мавзулар бўйича дезинформацияни кузатиб боришидан ташқари бошқа маълумотларни айтолмаслигини таъкидлади.

Миллий хавфсизлик департаменти янги кенгашга давлат хавфсизлигига оид, хусусан, ноқонуний миграция ва Россия билан боғлиқ дезинформацияга қарши курашиш вазифаси юклатилганини маълум қилган.

Wall Street Journal DGB’ни (Disinformation Governance Board – дезинформацияни бошқариш кенгаши) Сталиннинг КГБсига қиёслаган.

«Ажабланарлиси, бюронинг қисқартмаси – ДГБ КГБ билан атиги битта ҳарфда фарқланади», деб ёзди нашр.

Нега Байденнинг янги бюроси «Ҳақиқат вазирлиги» деб қабул қилинди?

Консерватив сиёсатчилар ва шарҳловчилар Байден маъмуриятини интернетда дезинформация тарқалишига қарши курашишга янги бюро ташкил этгани учун танқид қилишди. Ушбу танқидчиларнинг баъзилари уни Жорж Оруэллнинг 1984 йилдаги дистопик (катта азоб-уқубат ёки адолатсизлик мавжуд бўлган хаёлий давлат ёки жамиятга тегишли) романидаги хаёлий бюро – «Ҳақиқат вазирлиги» билан таққослашди.

Жорж Оруэллнинг ушбу дурдона асари билан таниш бўлмаганлар учун асардаги «Ҳақиқат вазирлиги»ни Океаниянинг тарғибот ва цензура бўлими, Оруэлл дистопиясининг хаёлий муҳити деб таърифлаш мумкин.

Оруэллнинг классик романи қаҳрамони Уинстон Смит янгиликлар, кўнгилочар, санъат ва таълимдан олинган маълумотларни назорат қилувчи давлат идораси – Ҳақиқат вазирлигида ишлайди. Смитнинг вазирликдаги роли тарихий ёзувларни романдаги ҳукмрон тоталитар партиянинг етакчиси/рамзи бўлган катта оғанинг хоҳишларига мослаштириб тузатишдир.

Смит Ҳақиқат вазирлигидан мамлакат умуман манфаатдор эмаслигини тушунади. У очиқчасига ташвиқотни, шунингдек, Океания аҳолисини чалғитиш ва таҳқирлаш учун мўлжалланган сийқаси чиққан шиорлардан фойдаланади. Ҳақиқат вазирлиги биноси фасадида партиянинг учта шиори бор: «УРУШ – ТИНЧЛИК», «ОЗОДЛИК – ҚУЛЛИК» ва «ЖОҲИЛЛИК – КУЧ». Тузилманинг ичида муаммоли ҳужжатлар ёқиб юборилади, улар унутиш қулай бўлган Хотира тешигига ташланади.

Twitter’да Жорж Оруэлл ва «Ҳақиқат вазирлиги» ҳештэглари оммалашди. Турли сиёсатчилар ва фаоллар, ҳаттоки оддий тармоқ фойдаланувчилари ҳам Байденнинг янги бюросини инглиз ёзувчиси Жорж Оруэллнинг антиутопия жанрида ёзилган асари – «1984»да назарда тутилган «Ҳақиқат вазирлиги»га қиёслаб фикрлар билдиришди.

Twitter’да бюрони қоралаб, уни Оруэллнинг хаёлий вазирлиги билан таққослаган сиёсатчилар қаторида Арканзас штатилик республикачи сенатор Том Коттон ҳам бор.

«Федерал ҳукумат Ҳақиқат вазирлигини яратишга ҳақли эмас. Маҳаллий хавфсизлик департаменти дезинформация кенгаши конституцияга зид, Америкага хос эмас ва мен бунга (улар) жавоб бериши учун қонун лойиҳасини киритаман», деб ёзади Коттон.

Калифорниядаги Республикачилар партиясидан Конгрессга номзод Эррол Уэббер Twitter’да шундай ёзди: «Адолф Ҳитлерда ҳақиқат вазирлиги бор эди, Жозеф Геббелсда ва Иосиф Сталинда ҳам. Энди Жозеф Байденда ҳам ҳақиқат вазирлиги бор».

Бу фикрни Жоржия штатидаги республикачи конгрессмен Эндрю Клайд ҳам тасдиқлади. «Байденнинг дистопик дезинформацияни бошқариш кенгаши жиддий хавфли ва мутлақо конституцияга зиддир. Мен Конгрессдан «Ҳақиқат вазирлиги»ни текширишни талаб қиламан – ҲОЗИР», деб ёзди Клайд ўз саҳифасида.

«Байден маъмурияти коммунизм томон яна бир қадам ташлади. «Ҳақиқат вазирлиги» сўз эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқимизни бузишдир», деб ёзди Нью-Йорк Республикачилар партияси матбуот котиби Элисе Стефаник Twitter’да.

Байденнинг «Ҳақиқат вазирилиги» ва Илон Маск

Дунёнинг биринчи рақамли бадавлат кишиси Илон Маск ўтган ҳафта Twitter’ни сотиб олганди. У ушбу ижтимоий тармоқни сўз эркинлигини мустаҳкамлаш учун сотиб олганини эълон қилди. Унинг Twitter билан режалари қаторида блокланган Доналд Трамп аккаунтини блокдан ечиш ва твитларни таҳрирлаш функциясини ишга тушириш ҳам бор эди. Байденнинг янги ташкил этилган «Ҳақиқат вазирлиги» айнан Илон Маск Twitter’ни сотиб олгани билан боғлиқлиги ҳақида кенг муҳокамалар бўлди.

Twitter фойдаланувчилари Байден Маскнинг ушбу тармоқни сотиб олганидан қўрқиб кетиб цензура қилувчи «Ҳақиқат вазирлиги»ни тузгани ҳақида ёзди. Яна бир фойдаланувчи «Илон Маск сўз эркинлигини сақлаб қолиш учун Twitter’ни сотиб олди ва бир неча кундан кейин президент Байден Ҳақиқат вазирлигини эълон қилди», – дея изоҳ қолдирди тармоқда.

Байден маъмуриятининг позицияси

Ички хавфсизлик департаменти (DHS) вакили Newsweek’ка янги бюронинг мақсадлари ҳақида маълумот берди.

«Хавфсизлик департаменти дезинформация бўйича ўз ишини бир неча йил олдин бошлаган. Департамент бу иш сўз эркинлиги ҳуқуқи бузилмаслигини таъминлаш ва шахсий ҳаёт, фуқаролик ҳуқуқ ва эркинликларини янада ҳимоя қилиш учун дезинформацияни бошқариш кенгашини тузди. Ушбу ҳимояни таъминлаш учун Кенгаш ички хавфсизликка таҳдид соладиган дезинформация билан боғлиқ департаментнинг ички фаолиятини мувофиқлаштиради», дея ҳукумат вакилининг сўзларини келтирди нашр.

«Ушбу асоссиз даъволар ҳақиқатан ҳам дезинформация тарқалиши демократиямиз келажаги учун қанчалик муҳимлигини таъкидлайди», деди бюрога раҳбар этиб тайинланган Нина Янкович (Унинг қандай қилиб кенгашга раҳбар бўлгани борасида ҳам жамоатчилик орасида муҳокамалар келиб чиқди.)

Ички хавфсизлик департаменти котиби Маёркас NBS телеканалига берган интервюсида кенгаш дезинформацияни «сўз эркинлиги ва фуқаролик ҳуқуқларини бузмайдиган тарзда» ҳал қилиш йўллари устида иш олиб боришини таъкидлади.

Мадина Очилова тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден Америкада «Ҳақиқат вазирлиги»ни тузиб танқидлар нишонига айланди