23:46 / 03.05.2022
1 577

Россия ҳукумати ахборот устидан тўлиқ назорат ўрнатди ва ҳарбий цензурани жорий қилди

Россия ҳукумати ахборот устидан тўлиқ назорат ўрнатди ва ҳарбий цензурани жорий қилди
Фото: «Росбалт»
Россия томонидан Украинада олиб борилган уруш матбуот эркинлиги учун ҳалокатли оқибатларга олиб келди. Бу ҳақда «Чегара билмас мухбирлар» (Reporterс Without Borders) халқаро нодавлат ташкилоти томонидан 2022 йил учун тузилган матбуот эркинлиги рейтинги ҳисоботида айтилади.

Ҳисоботга кўра, Украинада Россия босқинининг биринчи ойида камида беш нафар журналист ва ОАВ ходимлари ўққа тутилиб ҳалок бўлган. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, босиб олинган ҳудудларда Россия армияси «ахборот манбаларини атай нишонга олган ва маҳаллий ОАВни ҳамкорликка мажбурлашга уринган».

«Россиянинг ўзида ҳукумат ахборот устидан тўлиқ назорат ўрнатди, оммавий ҳарбий цензурани жорий қилди, ОАВни блоклаб қўйди ва итоат қилмаган журналистларни таъқиб қилиб, уларни оммавий эмиграцияга мажбур қилди. Бу ҳаракат 2021 йилда, ‘хорижий агентлар’ тўғрисидаги қонун қатъийлаштирилгач ва ҳозир қамоқда бўлган мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний жиноий жавобгарликка тортилганидан сўнг бошланган», — дейилади «Чегара билмас мухбирлар» ҳисоботида.

2022 йилда Россия ушбу рейтингда 155-ўринни эгаллаб, матбуот эркинлигининг «аҳволи жуда ёмон» бўлган 28 давлат рўйхатига кирди. Россиянинг умумий рўйхатдаги ўрнини аниқлашда ташкилот, бошқа нарсалар қатори, рус нашрлари ва журналистларини «хорижий агентлар» рўйхатига «ўзбошимчалик билан» киритиш таҳдидини ва Россия армияси ҳақида «фейклар» тўғрисидаги янги модда остида таъқиблар, шунингдек, Ғарб ижтимоий тармоқлари ва мустақил ОАВларнинг блокланишини ҳисобга олган.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти ҳар йили 180 мамлакатда оммавий ахборот воситалари ва интернетдаги сўз эркинлиги даражасини акс эттирувчи матбуот эркинлиги рейтингини тузади. 2022 йилги рўйхатда биринчи ўринни Норвегия, охирги ўринни Шимолий Корея эгаллади. Ўзбекистон ушбу рейтингида 24 поғонага юқорилаб, 133-ўринга чиқди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ҳукумати ахборот устидан тўлиқ назорат ўрнатди ва ҳарбий цензурани жорий қилди