20:50 / 05.05.2022
2 742

«Ўзим истамаган бундай донолик мени қаритиб қўйди» — Президент Владимир Зеленский

«Ўзим истамаган бундай донолик мени қаритиб қўйди» — Президент Владимир Зеленский
Фото: Жон Мур / Getty Images
Time журнали «Зеленский дунёсида» деб номланган катта мақола чоп этиб, 9 майда чиқадиган сонининг муқовасига Украина президентининг суратини жойлаштирди. Нашр мухбири Саймон Шустер апрель ойида Владимир Зеленскийнинг Киевдаги офисида икки ҳафта бўлиб, икки ойдан бери давом этаётган уруш Зеленскийнинг ҳаётини қандай ўзгартириб юборгани ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берди. Meduza ушбу мақоланинг асосий қисмларини эълон қилганди.

Урушнинг дастлабки соатлари ҳақида
Рус ҳарбийлари урушнинг дастлабки соатларида Киевнинг Банкова кўчасидаги «Учбурчак» номи билан машҳур ҳукумат округини эгаллаб олишга уринган. Зеленскийнинг айтишича, у ўша онларни «узуқ-юлуқ», бир-бирига боғлиқ бўлмаган тасвирлар ва товушлар тўплами даражасида эслайди, холос. Энг эсида қолгани — тонг отмасидан рафиқаси билан бирга 17 ёшли қизи ва тўққиз ёшли ўғлини уйғотиб, уларни эвакуацияга тайёрлашга боргани. «Шовқин кучли эди. У ерда портлаш бўлаётганди», — деб эслайди Зеленский.

Россиянинг зарба берувчи кучлари Киевга келиб, президент ва унинг оиласини қўлга олиш ва ўлдириш бўйича топшириқ олгани ҳақида ҳарбийлар Зеленскийга хабар қилади. «Ўша кечагача биз бундай нарсани фақат фильмларда кўрардик», — дейди Украина президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак. Ҳарбийлар кўчаларда жанг қилаётган бир пайтда президент қўриқчилари Зеленскийнинг қароргоҳини барча мавжуд воситалар билан шошилинч равишда ҳимоялаб қўяди. Бу истеҳкомдан кўра кўпроқ темир уюмини эслатарди. Зеленскийнинг кўплаб шериклари Банковага келади, баъзилари эса оиласини ҳам эргаштириб олганди. Президент ва унинг ёрдамчилари зирҳлар, ўточар қуроллар билан таъминланади.

Биринчи кеча рус ҳарбийлари мажмуага бостириб киришга икки марта уриниб кўрган. «У ер ҳақиқий жиннихона эди», — дейди президент девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович. Зеленскийнинг сўзларига кўра, ўшанда унинг рафиқаси ва фарзандлари ҳали ҳам Баноквада бўлган. Қўшма Штатлар ва Буюк Британия Зеленский ҳамда унинг жамоасини зудлик билан Польшага эвакуация қилиб, у ерда муҳожирликдаги ҳукуматни тузишни таклиф қилади.

Президент Америка томони билан кечган суҳбатда бунга жавобан кейинчалик бутун дунё газеталарида сарлавҳага айланган гапни айтади:
"Менга транспорт эмас, ўқ-дорилар керак".

Зеленскийга Киев ташқарисидаги, узоқ қамалга дош бера оладиган, хавфсиз бункерга кўчиб ўтишни ҳам таклиф қилишади. Аммо у рад этади. Бунинг ўрнига, босқиннинг иккинчи кечаси яқин атрофдаги кўчаларда жанглар давом этар экан, Зеленский ва унинг маслаҳатчилари Банкова кўчасига чиқиб, ижтимоий тармоқ учун видеомурожаат ёзади: "Барчамиз шу ердамиз. Мустақиллигимизни ва юртимизни ҳимоя қиламиз".

Президент девонининг уруш давридаги фаолияти ҳақида
Босқиннинг дастлабки ҳафталарида, рус артиллерияси Киевга яқинлашиб қолган вақтда, президент тонг отмасидан — тонгги бешларда — фронтдаги вазиятни билиш учун ҳарбий қўмондонликка қўнғироқ қилади. Россия қўшинлари Киев вилоятидан чиқиб кетганидан сўнг Зеленский нонушта қилишга улгуриши учун суҳбат бир неча соатга кечиктирилади.

Time нашрининг ёзишича, президентнинг Банкова кўчасидаги идорасида кўп нарса ўзгармаган: деразалар қум тўлдирилган қоплар билан тўсилган, мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган, электр қувватини тежай бошлашган. У ердагиларнинг барчасига қуролланган аскарлар ҳамроҳлик қила бошлаган. Ҳозирги маъмуриятга ёқмайдиган сохта тилла ва дабдабали жиҳозлардан иборат интерьерлар ўзгаришсиз қолган. «Бу ер портлатилса, ҳеч бўлмаганда мана шулардан қутуламиз», — дея ҳазиллашади президент ҳамроҳларидан бири.

Мажмуа атрофидаги кўчалар назорат-ўтказиш пунктлари ва баррикадалар лабиринтига айланган. Бу ерда фуқаролик машинаси билан юриб бўлмайди, қўриқчилар ташриф буюрувчилардан махфий сўзни — «Финжон шинавандаси» каби ҳар куни ўзгариб турувчи бемаъни жумлани сўрайди.

Зеленский жамоаси кўп вақтини Банкова яқинидаги яширин бункерда ўтказган. Бироқ рус қўшинлари чекинганидан сўнг офис ходимлари хавсизлик чораларини аста-секин юмшатиб, одатий иш ўрнига қайта бошлайди. Зеленский кўпинча «Фавқулодда вазиятлар хонаси»да ишлайди. Деворига катта экранлар илинган, деразаси йўқ бу хонада масофадан туриб тезкор йиғилишлар ўтказиш мумкин.

Виждон азоби ва бутун дунё диққат-эътибори ҳақида
Зеленский, одатига кўра, ўз бункерида ҳар кеча ётишдан аввал ортда қолган кун тартибига қарайди. Бирор муҳим нарсани ўтказиб юбормадимми, деб ўйлайди. У бу ҳақида шундай дейди:

"Бундан маъни йўқ. Кўриб турибман, режадаги ишларнинг ҳаммаси бажарилган. Лекин мен кўздан кечиришда давом этаман ва нимадир хато кетганини ҳис қиламан. Мени виждон азоби ўртайди".

Украинда портлашлар ва ҳарбий жиноятлар давом этаётган, тинч аҳоли эса ертўлаларда жон сақлаётган бир пайтда президент шунчаки кўзини юмиб, бир муддат мизғиб ололмайди. Зеленский шундай дейди:

"Украинадан ташқаридаги одамлар урушни ижтимоий тармоқлар орқали кузатмоқда. Кузатишдан безса, хабарларни эътиборсиз қолдиради".

Бу инсон табиатига хос нарса, даҳшат одамни бездиради. Зеленский дунё урушни қандай қабул қилаётгани ва одамлар эътибори сусайиб бораётганидан хавотирда. Энди унинг вазифаси дунё аҳлида Украинадги урушга нисбатан ҳамдардлик ҳиссини кучайтириш: бунга ўз қайғусидай қарасин.

Уруш ўчоқларига ташрифи ҳақида
Март бошида, Россия қўшинлари пойтахтни ўраб олишга уриниб, Киевни ўққа тутаётган бир пайтда, Зеленский ҳарбий ҳаракатлар кўламини баҳолаш учун икки дўсти ва бир гуруҳ соқчилар ҳамроҳлигида ўз қароргоҳини яширинча тарк этади. Президент Банковадан шимолдаги шаҳар чеккасида бўлиб, йўл бўйида портлатиб юборилган кўприк ва улкан кратерни кўради. Соқчилар Зеленский Россия позицияларига жуда яқин бориб қолгани учун «эсдан оғаётган» бир пайтда у текширув пунктида Украина ҳарбийлари билан суҳбатлашади.

Бир неча кундан сўнг, ёрдамчиларининг таъкидлашича, Зеленский «шўрва саёҳати»га чиқади. Киев чеккасидаги назорат-ўтказиш пунктида у аскарларга ҳар куни бир қозон иссиқ шўрва олиб келаётган одамни учратиб қолади. Улар рус снайперлари ва артиллериясига яқин масофада шўрва ичиб, нон еб, Совет Иттифоқи ҳақида, у парчаланганидан сўнг Россия қандай ўзгаргани ҳақида суҳбат қуради. Зеленскийнинг айтишича, бу суҳбат унда катта таассурот қолдирган. Ошпаз русларни кўришга кўзи йўқлигини айтиб, кейин багаждан совет қўшинларида хизмат қилгани учун берилган медалларини олади.

Урушнинг 40-кунида Зеленский журналистлар ҳамроҳлигида Буча шаҳрига боради, у ерда рус қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан сўнг ўнлаб тинч аҳолининг жасади топилган. Зеленский ва унинг жамоаси жиноят жойларини ўз кўзи билан кўрган вақтда улардаги даҳшат ғазабга айланади. Москва билан музокаралар олиб борган делегация раҳбари Давид Арахамия шундай дейди:

"Биз Россия билан барча тинчлик музокараларини бекор қилмоқчи эдик. Мен ҳатто уларнинг юзига қарай ҳам олмадим".

Зеленский нутқлари ҳақида

Владимир Зеленский Ирландия парламенти қаршисида масофадан туриб нутқ сўзламоқда. 2022 йил 6 апрель
Фото: Махwеlls / Reuters / Scanpix / LETA

Урушнинг биринчи ойида Зеленский, тахминан, кунига бир марта нутқ сўзлаган. У Европа Парламенти, Жаҳон банки ёки «Гремми» мукофотини топшириш маросими каби турли жойларда чиқишлар қилган. Ҳар бир нутқ маълум бир аудитория учун мўлжалланган. Бундан ташқари, Украина президенти ҳар кеча халққа мурожаат билан чиқади. Президент девонининг матбуот котиби Даря Заривная шундай дейди:

"Зеленский нутқларини ким тайёрлаб бериши ҳақида кўп сўрашади. Ҳаммасини ўзи бажаради. Ҳар битта гап устида ишлайди".

Зеленский хориж етакчилари билан кечган суҳбатларнинг деярли барчасида Украинага қурол-яроғ етказиб беришларини сўрайди. Баъзан у суҳбатдошларининг иккиланишига кескин муносабат билдиради. Масалан, у БМТ Хавфсизлик кенгашига ўз фаолиятини тўхтатиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилган, Германия президентидан эса Киевга келмасликни сўраган.

Зеленский ўзини ҳарбий стратег сифатида эмас, балки мулоқотчи, ўз халқининг омон қолиши учун курашувчи давлатнинг тирик тимсоли сифатида кўради. Унинг ёрдамчилари бу миссияни турлича баҳолайди. Ўзи ҳам собиқ театр актёри бўлган Алексей Арестович шундай муносабат билдиради:

"Баъзида у ролга кириб, президент ролини ўйнаётган актёр каби гапира бошлайди. Ўзини борича кўрсатган пайтлари эса ҳақгўй ва инсонпарвар одам сифатида кўпроқ таассурот қолдиради".

Донбасс учун кечаётган жанг ҳақида
Урушнинг 55-кунида Россия Украина шарқидаги жанговар ҳаракатларнинг иккинчи босқичига ўтиб, Донбасс учун жанг қила бошлагани ҳақида Зеленский баёнот берди. Президент у ерда икки томон қўшинларидан бири тор-мор қилиниши мумкинлигига ишонади. У 19 апрель куни Time мухбирига шундай деди: "Бу кенг миқёсдаги жанг бўлади, Украина ҳудудида ҳали бу даражада катта урушни кўрмадик. Агар туриб бера олсак, бу биз учун ҳал қилувчи дақиқа бўлади".

Уруш Зеленскийни қандай ўзгартиргани ҳақида
Зеленский Time мухбирига ўз иқрорларини билдирди: "Мен янада улғайдим, бундай донолик мени қаритиб қўйди. Қурбонлар сони, рус аскарлари қўллаётган қийноқлар ҳақида маълумотлар. Шундай донолик бу. Тўғриси, бундай нарсаларни билишни ҳеч қачон истамагандим".

Зеленский ҳозир урушни кузатиб, Украина президентлигига номзодини қўйиш учун актёрликни тарк этганидан афсусдами, деган саволга у: «Заррача афсусда эмасман», — деб жавоб берди. У уруш қандай тугашини, ўзининг тарихдаги ўрни қандай бўлишини билмайди. Бироқ у Украинага уруш давридаги президент кераклигини билади ва бу ролни ўйнашга тайёр. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Ўзим истамаган бундай донолик мени қаритиб қўйди» — Президент Владимир Зеленский