13:38 / 09.05.2022
1 914

Донбасс учун жанг нега секин кечмоқда?

Донбасс учун жанг нега секин кечмоқда?
Фото: Reuters
АҚШ Конгресси Украина учун ленд-лиз дастурини қабул қилди, унга кўра, Киев яқин ойларда 20 миллиард долларлик ҳарбий техникаларни қабул қилиб олиши мумкин. Назарий жиҳатдан бундай техникаларни қабул қилиб, ўзлаштириб ва бу орқали жанговар тузилма шакллантирган ҳолда Украина нафақат муваффақиятли қаршиликка, балки Россияни мағлуб этишга ҳам умид қилиши мумкин. Аммо ҳозирча Россия армияси ҳужум қилиш учун кўпроқ имкониятларга эга: улар ўт очиш кучи борасида яққол устунлик қилади. Аммо вақт (айниқса ленд-лиз туфайли) Россия қўмондонлиги зарарига ўйнаётган бўлса-да, россияликларнинг юриши ҳаддан ташқари секин кечмоқда.

Донбассда сўнгги кунларда нималар бўлди?

Қисқача жавоб


Жанглар сезиларли илгарилашларсиз бир-бирининг объектларини артиллерия зарбалари билан йўқ қилиш йўсинида кечмоқда. Россия армияси разведка ва нишонни белгилаш воситалари бўйича (айниқса учувчисиз тизимларда) устунликка эга эмаслиги ва Украина артиллериясини яксон этолмаслиги кўриниб қолмоқда. Ўз навбатида украинлар армияси ҳозирча ўқ отиш воситалари етарли эмаслиги туфайли россияликлар артиллериясини яксон этолмайди. Аммо икки армия ҳам разведка учун дронларни ишга солган ҳолда рақиб позициялари ва илгарилаётган қисмларига артиллерия орқали аниқ зарбалар йўллаши мумкин.

Батафсил

Март ойи охирида россияликлар Киев атрофидан чекингач, қўмондонлик разведка ва нишонни белгилаш билан боғлиқ муаммоларни қисман ҳал қила олди: Донбассда россиялик ҳарбийлар артиллерия ва авиациядан кенг фойдаланишга асосланган тартибли ҳужумлар олиб боришмоқда.

Изюмдан жанубда Шимолий Дон дарёси бўйидаги плацдармга янги қўшимча кучлар, хусусан аввал Киевдан ғарбдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган десант қисмлари ва пойтахтдан шарқда жанг қилган танк бўлинмалари ташланган. Ушбу йирик гуруҳ таъминоти йўлга қўйилган (мартда Киев остонасида бу борада жиддий камчиликлар кузатилганди).

Киев атрофидаги жанглардан фарқли ўлароқ, россияликлар қўмондонлиги флангларга катта эътибор қаратмоқда: плацдармдан Славянск ва Барвенковога ҳужум қилиш баробарида Шимолий Доннинг иккинчи соҳилида Лиман ва Ямпол йўналишида кучли зарба берилди. Бу ерда украинлар мудофааси ёриб ўтилиб, россиялик ҳарбийлар амалда Славянскдан шарқда Шимолий Дон бўйига чиқишди. Бошқа томондан, Ғарбдаги флангда россиялик ҳарбийлар Барвенково йўналишида илгариламоқда. Бутун ҳужумнинг эҳтимолий мақсади — Славянск ва Краматорскка (бу ҳудудда украинларнинг Донбассдаги йирик гуруҳи штаби жойлашган) уч томондан - ғарб, шимол ва шарқдан чиқиб, жанубга ҳужумни давом эттириш учун бу гуруҳни Украинанинг қолган қисмидан узиб қўйиш.

Донецк ва Запорожье областлари чегарасида (Шимолий Дондаги плацдармдан 120–130 километр жанубда) «Азовстал» қамали «бекор қилингач» Мариуполдан олиб чиқилган кучлар билан тўлдирилган қўшинлар ҳужум қилиши кўзда тутилган. Апрел ойида бу қўшин Гуляйпол (Запорожье областидаги шаҳар) ва Великая Новоселка (Донецк областидаги посёлка) ўртасида бир неча километр босиб ўтди. Шундан кейин бу юриш тўхтаб қолган.

Бу натижаларнинг барини локал ютуқлар деб аташ мумкин. Ҳал қилувчи мақсадга эришиш — Донбассдаги бутун гуруҳни ёки ҳатто унинг алоҳида бир қисмини қуршовга олишдан — Россия армияси ҳали анча узоқда. Ҳар кунлик юришлар ўртача бир-икки километрни ташкил этмоқда, айрим участкаларда эса умуман илгарилаш кузатилмаяпти. Масалан, украин ҳарбийлари йиллар мобайнида мудофаага тайёрланган Донецк атрофида шундай.

Фронтдан келаётган хабарлар ва видеоларга асосланиб айтиш мумкинки, ҳарбий ҳаракатлар асосан танкка қарши воситалар (жумладан икки ва ундан ортиқ километрдаги нишонни урувчи ракеталар) билан қуролланган украин отрядлари жойлашган кичик қишлоқлар ва ўрмонзорлар учун кечмоқда. Украина артиллерияси дронларнинг разведка маълумотлари асосида мудофаа ичкарисидан туриб бостириб келаётган россиялик ҳарбийларни ўққа тутмоқда. Россия артиллерияси ҳам дронлар ва қуруқликдаги разведкачиларнинг нишонни кўрсатиши орқали украинларнинг қишлоқлар ва ўрмонлардаги позицияларига зарба бермоқда. Россиялик ҳарбийлар танкка қарши ракеталар ва рақибнинг артиллерия зарбалари туфайли йўқотишларга учраётганига қарамай, артиллерия ва авиация воситаларидаги устунлик эвазига барибир бир неча кунда бир неча километр босиб ўтмоқда ва украин ҳарбийларининг олдиндаги позицияларини эгалламоқда. Кейин шу вазият кейинги қишлоқ ёки кейинги ўрмонзорларда такрорланмоқда.

Украинларнинг сўнгги ҳафталардаги ҳужумлари эътиборни чалғитувчи характер касб этмоқда (ҳужумлар россиялик ҳарбийлар ҳужум қилишга ҳаракат қилмаётган ҳудудларда амалга оширилмоқда, масалан Харков атрофида). Россия артиллерияси зарбаларига қарамай, украинлар қарши ҳужумларда муваффақиятга эришмоқда ва қишлоқларни эгаллаб, россиялик ҳарбийларни асир олишмоқда.

Нега томонларнинг бири тез ва ҳал қилувчи мақсадлар билан ҳужумга ўта олмайди?

Катта эҳтимол билан, урушнинг бу босқичида томонлар тезлик билан илгарилаш шунчаки имконсиз бўлган ўзига хос позицион инқирозга дуч келишди. Бу бир жиҳатдан Биринчи жаҳон уруши вақтида Ғарбий фронтда юзага келган позицион турғунликни эслатади. Ўшанда урушувчи томонлар ўз тактик муваффақиятларидан фойдалана олмаган — душманнинг биринчи ёки ҳатто иккинчи қатор хандақлари эгалланса-да, бу муваффақият душманнинг артиллерия зарбалари ёки қўшимча кучлари етиб келиши билан тезда йўққа чиққан. Тактик муваффақиятни бутун амалиёт учун аҳамиятли ютуққа айлантириш учун ёриб кирилган позицияларга ўз захиралари ва артиллериясини рақибникидан илгарироқ олиб боришнинг имкони бўлмаган.

Ҳозирги уруш юз йил олдингисидан анча кичик армиялар иштирокида кечаётгани билан ҳам тубдан фарқ қилади: миллионлаб эмас, ўн минглаб ҳарбийлар, минглаб километрлик фронт чизиғидаги юзлаб оғир қуроллар ўрнига юз километрлик фронтда ўнлаб қуроллар. Инсон бўйи баландлигидан чуқурроқ хандақлар қатори йўқ (Донецк атрофидаги энг мустаҳкамланган фронтда ҳам бундай истеҳкомлар озгина). Назарий жиҳатдан қўшинлар тиғиз жойлашмагани ҳар куни ўнлаб километр масофага ёриб киришга қаратилган манёврлар қилиш учун қулайлик туғдиради.

Аммо фақат урушнинг илк кунларидагина ҳарбий ҳаракатлар шундай тус олганди, ўшанда россиялик ҳарбийлар Украина жанубида ва ҳатто Киев йўналишида ҳам уюшган қаршиликка учрамай, тез фурсатда ўнлаб километрларни босиб ўтганди. Катта эҳтимол билан бу қўққисдан ҳужум қилингани билан боғлиқ эди: Украина ҳукумати уруш бошлангунига қадар унинг бўлишига ишонмаган ва Россия армияси қандай йўналишларда ва қандай кучлар билан юриш қилишидан бехабар эди. Аммо украин бригадалари Николаев, Чернигов, Киев ва Запорожье йўналишларида бостириб келаётган россиялик ҳарбийларни қарши ола бошлагач — Россия қўшинлари юриши кунига бир километрдан ошмай қолди.

Бу ўз навбатида, разведка ва нишонни белгилаш воситалари (биринчи навбатда дронлар) кичик армиялар урушини ҳам позицион инқирозга олиб келиши мумкинлигини кўрсатади. Ҳужум қилаётган томон танкларга қарши кучли воситалар (ракеталар) билан таъминланган пиёдалар мудофааси билан тўқнашгач, тўхташга ва ўз артиллериясини ўқ очиш позициясига жойлаштириш билан машғул бўлишга мажбур бўлади. Рақиб эса дронлар ёрдамида ҳужум қилаётган томоннинг позицияларини белгилайди ва артиллерия зарбалари йўллайди. Бундай тактикадан (кўпинча душман ҳужумларини кескин секинлаштириш ва юришни тўхтатиш кўринишида оператив муваффақият келтиради) икки томон ҳам фойдаланмоқда.

Британиядаги мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI)нинг ҳозирги уруш табиатини ўрганиш мақсадида украин ҳарбий қўмондонлиги билан гаплашган мутахассислари яқинда эълон қилган ҳисоботда ракеталар (танкка қарши воситалар) россияликларнинг юришини фақат секинлаштириб бериши ҳақида хулоса берилган. Россия қўшинларига энг жиддий зарбани эса дронлар воситасида нишонга аниқ зарбалар йўллаётган артиллерия бермоқда.

Шу билан бирга бу турғунликнинг ягона сабаби эмас. Икки армия ҳам сон жиҳатдан қарийб тенглиги ҳам аҳамиятга эга. Умумий сафарбарликдан кейин Украина кучлари сон жиҳатдан айни вақтда мамлакат ҳудудида бўлиб турган россиялик ҳарбийлардан кўпроқ ҳам, аммо янги чақирилган украинларнинг катта қисмидан ҳали фронтга жўнатилмаган янги бригадаларни шакллантириш учун фойдаланилмоқда. Европа ва Америкадан бу қисмлар учун қуроллар эндигина етиб келмоқда.

Дронларнинг бу урушдаги ўрни қандай?

Россия армияси (ДХР ва ЛХР кучларини ҳисобга олмаганда) разведка ва артиллерияга нишонларни белгилаб бериш учун штатдаги дронлардан фойдаланмоқда. Булар асосан «Орлан-10» русумли учувчисиз учар қурилмалардир. Бу аппаратлар лазерли ёритиш орқали нишонга йўналтириладиган юқори аниқликдаги «Краснополь» снарядлари отувчи гаубицалар учун ҳам нишонни белгилаб беришга қодир. Дронлар роталари дивизиялар ва бригадалар қўмондонлигига бўйсунади ва марказлаштирилган ҳолда қўлланади. Шу билан бирга, фронтда мустақил ҳаракатланувчи кўплаб бўлинмалар ҳавода оператив разведка ўтказа олмайди ва эски усулда қуруқликдаги разведкага таянишга мажбур.

Фото: ТАСС
Украина қўмондонлиги эса дронлардан фойдаланишга янада мослашувчан ёндашади: Донбассда ротация бўйича хизмат қилган қўшинлар ўз дронларига эга. Уларда бошқалари қатори Хитойнинг DJI компанияси ишлаб чиқарган фуқаролик дронлари ҳам бор. Донбассдаги урушда тажриба тўплаган дрон операторлари тезда ўз артиллерияси учун нишон белгилаб бера олади. ДХР ва ЛХР кучлари ҳам кичикроқ кўламда бўлса-да, тижорий дронлар қўллайди. Шу билан бирга DJI компанияси 2022 йил апрелида ўз дронларини расмий равишда Украина ва Россияга етказиб беришни тўхтатди.

Катта эҳтимол билан россияликларнинг бу курашда барча жойда ва ҳамиша ҳам украинлар дронларига қарши тура олмаслиги — украинлар бу воситалардан оммавий равишда ва марказлашмаган ҳолда фойдаланиши оқибатидир.

Туркларнинг (ва Украина ўзи лицензия асосида ишлаб чиқарган) «Байрактар»лари эса, аксинча, марказлашган ҳолда қўлланади, зарба беришдан кўра, разведка мақсадларида. Президент Володимир Зеленский «Байрактар»лар уруш боришига ҳал қилувчи таъсир кўрсатмаслигини айтган. Катта эҳтимол билан у бу дронларнинг зарба бериш қобилиятидан келиб чиқиб шундай деган, аммо разведка учун яхши ҳимоя тизимига эга бўлган шундай дронлар қўлланади. Хусусан, россияликларнинг 10 дан ортиқ вертолётлари йўқ қилинган Херсон яқинидаги Чернобаевка аэродромига айнан «Байрактар»лар 40 километр масофадан туриб нишонларни белгилаб берганди.

Россиянинг юриши секинлашганига қараб айтиш мумкинки, украинлар армияси артиллерия сонидаги фарқни уларни аниқ нишонга олиб берувчи воситалардан оқилона фойдаланиш орқали йўққа чиқармоқда.

Урушувчи томонлар нима учун рақибнинг артиллериясини яксон қила олмайди?

Гап шундаки, икки томоннинг артиллерияси ҳам уларнинг тузилмалари ичкарисида жойлашган: Украинада етарли воситалар деярли йўқ, Россияда бундай воситалар бор — бу авиация, аммо ундан эркин фойдаланиш имкони йўқ.

Икки томон ҳам рақибнинг артиллерия тизимларига зарба берилаётгани ва яксон қилинаётганига оид видеоларни эълон қилиб келмоқда. Аммо, артиллерия икки томонда ҳам уруш олиб боришнинг асосий инструменти бўлиб қолаётганига қараганда, бундай зарбаларнинг ҳақиқий таъсири у қадар катта эмас. Россия армияси ҳамон авиациядан фойдаланмоқда, аммо украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан хавф сақланиб қолаётган шароитда, самолётлар рақиб фронти ортига деярли ўтмаяпти.

Бундай шароитда томонлар артиллерияни бостириш учун батареяларга қарши кураш (артиллерия дуэллари) олиб боришади, аммо бунда уларнинг имкониятлари чегараланган: душман батарея қисмларига зарба бериш учун ўз артиллериясини олдинги чизиққа олиб келиш (бу ҳолда бу артиллериянинг ўзи ҳам яксон бўлиши хавфи юқори) ёки янада узоқ масофага ўқ отувчи кўплаб оғир қуролларга эга бўлиш керак бўлади.

Агар россияликлар армияси авиациядан кенгроқ фойдалана бошласа, вазият ўзгариши мумкин. Ўз навбатида, Украина томони Америка ва Европа ишлаб чиқарувчиларидан узоқ масофага отувчи гаубицалар ва камикадзе-дронларни қабул қилиб олиши ҳам кучлар нисбатини ўзгартиради. Шунингдек, Россия қўмондонлиги яқин вақтлар ичида (украинлар янги техникаларни олишга улгурмасидан) ҳужумни тезлаштириши ёки Ғарб техникалари фронтга етказилишини тўхтатишга уриниши мумкин. Аммо бу ҳолатда ҳам руслар самолётларини украинлар фронти ичкарисига юборишига тўғри келади. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Донбасс учун жанг нега секин кечмоқда?