20:34 / 09.05.2022
1 823

«Азовстал» ҳимоячилари таслим бўлмоқчи эмас, Зеленский Мариуполни ҳарбий йўл билан қайтаришнинг имкони йўқлигини айтди

«Азовстал» ҳимоячилари таслим бўлмоқчи эмас, Зеленский Мариуполни ҳарбий йўл билан қайтаришнинг имкони йўқлигини айтди
AP / Scanpix / LETA
«Азовстал» заводи ҳимоячилари Украинадаги расмийларни Мариупол мудофаасини ташкил эта олмасликда айблади ва «Азов» полки ҳарбийлари учун россияликларга асирга тушиш ўлим билан баробар эканини айтишди.

«Азов» полки жангчилари Мариуполда россиялик ҳарбийлар томонидан ўраб олинган «Азовстал» заводидан туриб «Громадське» нашри жонли эфирида видеоалоқа орқали матбуот анжумани ўтказди. Унда «Азов» полки командири ўринбосари Святослав Паламар ва разведка бошқармаси офицери Илья Самойленко иштирок этди.

Украина ҳарбийлари Мариупол мудофааси вақтида россиялик ҳарбийлардан 2,5 мингдан ортиғи ўлдирилгани ва 5 минг нафари яралангани ҳақида маълум қилишди. Улар шунингдек душманнинг 60 дан ортиқ танки йўқ қилингани, 30 таси шикастланганини тасдиқлашган.

«Бу душманнинг бутун мамлакатдаги йўқотишларининг 10 фоизидан кўпроқ. РФ йўллаган зарбаларнинг 50 фоизи Мариуполга тўғри келади. Кунига 150 та зарба. Ва бизни қўллаб-қувватлашмаяпти. Ҳаводан ҳам, қуруқликдан ҳам, артиллерия орқали ҳам», деган Паламар.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир ҳам «Азовстал» интенсив равишда ўққа тутилмоқда. «Ўтган туннинг ўзида 25 дан ортиқ парвоз амалга оширилганини санадик, жумладан стратегик бомбардимончи самолёт ҳам», деган у.

Паламар душман артиллерия, танклар, миномётлардан ўқ узаётгани, босқинчиларнинг пиёдалари завод ҳудудини штурм қилаётгани, шунингдек мерганлар ишлаётганини айтиб ўтган.

Киевдан норозилик

«Азов» полки командири Святослав Паламар ва разведка офицери Илья Самойленко
«Азов» жангчилари Украинанинг кўплаб расмийлари саккиз йил мобайнида мамлакат мудофааси масалаларини саботаж қилиб келганини ҳам айтишган.

«Мариупол қамали 2,5 ойдан буён давом этмоқда. Тарихда бунча кўп аскар, бунча кўп тинч аҳоли ҳалок бўлган бундай қамал бўлмаган. 25 минг фуқаро Россия армияси томонидан ўлдирилди. Аммо биз ҳарбийлармиз, мамлакатимизни, давлатимизни ҳимоя қилиш маънавий бурчимиз», деган разведка бошқармаси офицери Илья Самойленко.

Унинг сўзларига кўра, ҳеч ким жангчилар бу қадар узоқ қаршилик кўрсатишини кутмаган.

«Чунки ҳукуматимиз Мариуполни ҳимоя қила олмади, шаҳар мудофаасини тайёрлай олмади. Бизни қаҳрамонлар дейишмоқда, биздан ҳайратланишмоқда, аммо қаҳрамонлик режалаштириш ва ташкилий ишлар барбод бўлганида юзага келади. Кўп одамларимиз Украина ҳимояси учун жонини беришди. Биз Мариуполдан кетишимиз мумкин эди, чунки биз вазият оғирлашаётганини кўриб тургандик, аммо шаҳар мудофааси учун қолишга қарор қилдик ва бизда шаҳарни ҳимоя қилиш тўғрисидаги буйруқ ҳам бор эди.

Бу уруш 24 феврал куни бошланмаган, биз бу ҳақда доим айтиб келардик. Бизнинг тайёргарлик кўришимизга расмий шахслар томонидан зимдан қаршилик кўрсатиб келинди. Биз Россия билан катта уруш бошланишини билардик. Биз имкон қадар тайёргарлик кўрдик - профессионал машғулотлар [ўтказдик], амуниция [йиғдик]. Биз бирорта «Жавелин», бирорта янги қурол, янги транспорт воситалари олмадик. Ҳеч қандай қўллаб-қувватлов бўлмади. Биз ёлғиз қолдик. Биз саккиз йил мобайнида ёлғиз қолдирилдик. Ҳеч ким бу қадар узоқ вақт қаршилик қилишимизни кутмаганди
», деди Самойленко.

«Азовстал»даги тинч аҳоли вакиллари ҳақида
Ҳарбийлар Мариуполдан тинч аҳоли эвакуацияси бўйича олиб борилган ишларга ҳам тўхталган. Уларнинг сўзларига кўра, «Азовстал» ҳудудида бир неча минг тинч аҳоли вакиллари бўлган.

«Азовстал»дан тинч аҳоли вакиллари эвакуацияси БМТ ва Қизил Хоч билан келишилган ҳолда амалга оширилди
«Фуқаролар шаҳардан қочишди ва заводдан бошпана топишди, улар бир неча минг киши эди. Шаҳарда уруш кетмаётган маҳалда улар чиқишга муваффақ бўлишди. Айрим одамлар шунчалар қўрқиб кетгандики, уларни бункердан чиқишга мажбурлашга тўғри келди», дейди полк вакили.

Ҳарбийлар ўзлари билан оддий фуқаролар бўлиши ноқулайликлар туғдириши, одамларни имкон қадар ҳарбий ҳаракатлар ва блокпостлардан нарироқ тутишга ҳаракат қилишгани ҳақида гапиришган.

«2,5 ой мобайнида биз бутун дунёдан тинч аҳолини эвакуация қилишни сўрадик. Ҳозирга келиб бир неча юз киши олиб чиқилди. Яна кўплаб фуқаролар РФ назоратидаги ва умуман РФ ҳудудига эвакуация қилинган», деди «Азов» полки командири ўринбосари Святослав Паламар.

Украина ҳукумати ўтган ҳафта давомида БМТ ва Қизил Хоч жамияти саъй-ҳаракатлари билан «Азовстал» ҳудудида яширинган аҳоли эвакуацияси муваффақиятли амалга оширилганини маълум қилди.

Володимир Зеленскийнинг ўзи аёллар, болалар ва кекса ёшлилардан иборат бўлган 300 киши эвакуация қилингани ҳақида маълумот берган. Эндиликда завод ҳудудидаги ярадорлар ва тиббиёт ходимларини эвакуация қилиш учун иш олиб борилаётгани айтилган.

«Таслим бўлиш биз учун вариант эмас»
«Азов» жангчилари уларни нима кутаётгани ҳақида гапиришган.

«Биз барчамиз, Мариупол гарнизони ҳарбий контингенти Россия томонидан содир этилган ҳарбий жиноятларга шоҳидмиз. Асирликка тушиш - чиқиш йўли эмас, чунки Россия биз тирик қолишимиздан манфаатдор эмас. Биз тирик эканмиз, курашишда давом этамиз», деган капитан Святослав Паламар ва яна бир бор ярадорларни олиб кетишда халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраган.

«Эътиборингизни бир нарсага қаратишни истардим: сиёсатчилар ҳозир бу варварлар - Россия армияси билан келишишга уринмоқда. Бу одамлар Украинада нималар қилаётганини унутишди, улар яксон этиш учун келганини унутишди. Бизнинг бош мақсадимиз - таҳдидни йўқ қилиш. Мана шунинг учун бизга бутун дунёдан, эркин дунёдан ёрдам зарур. Чунки биз ҳозирда уни ҳам ҳимоя қилмоқдамиз. Биз эркин дунё учун курашмоқдамиз. Чунки россияликларнинг иштаҳаси энди очилмоқда, агар улар биздан, Украина мудофаасидан ўтишса, кейин Польшага, Болтиқбўйи давлатларига ҳам ўтишади, эҳтимол - ундан ҳам нарига», деган Самойленко.

У «Азов» полки жангчилари учун асир тушиш - ўлимни англатишини айтиб ўтган.

«Бизда душман ўзини ноинсоний тутаётгани ва барча қонунлар ва уруш қоидаларини бузаётганига оид аниқ далиллар бор», дея қайд этган Самойленко. У россиялик ҳарбийлар асир тушган «Азов» жангчилари ўлдирилганига оид хабарни эслатган.

36-бригада командири шаҳарни ташлаб қочишга уринишда айбланди
«Азов» вакили Илья Самойленко денгиз пиёдалари 36-бригадаси командири Владимир Баранюкни қамалдаги Мариуполдан қочишга уринишда айблади.

36-бригада командири полковник Владимир Баранюк ва штаб бошлиғи полковник Дмитрий Кормянков апрел ойида Ильич номидаги «Азовмаш» заводидан қамални ёриб ўтишга уриниш чоғида асир тушган.
Самойленко 36-бригада командири буйруқни бажаришдан бош тортиб, Украина армияси позицияларига етиб олиш учун ҳарбийларнинг кичик гуруҳи билан қамални ёриб ўтишга урингани ҳақида гапирган.

«Кимдир қўрқоқ каби қочишга уриниши мумкин. Ўз бурчи ва қасамёди ҳақидамас, фақат ўз жони ҳақида ўйлаб. 36-бригада командири билан айнан шундай бўлди. У буйруқдан бўйин товлаб, кичик гуруҳ билан шаҳардан қочишга уринди», деган у ва Баранюк каби иш тутиш «катта шармандалик» эканини таъкидлаган.

У Мариуполдаги ҳарбийлар Украина армияси позициясидан 100 км масофада экани, шу туфайли уларга етиб бориш имконсиз эканини қайд этган.

«Азов» полки командири Денис Прокопенко агар денгиз пиёдаларининг 36-бригадаси командири Владимир Баранюк Ильич заводидан чиқиб, қамални ёриб ўтишга қарор қилмаганида украин ҳарбийлари яна узоқ вақт давомида Мариупол шаҳрининг ўнг соҳилини тутиб турган бўлиши мумкинлигини айтди.

«Бу 36-бригада командири полковник Баранюкнинг қарори эди ёки уни раҳбариятдагилардан кимдир шунга ундаган, буниси менга қоронғи. Аммо нима бўлганда ҳам бу қарор мантиқсиз эди, Ильич заводида яна узоқ вақт мудофааланиб туриш мумкин эди, аммо негадир шундай қарор қабул қилинди», деган Прокопенко.

Баранюк ҳозирда Россия асирлигида. Россия нашрларига берган интервьюсида у ўқ-дори тугагани учун қамални ёриб ўтишга қарор қилганини айтган.

«Азов» полки командири Денис Прокопенко ва 13 апрелдан денгиз пиёдалари бригадаси командири в.б майор Сергей Волин.
Шу куни «Азов» полки командири «Украинская правда» нашрига интервью берди.

Унинг интервьюсидан асосий гаплар:
  • «Азовстал»даги вазият ҳаддан ташқари оғир. Қонли тўқнашувлар давом этмоқда. Душман завод ҳудудига бостириб кирган.
  • Биз Украинадаги вазиятни ўзгартириш учун катта ҳисса қўшдик ва бошқа йўналишларга босим заифлашиши учун рақиб кучларининг катта қисмини ўзимизга жалб қилдик.
  • Агар барча шаҳарлар - Геническ, Мелитопол ва Бердянск ҳам душман билан жанг қилганида — у тўрт кун ичида Мариуполга етиб келолмасди.
  • Душманни Қримдан кирганидаёқ Геническда яксон этиш зарур эди. Бу ерда улар манёвр қилиши чекланганди, негадир бундай қилинмади.
  • Биз ҳеч қанақасига заводда тинч аҳоли вакилларини тутиб турмадик. Одамларнинг кўпчилиги шунчаки ташқарига чиқишга қўрқарди. Ҳозирда заводдаги барча тинч аҳоли вакиллари эвакуация қилинган.

Мариупол қамалини ҳарбий йўл билан ечиш имконсиз
Украина президенти Володимир Зеленский айни вақтда Мариупол шаҳри қамалини ҳарбий йўл орқали бекор қилиш имконсизлиги ҳақида гапирди.

«Украинада бундай оғир қуроллар йўқ. Бу шунчаки гап эмас, армиямиз раҳбариятининг хулосаси», — деган Зеленский Канада бош вазири Жастин Трюдо билан қўшма матбуот анжуманида.

«Суспильне» нашри хабар беришича, Зеленский ҳозирда Украинада фақат дипломатик чоралар имконияти борлигини айтган. У айнан дипломатик йўл орқали «Азовстал» заводи ҳудудидан тинч аҳоли вакиллари олиб чиқилганини таъкидлаган.

«Ҳарбийларга келадиган бўлсак. Россия ҳарбийлари, Россия армияси, армия раҳбарияти ва РФ сиёсий раҳбарияти бизнинг ҳарбийларни қўйиб юборишни истамаяпти», — деган Украина президенти ва бу борадаги музокараларга бир неча давлатлар, шунингдек БМТ ва Қизил Хоч халқаро қўмитаси вакиллари жалб этилганини қўшимча қилган.

«Россия фақат асирликка тушган ҳарбийларни асирларга алмаштиради. Вазият шундай. Бу РФнинг жавоби. Бошқача жавоб йўқ», — деган у. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Азовстал» ҳимоячилари таслим бўлмоқчи эмас, Зеленский Мариуполни ҳарбий йўл билан қайтаришнинг имкони йўқлигини айтди