12:43 / 10.05.2022
1 006

Байден ленд-лиз дастури билан Украинага қурол бериш тўғрисидаги қонунни имзолади

Байден ленд-лиз дастури билан Украинага қурол бериш тўғрисидаги қонунни имзолади
Фото: Reuters
АҚШ президенти Жо Байден Украинага ленд-лиз дастури бўйича ҳарбий ёрдам жўнатиш ҳақидаги қонунни имзолади, деб хабар берди Оқ уй матбуот котиби ёрдамчиси Анжела Перес ўзининг Twitter саҳифасида.

Ленд-лиз — дастур, унга кўра, Қўшма Штатлар Иккинчи Жаҳон уруши пайтида иттифоқчиларга ҳарбий техника ва жиҳозларни узоқ муддатли ижарага ёки қарзга берган. 1941 йилнинг мартидан 1945 йилнинг августигача АҚШ иттифоқчиларга умумий қиймати 50 миллиард доллардан ортиқ ленд-лиз ёрдамини ўтказган, шундан 11 миллиард долларга яқини СССРга тўғри келади.

Украинага ленд-лиз дастури бўйича ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Россиянинг Украинага босқини бошланишидан аввал, январь ойи охирида АҚШ Сенатига киритилган эди. Қонун АҚШ президентига «Украина аҳолисини Россия ҳарбий босқинидан ҳимоя қилиш ва бошқа мақсадлар учун» қурол-яроғ етказиб бериш бўйича Киев билан келишувлар тузишда кенгайтирилган ваколатларни беради. Умуман олганда, ҳужжат мамлакатга ҳарбий ёрдам етказишни тезлаштиради ва соддалаштиради.

АҚШ президентининг кенгайтирилган ваколатлари уруш тугаганда, шунингдек, Украина билан чегаралар яқинида Россия қўшинларининг сони 2021 йилнинг мартигача бўлган ҳолатга қисқарганда тугатилади.

АҚШ Конгресси Сенати қонун лойиҳасини апрель ойи бошида, Вакиллар палатаси эса апрель охирида маъқуллаган. Шундан сўнг қонун лойиҳаси Байденга имзолаш учун тақдим этилди.

Россия Давлат Думасининг спикери Вячеслав Володин ленд-лиз дастури Украинани қарзга олиб келишини айтди. «Ленд-лиз — бу товар кредити ва у арзон эмас: Қўшма Штатлар етказиб берадиган барча ўқ-дорилар, жиҳозлар ва озиқ-овқатнинг ҳақини Украина фуқароларининг келажак авлодлари тўлайди. Зеленский мамлакатни қарзга ботирмоқда», — деди у.

Апрель ойи охирида Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки АҚШ Конгресси Украинага ёрдам бериш учун ажратган 3,5 миллиард доллардан 250 миллион доллар қолганини айтган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден ленд-лиз дастури билан Украинага қурол бериш тўғрисидаги қонунни имзолади