23:09 / 10.05.2022
3 197

Россия қўшини Попаснаяни эгаллади. Бу фронтда нимани ўзгартиради?

Россия қўшини Попаснаяни эгаллади. Бу фронтда нимани ўзгартиради?
Фото: Meduza
Украина ҳарбийлари Луганск областидаги Попасная шаҳридан чекинишди, област ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай шаҳар россиялик ҳарбийлар назоратига ўтганини маълум қилган. Попасная учун жанглар икки ойдан ошиқ вақт давом этди. Бу шаҳарнинг бой берилиши Украина армияси учун нимаси билан хавфли?

«У ерда ҳаммаси ер билан битта бўлган. Шунинг учун бизникилар олдиндан тайёрлаб қўйилган нисбатан мустаҳкам позицияга ўтишди», деган Гайдай.

Украина президенти Володимир Зеленский 8 май куни эълон қилинган видеомурожаатида Попаснаяни Чехияда нацистлар томонидан вайрон қилинган Лидице қишлоғи билан таққослаган ва шаҳарнинг «кули кўкка совурилгани»ни айтган.

Бир неча кун олдинроқ интернетда россияликлар ҳарбий дрони томонидан олинган тасвирлар пайдо бўлганди. Бу видеода бирорта бутун қолган бино кўринмайди.

Попасая учун жанглар

Попасная - Луганск области ғарбидаги кичиккина шаҳар бўлиб, урушдан олдин бу ерда 20 минг атрофида одам яшаган. 2014 йили Донбассдаги қуролли низо чоғида шаҳар қўлдан қўлга ўтган, аммо якунда Киев назоратида қолган.

Минск келишуви имзолангач Попасная фронт чизиғига тушиб қолган, вақти вақти билан шаҳар ўққа тутиб турилган. Украина кучлари Попасная ва унинг атрофида кучли истеҳком ташкил этишганди.

Россия Украинага бостириб киргач, Попасная учун шиддатли жанглар бошланди. Шаҳарга март ойи бошида ҳужум қилинди ва фақат апрел ойи ўрталарига келиб рус қўшини унинг марказига етиб келди. Аммо жанглар тўхтамади.

Америкадаги Rand маркази тадқиқотларида айтилишича, Россия армияси Попаснаядан Изюмгача ва ундан шимолдаги ҳудудгача бўлган айлана ёйида катта кучларини жамлаган. Айрим таҳлилчилар ҳисоблашича, Россия бу ҳудудда 50 та батальон тактик гуруҳларига эга - уларнинг ҳар бирида мингтадан аскар бор.

«Россия армиясининг бу йирик амалиётидаги асосий ҳаракат, катта эҳтимол билан тенг ёки кўп сонли артиллерия бирликлари томонидан қўллаб-қувватланадиган мобил бўлинмалардир. Улар жуда кўп кассетали ўқ-дорилар ва артиллерия миналари қўллашади», дейилади RAND обзорида.

Бир неча ҳафтадан буён давом этаётган артиллерия ва ракета зарбаларига қарамай россиялик ҳарбийлар Донбассда украинлар мудофаасини ёриб ўта олмади. Америкалик таҳлилчилар қайд этишича, Украина ҳарбийлари ҳимоя қиладиган нарсанинг ўзи қолмаганидан кейин қуршовга тушиб қолмаслик учун тактик чекиниш қилмоқда.

Апрел ойида Кременная шаҳрида ҳам худди шундай бўлганди.

«Кременнаяда биз шунчаки қуруқ ерни ушлаб турсак, йигитлар ҳалок бўлиши, душманга эса ҳеч қандай зарар етмаслигини тушунгандик, шу туфайли биз қайта гуруҳланган ва у ердан кетгандик», дейди Луганск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай.

Попаснаянинг бой берилиши Украина армияси учун нимани англатади?
Аммо Попасная билан боғлиқ ҳолатда бу аҳоли пунктининг йўқотилиши Украина армиясининг ушбу йўналишдаги позициясини жиддий даражада мураккаблаштириши мумкин.

Шаҳар денгиз сатҳидан тахминан 260 метр баландликдаги тепаликда жойлашган. Бу атрофдаги бошқа шаҳарлар - шимолдаги Лисичанск ва Северодонецк, жанубдаги Светлодарска ва ғарбдаги Баҳмутдан юқорироқдир.

Попасная россиялик ҳарбийлар қўлига ўтгач, бу шаҳарларнинг барчасига 30 километр масофдан ўт очиш мумкин бўлиб қолди. Бу Россия артиллерия дивизияси асосини ташкил этувчи 2С19 «Мста-С» ўзиюрар гаубицаларининг максимал отиш масофасидир (узоқ масофали заряддан фойдаланганда).

Россия армияси Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёт»нинг иккинчи босқичида ёппасига ўт очиб, рақибни аста-секин сиқиб чиқариш тактикасини қўлламоқда. Биринчи босқичда танк колонналари билан тезкор равишда ёриб киришга урғу берилганди, аммо бундай тактика кўп ўринларда муваффақиятсиз чиқди.

Северодонецк ва Лисичанск - Луганск областида Украина назоратида қолаётган сўнгги йирик шаҳарлардир. Россия армияси яқин вақт ичида босимни кучайтириши кутилмоқда. Луганск маъмурияти раҳбари Сергей Гайдайнинг айтишича, Северодонецк атрофидаги қатор қишлоқларда кескин вазият юзага келган, аҳоли пунктлари учун доимий жанглар кетмоқда.

Попасная учун март ойидан буён жанг кетаётганди.
ALEXANDER REKA/TASS

Попаснаянинг олиниши россиялик ҳарбийларга бу ерда плацдарм ҳосил қилиш, кучларни қайта гуруҳлаш ва янги зарба учун йўналиш танлаш имконини беради. Масалан, Изюмдаги гуруҳ билан бир вақтда Краматорск ва Славянскка Северодонецк йўналишидаги украин ҳарбийлари гуруҳини қуршовга олиш учун юриш бошлаш мумкин.

Муваффақият омили ҳам муҳим - «ғалабали якунга қадар уруш» тарафдорлари ижобий хабарларни соғиниб қолишган, РФ мудофаа вазирлиги ва давлат пропагандачиларининг Украинадаги кичик посёлкалар эгаллангани ҳақидаги хабарлари уларда ғалаба яқинлашиб қолгани ҳақида ҳиссиёт уйғота олмайди.

Аммо бу ўринда бошқа жиҳат ҳам бор.


Россия армияси учун Попасная олинишининг ёмон оқибатлари бўлиши мумкинми?
Ҳарбий стратеглар Попасная мисолида содир бўлган бундай бўртиқларни ёқтиришмайди. Душман ҳудудига пона мисоли бундай ёриб кириш таъминот линиясини чўзиб юборади - содда қилиб айтганда ўқ-дори, техникалар, озиқ-овқат, қўшимча кучлар юбориш ва ярадорларни олиб кетиш ишларини қийинлаштиради. Энг ёмони эса қўшиннинг тобора олдинга силжиши қанотларни ҳимоясиз қолдиради.

Рақибда шимолдан ва жанубдан қарши зарбалар бериб, «қуршов» ҳосил қилиш имконияти юзага келади - россияликлар қанча ичкариласа қарши ҳужумларни бартараф этиш шунчалар мураккаблашади. Украина армияси эса ҳали урушга қўшилмаган катта захираларга эга.

Украина томонидан қарши ҳужум бўлиши ва қўшин қуршовга тушиб қолиши эҳтимоли хавфи Россия қўмондонлигини Попасная яқинидаги флангларда катта гуруҳларни ушлаб туришга мажбур қилади - бу эса бошқа жабҳаларда қўшинлар етишмовчилигига олиб келади. Украина армияси Харковдан шарққа - Россия чегараси томон ҳужумларни давом эттирмоқда, бу юришни тўхтатиш учун россияликлар армияси кўприкларни портлатиб юборишга мажбур.

Яна бир қийинчилик шундаки, ҳудудни эгаллашнинг ўзи етарли эмас, уни сақлабь қолиш ҳам муҳим. Попасная эгаллангач ҳужум қилиб келаётган Россия қўшини мудофаа позициясига тушиб қолди - Украина армиясида эса НАТО таъминоти эвазига кундан кунга узоқ масофаларга отувчи артиллерия қуроллари сони ортмоқда.

Украина томони Попаснаянинг таслим бўлишини изоҳлар экан, шаҳар тўла вайрон бўлгани ва у ерда ҳимоя қиладиган нарсанинг ўзи қолмаганини таъкидлаган. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия қўшини Попаснаяни эгаллади. Бу фронтда нимани ўзгартиради?