19:49 / 14.05.2022
5 511

БМТ Украинадаги ақл бовар қилмас ваҳшийликлар ҳақида хабар берди

БМТ Украинадаги ақл бовар қилмас ваҳшийликлар ҳақида хабар берди
Фото: БМТ
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет Украинада Россия аскарлари томонидан амалга оширилган эҳтимолий ҳарбий жиноятлар ҳақида баёнот берди.

«Судсиз жазолашлар, жумладан, Киев шимолидаги туманлардаги оммавий қатллар одамни даҳшатга солмай қўймайди. Ҳозирча 300 та қотиллик ҳақида аниқ маълумот мавжуд, янги далиллар топилиши билан бу рақам ошиб бормоқда», – дейди олий комиссар.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 34-махсус сессиясида маъруза қилган Мишель Бачелет ақл бовар қилмас ваҳшийликлардан тинч аҳоли жабр кўраётганига эътибор қаратган. Биргина Киев вилоятида мингдан зиёд тинч аҳоли вакили жасади топилган. Уларнинг аксари тергов-судсиз қатл этилган, айримлари ўз вақтида тиббий кўмак кўрсатилмагани оқибатида ҳаёт билан видолашган.

«Россия аскарлари қуролсиз эркакларни Украина қуролли кучларини қўллаб-қувватлайди деган гумон билан ўлдирган. Айримлари эса ўлимидан олдин қийноққа солинган», – дейди БМТ масъул вакили. Масалан, Киев вилоятиниг Катюжанка қишлоғида Россия ҳарбийлари томонидан эр-хотин, уларнинг 14 ёшли қизи ва оиланинг каттаси бўлган кекса отахон ўз уйига кираётганда отиб ташланган.

Олий комиссар юзлаб тиббиёт, таълим муассасалари ва минглаб тураржойлар вайрон этилганини ҳам таассуф билан қайд этган.

ЮНИСЕФ ижрочи директори Умар Умар Абди эса болалар жабр кўраётганини урушнинг энг катта фожиаси деб атаган.

«Биргина ўтган ойда БМТ 100 нафар бола ҳалок бўлгани ҳақида ишончли маълумотларни қўлга киритди. Афсуски, бу рақамлар янада йирикроқ бўлиши мумкин. Кўплаб болалар жароҳатланди. Миллионлаб кишилар бошпанасини тарк этиб, дарбадарликка маҳкум этилди», – дейди ЮНИСЕФ ижрочи директори.

Муҳокамалар якунида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Россиянинг Украинадаги эҳтимолий ҳарбий жиноятларини тергов қилиш тўғрисида резолюция қабул қилди. Кенгашга аъзо 33 мамлакат бу қарорни қўллаб-қувватлади, 12 давлат овоз бермасликни маъқул кўрди. Хитой ва Эритрея эса резолюцияга қарши чиқди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » БМТ Украинадаги ақл бовар қилмас ваҳшийликлар ҳақида хабар берди