Тожикистондаги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Хоруғ шаҳрида 14 май куни бир неча юзлаб аҳоли норозилик акциясига чиқиб, вилоят раҳбари Алишер Мирзонабот ва Хоруғ мэри Ризо Назарзоданинг истеъфосини талаб қилди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz». Улар, шунингдек, Хоруғдаги барча блокпостлар олиб ташланишини ва Бадахшон аҳолисини таъқиб қилиш тўхтатилишини талаб қилди.
Бундан ташқари, митинг иштирокчилари Гулбиддин Зиёбеков (у 2021 йил ноябрида хавфсизлик кучларининг махсус операцияси чоғида ўлдирилган)нинг ўлимида айбдорлар жавобгарликка тортилишини, Амриддин Аловацҳоев, Чоршанбе Чоршанбиев ва ноябрдаги норозиликлардан кейин қўлга олинган вилоятнинг бошқа фуқаролари ҳам озод этилишини талаб қилди. Намойишчилар уларнинг талаблари бажарилмаса, яна норозилик акциясига тўпланишини даъво қилди.
Вилоят прокуратураси митинг ташкилотчиларига терроризм ҳақидаги иш билан таҳдид қилди, бу ҳақда «Бомдод» вилоят прокурори Парвиз Орифзоданинг маҳаллий телевидение орқали берган баёнотига таяниб хабар берди. Идора вакили митингни мамлакатда хавфсизликка путур етказиш мақсадида Бархоруғ митти туманининг «норасмий етакчиси» Мамадбокир Мамадбокиров, Муҳиддин Кабирий ва Алим Шерзамонов томонидан ташкиллаштирилган «ноқонуний акция» деб атади.
Прокуратурада маълум қилишларича, ҳукумат ушбу хатти-ҳаракатларни терроризм деб баҳолайди ва уларга тегишлича жавоб кўрсатади. Орифзода қайд этишича, агар Мамадбокиров ва унинг тарафдорлари янги намойишларни ташкиллаштиришга уринса, ҳукумат ушбу интилишларни террорчилик ҳаракатига уриниш сифатида қаттиққўллик билан тўхтатади.
Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги вазият сўнгги кунларда судлар активист Амриддин Аловацҳоевни 18 йил колонияга ва MMA жангчиси Чоршанбе Чоршанбиевни 5,5 йил озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилганидан кейин мураккаблашди.
Ҳукумат истеъфога чиқиш масаласини кўриб чиқишдан бош тортди, шу туфайли 16 май куни маҳаллий ёшлардан иборат катта гуруҳ вилоят маъмурияти томонга қараб йўл олди. Чиноқ қишлоғи яқинида уларни Тожикистон хавфсизлик кучлари идоралари ходимлари қарши олди, деб ёзади маҳаллий ОАВлар.
Бадахшон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари норозилик намойиши иштирокчиларига қарши резина ўқлар ва кўзни ёшлантирувчи газ қўллади. Бир неча киши жабрлангани айтилмоқда.
ОАВларга кўра, шаҳарда интернет ўчириб қўйилган. Тожикистон хавфсизлик кучлари Хоруғдаги марказий майдонларга олиб борувчи барча йўлларни тўсиб қўйган. Шаҳардаги асосий кўприк, шунингдек, Шошхоруғ митти туманидаги кўприк ҳам қуршовга олинган. «Бомдод» ҳуқуқ-тартибот органларига таяниб ёзишича, акцияда 200 га яқин киши қатнашган.
Сўнгги маълумотларга кўра, намойишлар чоғида жанговар ўқлар узилиши оқибатида Хоруғ фуқароси ҳалок бўлган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда