19:19 / 19.05.2022
2 220

АҚШ Киев сўраган баравар ўт очувчи тизимларни беришдан бош тортмоқда

АҚШ Киев сўраган баравар ўт очувчи тизимларни беришдан бош тортмоқда
Фото: Defense Express Channel
Қўшма Штатлар Киевнинг сўровига қарамай, Украинани узоқ масофага баравар ўт очувчи реактив тизимлар билан таъминлаётгани йўқ. Бу ҳақда Politico нашри манбалари хабар берди.

Манбаларнинг сўзларига кўра, Оқ уй бундай қуроллар Россия ҳудудига зарба бериш учун қўлланилишидан, бу эса можарони фақат кенгайтириши ва чўзишидан хавотирда.

Украина расмийлари ушбу турдаги қуролларни бир неча ойдан бери сўраб келади. Хусусан, президент Владимир Зеленский май ойи бошида «Катта еттилик» давлатлари етакчилари олдидаги нутқида Американинг M142 HIMARS ва M270 MLRS баравар ўт очувчи ракета тизимларини олиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Ҳозир Киевда қурол-яроғ етказиб беришнинг яна кечикиши туфайли «фрустрация кучаймоқда», деди Politico манбаларидан бири. Нашрнинг Оқ уйдаги суҳбатдоши Украина ва АҚШ қурол-яроғ етказиб бериш масаласини муҳокама қилишда давом этаётгани, аммо барча турдаги қуролларни тезда етказиб бериш имконсизлигини айтди.

Politico’нинг қайд этишича, сўнгги ойларда АҚШ Украинани иттифоқчиларининг захираларидаги совет давридан қолган эски қуроллардан фойдаланадиган бир нечта баравар ўт очиш тизимлари билан таъминлади. Аммо Киев Россиянинг Донбассда олға силжишини тўхтатиш учун аниқроқ ва кучлироқ Америка тизимларини ишга солишга интилмоқда.

Уруш бошида Владимир Зеленский Ғарб давлатларини Украинани етарлича қўллаб-қувватламагани, жумладан, етарлича қурол-яроғ етказиб бермаётгани учун тез-тез қораларди. Апрель ойи охирида у мамлакат ниҳоят сўраган қурол турларини ола бошлаганини эълон қилди.

Май ойи бошида АҚШ президенти Жо Байден Украинага ҳарбий техника етказишни тезлаштириш имконини берувчи ленд-лиз дастури тўғрисидаги қонунни имзолади. Аммо бир неча кундан сўнг Украинага 40 миллиард доллар қўшимча ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Сенатдаги бир республикачи сенатор томонидан блокланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Киев сўраган баравар ўт очувчи тизимларни беришдан бош тортмоқда