00:58 / 22.05.2022
1 697

Россия «Азовсталь» назорат остига олинганини эълон қилди

Россия «Азовсталь» назорат остига олинганини эълон қилди
Фото: Алехандер Эрмоченко / Reuters / Scanpix / LETA
Россия Мудофаа вазирлиги «Азовсталь» заводи ҳудуди назорат остига олинганини маълум қилди, деб ёзади Meduza.

Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков қайд этишича, 20 май куни ҳарбий хизматчиларнинг 531 кишидан иборат сўнгги гуруҳи асирликка таслим бўлган. Заводдан бир неча кун ичида жами 2439 нафар ҳарбий чиқарилган. Мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинни «операция якунлангани ҳамда комбинат ва Мариупол шаҳри украиналик жангарилардан тўлиқ озод этилгани ҳақида» хабардор қилди, деди Конашенков.

Таслим бўлган ҳарбийлар орасида «Азов» полкининг «командири» ҳам бор, дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида. Конашенков таъкидлашича, у завод ҳудудидан махсус зирҳли автомобилда чиқариб кетилган — гўёки, унинг «кўплаб ваҳшийликлари туфайли мариуполликларнинг нафратига учрагани ва шаҳарликлар уни жазолаш истагида бўлгани учун» шундай қилинган. Аммо идоранинг расмий баёнотида командирнинг исм-шарифи келтирилмаган. Конашенковнинг баёнотидан бир соат аввал Биринчи канал «Азов» командири Денис Прокопенко асирликка таслим бўлганини маълум қилганди.

Украина ҳукумати Россия Мудофаа вазирлиги баёнотларини изоҳлаганича йўқ. Президент Владимир Зеленский ўз инаугурациясининг уч йиллиги муносабати билан ташкил қилинган интервьюда (У Россия Мудофаа вазирлиги хабарларидан аввалроқ эълон қилинганди) заводдаги ҳарбийлар «чиқиб, ўз ҳаётларини сақлаб қолишга тўла ҳуқуқли эканликлари ҳақида буйруқ олган»ини айтганди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳарбийларнинг чиқиб кетиши ҳақида «Туркия, Швейцария, Исроил, Франция билан ушбу мамлакатлар етакчиларининг Россия билан муносабатлари туфайли» келишув олиб борган. «Аммо очиғини айтадиган бўлсам, ҳарбийларимизга тегишли қурол-яроғларни тақдим этиш учун, ҳарбий йўл билан биз Мариуполга бориб, бу одамларни қамалдан чиқаришимиз учун бошқа давлатлар етакчилари билан ўнлаб, юзлаб марта гаплашганман», — деди Украина президенти.

Ҳарбийлар 16 май куни «Азовсталь» ҳудудидан чиқишни бошлаганди. Украина ҳукумати «асирликка таслим бўлиш» иборасидан қочиб, ҳодисани «қутқарув операцияси» деб атаган ва ҳарбийлар тез орада Украина назорати остидаги ҳудудга ўтишини таъкидлаганди. Ҳарбийларнинг ўзлари, таслим бўлишни бошлашдан аввал, қўмондонлик буйруғини бажараётганини маълум қилганди. Жараён бошланганидан кейин Украина президенти Владимир Зеленский ҳарбийларни қайтариш ишлари «эҳтиёткорлик ва вақт талаб қилиши»ни айтиб, «украин қаҳрамонлари Украинага соғ-омон ҳолда кераклигини» таъкидлаганди; ундан кейин Украина ҳукумати ўз баёнотларига эҳтиёткорлик билан ёндашиб, мавзу бўйича изоҳлардан тийилишни афзал кўрди.

Россия Мудофаа вазирлиги «Азовсталь»даги ҳарбийлар ўз-ўзини халқ республикаси деб эълон қилган Донецк ҳудудига олиб кетилаётганини хабар қилганди. Идора баёнотига кўра, ярадорлар Новоазовск шаҳар касалхонасига, қолганлар эса Еленовка қишлоғига жўнатилган. Аммо Россия ОАВларининг норасмий хабарларида «Азов» жангчилари Ростов вилоятидаги тергов изоляторига юборилаётгани айтилганди. Украин ҳарбийларининг таслим бўлиши ва Украина ҳукуматининг улар айирбошланиши ҳақидаги баёнотлари фонида, Россияда, аксинча, бунга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида гапира бошлашди. Хусусан, Давлат думасида «нацист жиноятчилар сафидан бўлганларни айирбошлашни» қонун билан тақиқлашни ва Россияда ўлим жазосини мораторийдан истисно қилишни таклиф этишди. Россия Бош прокуратураси эса Олий суддан «Азов»ни террорчилик ташкилоти деб тан олиб, Россияда унинг фаолиятини тақиқлашни сўради.

«Азовсталь» бир ярим ой мобайнида Мариуполда Украина қисмларининг ягона қаршилик кўрсатиш нуқтаси бўлиб келган. Шаҳарнинг катта қисми апрель бошидаёқ россиялик ҳарбийлар назорати остига ўтган ва завод қуршовда қолган. Биринчи ҳафталарда ҳудудда «Азовсталь»ни мудофаа қилаётган Украина ҲДК 36-денгиз пиёдалари бригадаси ва «Азов» полки ҳарбийлари билан бирга юзлаб тинч аҳоли вакиллари ҳам бўлган. Киев ва Москва уларни эвакуация қилиш ҳақида келишиб олишга тайёрлигини билдирганди, аммо апрель ойи бир-бирини келишувларни бузишда айблаш билан ўтди. Охир-оқибат тинч аҳолини эвакуация қилиш 30 апрелдагина Қизил хоч ва БМТ воситачилигида бошланди; 7 май куни завод ҳудудидан барча аёллар, болалар ва кексаларни чиқариб кетиш якунланди. Уларнинг бир қисми Запорожьега етказилди, бошқалар эса, Россия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Донецк Халқ Республикасида қолишга қарор қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия «Азовсталь» назорат остига олинганини эълон қилди