13:39 / 23.05.2022
993

Украинада ҳарбий ҳолат режими яна уч ойга узайтирилди

Украинада ҳарбий ҳолат режими яна уч ойга узайтирилди
Фото: Reuters
Украина Олий радаси бутун мамлакат ҳудудида ҳарбий ҳолатни уч ойга узайтириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди, деб ёзади «РБК».

«Украина Олий радаси давлатда ҳарбий ҳолат амал қилишини 90 кунга, 2022 йил 23 августгача узайтирди», — дейилади хабарда.

Қонун лойиҳасини 320 нафар халқ депутатлари қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, мамлакатда умумий сафарбарликни бекор қилмасликка қарор қилинган.

Украинанинг бутун ҳудуди бўйлаб ҳарбий ҳолат Россия махсус операцияси бошланганидан кейин дарҳол, 24 февраль куни тонгда киритилган эди. Бу қарор ҳақида эълон қилаётиб, Украина президенти Владимир Зеленский фуқароларни хотиржамликни сақлашга ва уйда қолишга чақирганди. У аҳолини Украина «хавфсизлик ва мудофаа сектори тўлиқ» ишлашда давом этишига ишонтирганди.

Режим 30 кун муддатга жорий қилинган, аммо март ўрталарида Зеленский уни яна бир ойга узайтиришни таклиф қилганди. Ўшанда Олий рада давлат раҳбари 20 мартда имзолаган қонун лойиҳасини маъқуллаганди. Апрелда Зеленский худди шундай ташаббус билан парламентга мурожаат қилган, Олий рада ҳарбий ҳолатни 25 майга қадар узайтирган эди. 18 май куни эса у Украина парламентига навбатдаги шундай ҳужжатни киритганди.

Ҳарбий ҳолат амал қиладиган даврда Украина ҳукумати комендантлик соати эълон қилиши, кириш ва чиқиш бўйича махсус режим ўрнатиши, фуқаролар, чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш эркинлигини чеклаши, шунингдек, транспорт ҳаракатини чеклаши мумкин. Бундан ташқари, мамлакатда баъзи сиёсий партиялар фаолияти тақиқланиши ёки бошқа чоралар қўлланилиши ҳам мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада ҳарбий ҳолат режими яна уч ойга узайтирилди