19:03 / 23.05.2022
1 067

Саудия авиакомпанияси мамлакат тарихида илк бор фақат аёллардан иборат экипаж билан парвоз қилди

Саудия авиакомпанияси мамлакат тарихида илк бор фақат аёллардан иборат экипаж билан парвоз қилди
Фото: Flyadeal
Саудия Арабистонининг Flyadeal авиакомпанияси қироллик тарихида биринчи марта фақат аёллардан иборат экипаж билан парвозни амалга оширди. Бу ҳақда авиакомпаниянинг Twitter саҳифасида хабар берилди.

«Саудия Арабистони авиацияси тарихида биринчи марта Flyadeal фақат аёллардан иборат экипаж билан парвозни амалга оширди, экипаж аъзоларининг аксарияти Саудия фуқароларидир», — дейилади хабарда. Авиакомпания етти нафар аёлдан иборат экипаж суратини хабарга илова қилди.

Airbus А320 самолёти билан 117-рейс мамлакат пойтахти Ар-Риёддан Жидда шаҳрига учган.

Аrabnews хабарига кўра, 117-рейсни Саудия Арабистонидаги энг ёш аёл учувчи ҳисобланган 23 ёшли Яра Ян бошқарган. Ян 2019 йилда АҚШда (Флорида) учиш мактабини тамомлаган ва бир йил олдин Flyadeal компаниясига ишга жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг февраль ойида Брунейнинг Royal Brunei авиакомпанияси Саудия Арабистонига фақат аёллардан иборат экипаж билан парвоз қилган эди. Парвоз капитани Шарифа Сарена Сураини, учувчилар Надия Хашиэм ва Сариан Нордин эди.

2018 йилгача Саудия Арабистонида аёл кишига машина ҳайдаш тақиқланган бўлса, ўша йилнинг июнь ойида бу тақиқ қироллик валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ал-Сауд томонидан бекор қилинган.

Сўнгги йилларда Саудия Арабистони аёлларга эркак васийлар қарамоғисиз яшаш, эркаклар рухсатисиз хорижга чиқиш, футбол ўйинларига бориш, армияда хизмат қилиш имконини берди. Аммо катта ижтимоий ислоҳотларга қарамай, саудиялик аёллар эркак васийнинг рухсатисиз турмушга чиқа олмайди, қамоқдан озод этилмайди ёки муайян тиббий хизматлардан фойдалана олмайди, деб ёзади BBC News.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Саудия авиакомпанияси мамлакат тарихида илк бор фақат аёллардан иборат экипаж билан парвоз қилди