15:00 / 26.05.2022
1 450

Зеленский Россия фуқаролари учун виза режими киритилишини қўллаб-қувватлади

Зеленский Россия фуқаролари учун виза режими киритилишини қўллаб-қувватлади
Фото: Global Look Press
Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан виза режимини жорий қилиш ҳақидаги петицияни қўллаб-қувватлади, деб ёзади «РБК» президент сайтидаги электрон петициялар саҳифасига таяниб.

«Кўтарилган масала муҳим ва зарурийдир, шунинг учун Россия фуқароларининг Украина ҳудудига кириши устидан назорат режими кучайтирилиши заруриятини қўллаб-қувватлайман», — дейилади Зеленскийнинг петицияга жавобида. Шунингдек, у Украина бош вазирига ушбу масала устида ишлаш ҳақида илтимоснома юборилганини қўшиб қўйди.

Петиция саҳифага 2022 йил 11 февралда жойланган эди, Зеленский унга 25 май куни жавоб қилди. Ҳужжат шу вақтгача 26,7 мингта овоз тўплаган, у кўриб чиқилиши учун эса 25 мингта овоз йиғилиши керак эди.

Россия ва Украина ўртасида визасиз режим амал қилиб келаётган эди. Россияликлар Украинада мамлакатга биринчи ташрифи санасидан бошлаб 180 кун ичида 90 кунгача бўлиб туриши мумкин эди. Украинага кириш учун амал қилиш муддати сафар якунланадиган санадан ошадиган хорижга чиқиш паспорти бўлиши кифоя эди.

2020 йил мартида коронавирус пандемияси туфайли Украина мамлакатга чет элликлар киришини тақиқлаган, аммо тақиқ карантин чекловларига ўзгартирилганди: мамлакатга киришда вакцинация ҳақидаги маълумотнома ёки COVID-19 га нисбатан манфий тест талаб қилинарди.

2022 йил февралида Украина Олий радаси депутати, «Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун» партияси раисдоши Вадим Рабинович украин чегарачилари 12 февралдан бошлаб мамлакат ҳудудига Россия фуқароларини киритмай қўйганини айтганди. Аммо ўша куниёқ бу маълумот рад этилиб, баъзи чет элликлар, шу жумладан россияликлар амалдаги қонунчиликка риоя қилмаслиги сабабли мамлакатга киритилмаслиги мумкинлиги қайд этилганди.

24 февраль куни эрталаб Россия Украинада махсус ҳарбий операция бошлади, шундан кейин Зеленский ҳарбий ҳолат режимини эълон қилди ва Россия билан дипломатик алоқалар узилганини маълум қилди. 22 май куни Олий рада Украинадаги ҳарбий ҳолатни 23 августгача узайтирди.

Visit Украине портал маълумотларига кўра, ҳарбий ҳолат амал қилаётган вақтда мамлакатда авиақатновлар тўхтатилган, аммо мамлакатга чет эл фуқароларининг ер усти транспорти билан кириши ва чиқишига рухсат берилган. Польша, Словакия, Венгрия, Руминия ва Молдова билан чегаралардаги Украина ўтказиш пунктлари ишлашда давом этмоқда, бироқ Россия, Беларусь ва тан олинмаган Приднестрове республикаси билан чегаралардаги ўтказиш пунктлари ёпилган.

14 март куни Украинага Россия ҳудудидан нашриёт маҳсулотлари олиб кириш ва тарқатиш тақиқланди, 10 апрелда эса мамлакат Россиядан маҳсулотлар импортини тўлиқ тақиқлагани маълум қилинди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский Россия фуқаролари учун виза режими киритилишини қўллаб-қувватлади