Фото: Bloomberg
Россия Ғарб давлатлари томонидан санкциялар остида қолган бир пайтда Хитой рекорд миқдорда арзон рус кўмирини сотиб олмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Апрель ойида дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти Хитой нафақат Россиядан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ кўмир сотиб олди, балки кўмирнинг барча турлари бўйича импорт божларини ҳам бекор қилди. Бу ҳаракатдан асосан россиялик етказиб берувчилар фойда кўради.
Хитойнинг Россиядан кўмир импорти март ва апрель ойлари орасида деярли икки баравар кўпайиб, 4,42 млн метрик тоннани ташкил этди. У ўтган йилдан бери Хитойнинг иккинчи йирик етказиб берувчиси бўлиб, Австралияни ортда қолдирди.
Ривожланаётган кўмир савдоси иккала томон учун ҳам манфаатли. Иқлим инқирозини енгиш бўйича дадил ваъдаларга қарамай, Хитой энди ўз иқтисодиётини таназзулдан чиқаришга эътибор қаратмоқда.
Мамлакат электр станцияларининг ёнилғи қуйиш ва инфратузилма лойиҳалари учун пўлат ишлаб чиқаришда кўмирга муҳтож. Россияга эса қазиб олинадиган ёқилғи учун янги мижозлар керак, чунки Ғарб энди уларни сотиб олмайди.
Дунёда кўмирнинг энг йирик харидори бўлган Хитой 2 йил аввал 2060 йилга бориб углеродни нейтраллашга ваъда берган эди. Бироқ ўтган йил охирида кучли электр тақчиллиги миллионлаб уй хўжаликлари ва корхоналарни қамраб олганидан сўнг, у кўмир истеъмолини оширди.
2021 йилда кўмир импорти 64 фоизга ўсди ва ички ишлаб чиқариш рекорд даражадаги 4,13 млрд метрик тоннани ташкил этди.
Бу йил бу рақамлар янада юқори бўлиши кутилмоқда, чунки ҳукумат иқтисодиётни жонлантиришда инфратузилмага сармоя киритишга устувор аҳамият бермоқда.
Ўтган ой Хитой Россиядан рекорд даражадаги 1,09 млн тонна денгиздаги коксланувчи кўмир импорт қилди, бу ўтган йилнинг апрелига нисбатан 10 фоизга кўп. Коксланган кўмир пўлат ишлаб чиқариш учун ишлатилади.
Хитой ва Россия ўртасидаги кўмир савдоси февраль ойида Украинадаги уруш ва Ғарб давлатлари Россияга мисли кўрилмаган санкциялар билан зарба бера бошлаганидан кўп ўтмай қисқарди. Хитой банклари дастлаб Россия товарларини харид қилишни молиялаштиришни истамаган.
Март ойига келиб, бу истаксизлик якун топди. Шундан сўнг Европа Иттифоқи Россия кўмирига эмбарго жорий этишни маъқуллади, у август ойидан бошлаб тўлиқ кучга киради.
Арзон нарх
Хитой ҳозир нафақат Россия кўмирини кўп миқдорда, балки катта чегирма билан ҳам сотиб олмоқда.
Россия кўмир экспорти бўйича дунёда учинчи ўринда туради ва Украинада уруш бошланганидан бери хом ашёнинг жаҳон нархлари кўтарилди. ICE Newcastle кўмир фьючерслари нархи март ойи бошидан бери 40 фоиздан ортиқ ошди.
- Сўнгги ойларда санкциялар глобал денгиз кўмир бозорида кескин иккиланишни келтириб чиқарди, чунки кўплаб импортчилар ҳозир Россиядан кўмир импорт қила олмайди ёки буни хоҳламайди, — деди London Stock Exchange Group етакчи таҳлилчиси Тоби Хассалл.
Харидорлар сони камайиб бораётгани сабабли, Россиядан кўмир сотиб олишга қодир ва тайёр бўлган импортчилар уни нисбатан арзон нархларда харид қилмоқда.
Апрель ойида шимолий Хитойдаги Жингтанг портига етказиб берилган рус коксланган кўмирнинг нархи бир тонна учун 2710 юанга (403 доллар) баҳоланган. Бу портга етиб келувчи АҚШ коксланувчи кўмир 475 долларга, Хитойда қазиб олинадиган кўмир эса 423 долларга тенг.
Нархлардаги чегирмалар бу ойда ҳам сақланиб қолди.
Ўтган ҳафтанинг охирига келиб, Шимолий Хитой портларида Россиянинг коксланадиган кўмири ўртача бир тонна учун 439 долларни ташкил қилди. Австралия кўмири 512 доллар, Хитой кўмири эса 496 доллар туради.
Пекин учун Россиядан кўпроқ харид қилиш нафақат Москвага дўстона ишора, балки Хитойнинг ўз иқтисодий эҳтиёжларига фойда келтирадиган ақлли ҳаракатдир.
Нима учун Хитойга бунча кўп кўмир керак?
Ўзининг қазиб олинадиган ёқилғига қарамлигини камайтириш ваъдасига қарамай, Хитой ҳали ҳам иқтисодиётини қувватлантириш учун кўмирга муҳтож.
2021 йилда Хитойда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 60 фоизи термал кўмирдан ишлаб чиқарилган бўлса, Хитой пўлатининг 90 фоиздан ортиғи коксланадиган кўмирни ёқадиган юқори печларда ишлаб чиқарилган.
Умуман олганда, ўтган йили Хитойнинг умумий энергия истеъмолининг 56 фоизини кўмир ташкил қилган.
Хитой ўтган йилдан бери кўмир ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда, чунки кучли энергия инқирози миллионлаб уй хўжаликлари учун электр энергиясини тўхтатиб қўйган ва кўплаб заводларни ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур қилган.
Миллий энергетика маъмурияти Хитой конлари ишлаб чиқариш ҳажмини жорий йилда 4,4 млрд тоннага етказишни мақсад қилиб қўйган, бу ўтган йилги рекорд даражадан 300 млн тоннага кўп.
Таъминотни кафолатлаш учун бир уринишда, ҳукумат жорий йилнинг 1 майидан 2023 йил 30 мартгача кўмир импорти бўйича барча тарифларни нолга туширди. Илгари тарифлар кўмир турига қараб 3 фоиздан 6 фоизгача бўлган.
- Биз Россиянинг Хитойга экспорт ҳажмини 30 фоизга яъни 71 млн тоннага оширишини тахмин қилмоқдамиз, — деди Morgan Stanley таҳлилчилари.
Хитой ва Россия ўртасидаги янги кўприк бунга ёрдам бериши мумкин. Икки давлатни боғловчи биринчи темир йўл кўприги ўтган ой қуриб битказилди. 2215 метр узунликдаги кўприк асосан Россиядан Хитойга кўмир, темир рудаси ва бошқа юкларни ташиш учун мўлжалланган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар