22:55 / 03.06.2022
1 823

Медведев Украинадаги воқеалар уруш эмас, махсус операция деб аталиши сабабини тушунтирди

Медведев Украинадаги воқеалар уруш эмас, махсус операция деб аталиши сабабини тушунтирди
Фото: AP Photo
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатлари нима сабабдан уруш эмас, махсус ҳарбий операция эканини тушунтирар экан, ушбу операция нишонлари чеклангани, зарбалар эса фақат ҳарбий объектларга берилаётганини айтди. Бу ҳақда у Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Бу ҳақиқатан ҳам махсус ҳарбий операция. У ерда юз бераётган нарсаларнинг ҳаммаси аниқ бир сценарий бўйича боряпти. Президент биз эришишимиз керак бўлган иккита мақсад борлигини эълон қилди», — деди Медведев.

Унинг сўзларига кўра, буларнинг биринчиси — Донецк ва Луганск Халқ Республикалари аҳолисини ҳимоя қилиш, иккинчиси эса «милитаризм машинаси»ни йўқ қилиш ва ушбу ҳудудларни «денацификация» қилиш, токи у ерда «мутлақо аксилроссия, русофоб йўналишни илгари суриб, Россия ва Украинани тўқнаштиришга уринаётган националистлар бўлмасин». «Шу сабабли ушбу операция нишонлари чекланган», — деди Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари.

«Бундан ташқари, россиялик ҳарбийлар, — деди у. — фуқаролик объектларига энг минимал даражада таҳдид солишга ҳаракат қилмоқда». «Биз бўлаётган воқеаларнинг барчаси фақат Украина Қуролли кучларига тааллуқли бўлишини кўзлаб ҳаракатланяпмиз, шунинг учун ҳам бизнинг қўшинларимиз томонидан амалга оширилаётган нарса махсус ҳарбий операция деган номни олди», — дея тушунтирди у.

НАТО мамлакатлари эса АҚШ раҳбарлигида бунга жавобан Россияга воситачилик урушини ёки proxy war эълон қилди, дея давом этди Россия собиқ президенти. Киевга қурол-яроғ етказиб бериш орқали улар у ерда ҳарбий кайфиятни қўллаб-қувватлашга уриняпти, улар Украина охиригача, сўнгги украин ҳам қолмагунича урушишига эришмоқчи, деган фикрда Медведев. «Тушунарли сабабларга кўра, бу ҳолатда АҚШнинг ҳам, Европанинг ҳам манфаатларига зарар етмайди. Украинадан 6 миллион киши кетиб бўлди, юз берган ҳодисалар учун жавобгарликнинг катта қисми мана шу мамлакатлар бўйнида», — дея хулоса ясади Медведев.

Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин Украинада ҳарбий операция бошлангани ҳақида 24 февралда эълон қилган эди. Ўшанда у бундан мақсад «саккиз йил мобайнида Киев режими томонидан хўрликларга, геноцидга учраб келаётган одамларни ҳимоя қилиш, шунингдек, қўшни мамлакатни «демилитаризация ва денацификация қилиш» деб атаган эди. Шу билан бирга, Путин Россия ҳеч кимга ҳеч нарсани куч билан сингдирмоқчи эмаслигини ва Украина ҳудудини босиб олмоқчи эмаслигини таъкидлаган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Медведев Украинадаги воқеалар уруш эмас, махсус операция деб аталиши сабабини тушунтирди