00:10 / 04.06.2022
3 051

Украинадаги уруш қандай якунланиши мумкин? Эҳтимолий беш вариант

Украинадаги уруш қандай якунланиши мумкин? Эҳтимолий беш вариант
Донбассликлар россияликлар зарбаларидан вайрон бўлган уйлари харобаларидан лаш-лушларини йиғиштиришмоқда, 2022 йил 1 июн
Барча урушлар суви кўтариладиган ва ортга қайтадиган океанга ўхшайди, Россиянинг Украинага босқини ҳам бундан мустасно эмас.

Ҳимояланувчи кучларнинг тезда тор-мор бўлиши хавфи ўрнини россияликларнинг чекиниши ва украин қаршилиги кучайиши эгаллади. У ҳам ўз навбатида, Россиянинг Украина шарқида нисбатан йўналтирилган юришларига ўрнини бўшатиб берди.

Уруш бошланганидан буён юз кун ўтди. Ҳозир бу уруш қачон тугаши ҳақида гапириш мумкинми? BBC дипломатик корреспонденти Жеймс Лэндейл шу ҳақда фикр юритди.

Бу борада бирданига бешта эҳтимолий сценарийни келтириш мумкин, улар бир-бирини истисно қилмайди, шу билан бирга, ишончлилик доирасида қолади.

1. Узоқ давом этувчи вайронгарчилик уруши

Украин ва рус ҳарбийлари бир-бирини мунтазам равишда қиришга куч топа олар экан, уруш яна ойлар ва ҳатто йилларга чўзилиши мумкин.

Томонларнинг бири тактик мағлубиятга учраши ёки муваффақиятга эришиши билан вазият ўзгариб туради. Аммо томонларнинг ҳеч бири таслим бўлишни истамайди. Россия президенти стратегик чидамлилик намойиш этиб, Ғарб Украинага ёрдам беришдан чарчаб, ўз иқтисоди ва Хитой таҳдиди билан шуғулланишга эътибор қаратишини кутган ҳолда муваффақиятга эришиш мумкин деб ҳисоблайди.

Ғарб эса ҳозирча қатъийлик кўрсатмоқда ва Украинани қурол-яроғ билан таъминлашда давом этмоқда. Жанг майдонида амалда фронт чизиғи шаклланган, уруш аста-секин «адоқсиз уруш» позициясига ўтмоқда.

Россияпараст кучлар Донецк областидаги Ясиноватаядаги украин позицияларини ўққа тутмоқда
«Яқин истиқболда мен томонлардан бирининг батамом тактик ёки стратегик ғалабага эришиш имкониятини кўрмаяпман. Урушувчи томонларнинг ҳеч бири ҳал қилувчи стратегик зарба беришга қодирлигини намойиш эта олмади», деган австралиялик истеъфодаги генерал Мик Райан.

2. Путин сулҳ эълон қилади

Путин барчани ҳайратда қолдириб, бир томонлама тартибда ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон қилса-чи? Шу тариқа, у эгаллаб олинган ҳудудларда мустаҳкамланиб, ғалаба ҳақида ҳам эълон қилиши мумкин.

Путин «махсус ҳарбий амалиёт» ўз мақсадига эришганини айтиши мумкин: Кремлнинг мадади туфайли Донбассдаги айирмачилар ишончли ҳимоялангани, Қримга қуруқликда йўлак ўтказилгани ҳақида. Шундан кейин у руҳий устунлик позициясидан туриб Украинани ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга мажбур қилиши мумкин бўлади.

«Европанинг Украинани шартли тинчлик эвазига қуролни ташлаб, ҳудудларидан воз кечишга кўндириш истаги билан ўйнашишни истаса, Россия бу усулдан исталган вақтда фойдаланиши мумкин», дейди Қироллик Халқаро муносабатлар институтининг (Чатем-Ҳаус) Россия бўйича эксперти Кир Жайлс.

Владимир Путин Ғарб Украинага ёрдам беришдан чарчаши ва эътиборини ўз иқтисодиётига қаратишга қайтишига ставка қўйиши мумкин
Аллақачон Парижда, Берлинда ва Римда қуйидагича нуқтайи назарлар янграган: урушни давом эттириш нега керак, глобал иқтисодий муаммолар билан шуғулланиш вақти келди, келинг сулҳга эришайлик.

Аммо бунга АҚШ, Буюк Британия ҳамда Шарқий Европанинг аксар мамлакатлари қарши чиқишган, бу давлатлар сиёсатчилари Россия босқини барча жабҳаларда бутунлай барбод бўлиши кераклигига амин.

Шундай экан, Россия бир томонлама сулҳ эълон қилиши вазиятни ўзгартириши мумкин, лекин ҳарбий ҳаракатлар бутунлай якунланишига олиб келмайди.

3. Жанг майдонида боши берк кўчага кириш

Агар Россия ҳам, Украина ҳам ҳарбий йўл билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслиги тўғрисида хулосага келиб, можарони сиёсий йўл билан ҳал қилиш учун музокараларга киришса-чи?

Айтайлик, уларнинг армиялари жонли куч ва техника жиҳатидан ҳолдан тояди. Урушнинг давом эттирилиши энди қон тўкиш ва ресурсларни сарфлашга арзимайди. Россиянинг ҳарбий ва иқтисодий йўқотишларини тўлдириб бўлмайди. Украин халқи ҳам урушдан чарчайди, одамлар ноаниқ ғалаба учун жонини тикишни истамайди.

Киевдаги раҳбарият Ғарб келгусида ҳам Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонқирамаса ва музокаралар столига ўтириш вақти келди деб ҳисобласа нима бўлади?

Ахир АҚШ президенти Жо Байден ҳам очиқчасига америкаликларнинг мақсади - Украинанинг музокаралар столида максимал даражада кучли позицияда бўлишига ишонч ҳосил қилиш эканини айтмоқда. Кўпчилик Ғарбнинг Россия мағлуб бўлишини исташи ва Украина ғалаба қозонишини исташи ўртасида фарқ борлигини айтмоқда.

Аммо жанг майдонидаги ҳозирги вазият яна кўп ойлар давомида сақланиб қолиши, можаронинг сиёсий ечимини топиш янада мураккаблашиши мумкин. Қолаверса, Киев Москвага ишонмайди: у ердагилар Путин билан ҳар қандай келишув нафас ростлаш ва янги ҳужумга тайёрланиш учун куч йиғишга қаратилган танаффус бериш бўлади деб ҳисоблашади.

Шундай қилиб, тинчлик келишуви ҳам узоқ вақт амал қилмаслиги ва ҳарбий ҳаракатлар янги куч билан қайтадан бошланиши мумкин бўлади.

4. Украина ғалаба қилади

Ҳеч нарсага қарамай, Украина ғалаба деб аташ мумкин бўлган нимагадир эриша оладими? Улар Россия қўшинларини чегарадан нарига суриб ташлаб, вазиятни 8 йил олдинги бўлмаса ҳам, 24 февралдан олдинги ҳолатга қайтариши мумкинми?

«Украина бу урушда албатта ғалаба қозонади», деди шу ҳафтада Нидерландия телевидениесига берган интервьюсида Володимир Зеленский.

Агар Россия Донбассни эгаллай олмаса ва яна мағлубиятга учраса нима бўлади?

Россия ҳарбий машинаси шусиз ҳам Ғарб санкциялари зарбаси остида турибди. Украина ўзига тақдим этилажак узоқ масофага отувчи артиллерия ва жуда муҳим бўлган баравар ўт очиш тизимлари орқали қарши ҳужумлар серияси ўтказиб, Россия армияси таъминот линиялари ўтган ҳудудларни эгаллаб оладими?

Украина ўз армиясини қайта қуриб, уни мудофааланувчидан ҳужум қилувчи позициясига ўтказса нима бўлади?

АҚШ Украинага HIMARS мобил ракета мажмуалари етказиб беришни ваъда қилмоқда
Бундай сценарий эҳтимоли бор ва бу сиёсатчиларни эҳтимолий оқибатлар ҳақида ўйлантирмоқда. Путин мағлубият хавф солса, кимёвий ёки ҳатто ядро қуроли қўллаб, можарони янада кучайтиришни истаб қолмайдими?

«Менга Путин ядро қуролига эга бўлган ҳолда оддий урушда мағлубиятини тан олиши эҳтимоли жуда кам кўринади», деганди яқинда бу борада Лондондаги Қироллик коллежида ўтказилган семинарда тарихчи Ниалл Фергюсон.

5. Россия ғалаба қозонади

Россиянинг «эҳтимолий» ғалабаси ҳақида нима дейиш мумкин?

Ғарбдагилар Россия аввалги муваффақиятсизликларига қарамай ҳамон Киевни эгаллаш ва Украинанинг катта қисмини ўзига бўйсундириш режаларидан чекинмаганини қайд этмоқда.

Ҳукумат амалдорларидан бирининг сўзларига кўра, бу максимум-дастурни ҳеч ким бекор қилмаган.

Россия Донбассда муваффақиятга эришса, бу ҳудуддан бўшаган қўшинларини бошқа йўналишларга, масалан, яна Киев томон ҳаракатланиш учун йўналтириши мумкин.

Тахмин қилиш мумкинки, Россия ҳарбийларининг сон жиҳатдан устунлиги ва қўмондонликнинг бундан кейин ҳам ўз аскарларини аямаслиги натижа келтира бошлайди, украин кучлари эса йўқотишларга учраши давом этади.

Украина президенти Володимир Зеленский 29 май куни ҳарбий ҳаракатлар жадаллашаётган Харков областида аскарлар билан учрашди
EPA/UKRAINIAN PRESIDENTIAL PRESS SERVICE

Президент Зеленскийнинг маълумотига кўра, урушнинг ҳар кунида украин жангчиларидан 50-100 нафари қурбон бўлмоқда, яна 500 нафарга яқини яраланмоқда.

Жамоатчилик фикри ҳам турлича бўлиши мумкин: украинларнинг бир қисми урушни давом эттиришни истаса, қолганлар сулҳ тузиш ва одатий ҳаёт тарзига қайтишни талаб қила бошлайди. Қолаверса, Ғарбнинг айрим давлатлари ҳам Украинага ёрдам кўрсатишдан чарчаши мумкин.

Аммо, бошқа томондан, агар улар Россиянинг қўли баланд кела бошлаганини кўрса, Украина иттифоқчиларидан кимдир можарони янги босқичга олиб чиқишни истаб қолиши мумкинлигини истисно этиб бўлмайди.

Ғарблик дипломатлардан бири ўзаро суҳбатда Ғарб Россияни тийиб туриш учун Тинч океанида ядро қуролини синаб кўриши кераклигини айтганди.

Шундай экан, бу урушнинг келажаги ҳали олдиндан белгиланмаган. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинадаги уруш қандай якунланиши мумкин? Эҳтимолий беш вариант