18:24 / 10.06.2022
2 289

Путин ўзини Пётрга қиёслаб, вазифаси ҳудудларни қайтариш эканини айтди

Путин ўзини Пётрга қиёслаб, вазифаси ҳудудларни қайтариш эканини айтди
Фото: MIKHAIL METZEL/TASS
24 феврал куни Россиянинг Украинага босқинини бошлаган Владимир Путин илк марта Россиянинг айни дамдаги мақсади ҳудудларини қайтариш экани ҳақида айтди. Путин ўзи бошчилигидаги ҳаракатларни Пётр I давридаги ҳаракатларга қиёслади.

Россияликлар пайшанба куни ўзининг буюк жаҳонгири деб билган Пётр I таваллудининг 350 йиллигини нишонлади.

«Бу энди бизнинг чекимизга тушган кўринади»

Путин 24 феврал куни «махсус ҳарбий операция» (Россияда урушни шундай аташади, уни уруш дейиш тақиқланган) бошланганини эълон қилар экан, Украинага босқиннинг асосий мақсади ушбу мамлакатни миллатчилардан тозалаш (денацификация) ва Ғарб томонидан берилган қуроллар ёрдамида кучайтирилган Украина армияси салоҳиятини пасайтириш (демилитаризация) эканини айтганди. Аммо бугун бу мақсадлар ҳақида ҳатто Россия пропагандачилари ҳам гапирмай қўйган, руслар бирин-кетин босиб олган ҳудудларига ўз байроғини илишда давом этмоқда.

Бутун дунёда Россия урушни Украинани босиб олиш учун бошлагани ҳақида гапиришмоқда, аммо Россия кўплаб ҳудудларга ўз одамларини раҳбар қилиб қўйишга улгурган бўлса-да, буни тан олмайди. Шу сабаб Путиннинг ҳудудларни қайтиб олиш ҳақида гаплари кутилмаган бўлди. Ахир бу Россиянинг уч ойдан буён тинмаётган уруш ҳақидаги расмий позициясининг ҳам оёғини осмондан қилади.

Путин яна нималар деди?

«Биз ўзимизни ҳимоя қилишга уринаётганимиз табиий ҳол. Мана, ҳозир Пётр I таваллудининг 350 йиллигига бағишланган кўргазмада бўлдик. Қизиғи, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Пётр I 21 йил давомида Шимолий урушда иштирок этган. У Швеция билан уришиб ниманидир тортиб олган дейишади. Йўқ, у ҳеч нимани тортиб олмаган, қайтариб олган! Ҳа, айнан шундай бўлган!

У ҳозирги Петербург жойлашган ҳудудда янги пойтахтга асос солганида ҳеч бир Европа давлати уни Россия ерлари деб тан олмаган, Швецияники деб тан олишган. У ерларда асрлар давомида финн-угорлар билан биргаликда славянлар ҳам яшаган, ҳудуд рус давлати назоратида бўлган. Ғарбий йўналишда ҳам шундай, хусусан, Нарва (Эстонияда жойлашган шаҳар) ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин, Пётр I уни қайтарган, мустаҳкамлаган
», деди Путин.

Россия президентининг айтишича, ўз вақтида Пётр I қилган ишлар ҳозирда унинг чекига тушган. «Афтидан, бизнинг чекимизга ҳам қайтариш ва мустаҳкамлаш тушган кўринади», деди Россия президенти ёш тадбиркорлар билан учрашувда ёйилиб кулиб.

Путин ҳудудларни қайтариб олиш ҳақида гапирар экан, 105 кундан буён давом этаётган ва ўзи бошлаган уруш ҳақида лом-мим демади. Путин 24 феврал куни Украина ҳудудида «махсус ҳарбий амалиёт бошлангани», мақсади Украина ҳудудини босиб олиш эмаслигини айтганди.

Россия президенти Владимир Путин. Фото: ТАСС
Аммо бугунги кунда Россия Донецк ва Луганскнинг катта қисмини эгаллаб олиб, шаҳар ва туманларга ўз одамларини раҳбар қилиб қўймоқда. Херсон, Запорожье, Мариупол каби йирик шаҳарлар ҳам Россия армияси назоратида, у ерларга Россия байроғи илинган. Босиб олинган ҳудудларнинг Россияга қўшилиши борасида шу йилнинг ўзида референдум ўтказилиши ҳақида гапирилмоқда. Россия ҳудудларнинг РФ таркибига қўшилиши масаласини маҳаллий аҳоли ҳал қилиши керак деб иддао қилаётган бўлса-да, Кремл администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко босиб олинган ҳудудларга доимий ташрифларни амалга оширмоқда.

Босқиннинг илк кунларида Россиянинг мақсади Украина ҳудудини босиб олиш эмаслигини иддао қилган Путиннинг расмий вакили Дмитрий Песков Россия Зеленскийни ҳамон Украинанинг легитим президенти деб тан олишини айтганди.

Аввалроқ «РИА Новости» чеченистонлик депутат, чечен ҳарбийларининг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини бошқарган, Мариупол босқинида иштирок этган Адам Делимханов билан интервюни эълон қилди. Унинг гапларидан келиб чиқадики, босқин Зеленский ҳокимиятдан кетмагунча давом этади.

Делимханов «махсус ҳарбий амалиёт» қачон тугаши ҳақидаги саволга шундай жавоб берди: «Қачон тугаши ҳақида гапиришга эрта, у ерда ҳамон гиёҳванд Зеленский бошчилигидаги тузум турибди. Аммо ишончим комил, бунинг ҳаммаси якун топади». Делимхановнинг сўзлари Кремлнинг нуқтайи назарини англатиши ёки йўқлиги борасидаги саволга Песков жавоб бермаган.

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат ғалабагача курашиши, Путин билан музокаралар фақат Россия 24 февралдан кейин босиб олган ҳудудларини қайтарсагина амалга ошиши мумкинлигини айтган.

BBC мухбири Андрей Захаров «ўтмиш сиёсати» ҳақида:
Путин «ҳудудларни қайтариш» ҳақида нутқини Иккинчи жаҳон урушигача яшаган Россиянинг ҳар қандай ҳукмдорининг туғилган кунига бағишланган кўргазмада айтиб кетаверади. Бу гал Пётр I таваллудига бағишланган кўргазмада гапирди. Айтайлик, Александр I туғилган куни «думалоқ сана» бўлмагани учун бу йил нишонланмаяпти. Аммо Россия президенти Александр I портрети олдида туриб ҳам юқоридаги нутқини гапираверган бўларди.

Иккинчи жаҳон урушишача, айниқса Пётр I даврида қўшни мамлакатлар билан можарони ҳудудларни тортиб олиш орқали ҳал қилиш одатий ҳол бўлган. Эътироз – уруш – тинчлик ва янги ер ютганга ўтиб кетаверади. Ахир ҳаммамиз мактаб дарсликларида охири кўринмаган рус-турк уруши, унинг натижаларини ҳудудларни босиб олишлар ёдамида фарқ қилишини ўқиганмиз.

Россия Швеция билан Шимолий урушда қўлга киритган ерлар чиндан қачондир Буюк Новгород князлиги тасарруфида бўлган. Лекин у ерларда қадимдан финн-угорлар яшаган ва буни Путин ҳам тан олади. Демак, бу жойлар Финландияга ўтиши керакми? Финландиянинг ўзи-чи, ахир уни Россия шведлар билан XIX асрдаги урушда ўша Александр I даврида қўлга киритган-ку!?

Бирор ҳудуд кимга тегишли экани ҳақидаги тортишувларни қўрқинчли оқибатларга олиб келгунга қадар давом эттириш мумкин. Аммо инсоният тарихидаги энг даҳшатли уруш бўлмиш Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунёда ортиқ урушиб бўлмаслиги қабул қилинганди. Бу уруш ҳам айнан ҳудудий эътирозлардан бошланганди. Ўша урушдан кейин давлатларнинг ҳудуди улар жойлашган ер экани қабул қилинган. Чегаралар умумий консенсус асосидагина бўлиниши мумкин. Масалан, СССР тарқалиши 14 та мустақил давлатни ҳосил қилди.

Ғарбда Украина – Россия уруши ҳақида Путин ўзини эски ҳукмдорлар каби тутиб, ҳудудларни куч билан тортиб олишга уринаётгани ҳақида гапиришмоқда.


Путин ва Пётр

Пётр I таваллудининг 350 йиллигига бағишланган байрам Путиндан қўмондон образи ясаш учун фойдаланилиши ҳақида «Агентлик. Янгиликлар» нашри ёзган эди. Путин «Пётр I. Империянинг туғилиши» деб номланган мултимедиа кўргазмасида иштирок этди. Нашр Путин учун бу ўзгача кўргазма бўлиши ҳақида бежиз ёзгани йўқ, россиялик юқори мартабали мулозимлар сўнгги вақтларда тез-тез Путинни Пётрга тенглаштиришмоқда.

Кўргазмага боришдан аввал Путин Москвадаги «Келажак учун тарих. Пётр образи» форуми иштирокчиларига табрик йўллади. Табрикда Путин Пётрни ватанпарвар деб атаб, император бутун умри давомида ватанга хизмат қилганини ёзган. Табрикда айтилишича, Пётр мамлакатнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлаб, Россияни қудратли держава сифатида намоён қилган.

Пётр I даври ва Украина билан урушни апрел ойида Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ҳам ўзаро таққослаганди. «Пётр I бошчилигида қўлга киритилган энг ажойиб ғалабалардан бири Полтава (Украинадаги шаҳар) яқинидаги жанг бўлган. У казаклар авлодлари шаҳарни охирги 30 йилда нималар қилганини билса, гўрида тик турган бўларди
», деганди Наришкин.

Путин ўзини Пётрга қиёслаб, вазифаси ҳудудларни қайтариш эканини айтди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин ўзини Пётрга қиёслаб, вазифаси ҳудудларни қайтариш эканини айтди