11:38 / 02.07.2022
1 145

КХДР мамлакатда коронавирус тарқалишига Жанубий Корея билан чегарадаги «ғалати нарсалар» сабаб бўлганини даъво қилмоқда

КХДР мамлакатда коронавирус тарқалишига Жанубий Корея билан чегарадаги «ғалати нарсалар» сабаб бўлганини даъво қилмоқда
Фото: Reuters
Шимолий Кореяда ташкил этилган эпидемияга қарши кураш штаби республикага COVID-19 нинг кириб келиши юзасидан ўтказилган текширув натижаларини тақдим этди. Мутахассисларнинг фикрича, биринчи марта вирус аломатлари Жанубий Кореянинг Канвонда провинциясида жойлашган Ипхо қишлоғидан Пхеньянга келган икки кишида аниқланган. Улар гўёки вирусни «ғалати нарсалар»дан юқтирган.

Штаб ҳисоботидан парчалар Корея Марказий телеграф давлат агентлиги томонидан эълон қилинди. Апрель ойи бошида 18 ёшли Ким фамилияли аскар ва Ви фамилияли беш яшар бола Ипхо қишлоғидаги казарма ва турар жойлар яқинидаги тепаликда «ғалати нарсаларга» теггани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг иккаласида ҳам коронавирус аломатлари пайдо бўлган. Гап қандай нарсалар ҳақида кетаётгани айтилмаган.

Ҳисобот эълон қилингандан сўнг КХДРдаги штаб республикада эпидемияга қарши чораларни янада кучайтириш бўйича фавқулодда кўрсатма берди. Хусусан, «демаркация чизиғи ва чегара ҳудудларида топилган ғалати нарсалардан огоҳ бўлиш» буюрилди. КХДРнинг аниқлик киритишича, номаълум буюмлар ҳаво ва, хусусан, ҳаво шарлари орқали юборилган бўлиши мумкин.

Жанубий Кореянинг «Шимолий Корея озодлиги учун курашувчилар» ташкилоти фаоллари республикага ҳаво шарлари учирилгани ҳақида бир неча бор хабар берган. Хусусан, апрель ойида ташкилот аъзолари КХДРга ҳаво шарлари ёрдамида тарғибот варақалари, шунингдек, оғриқ қолдирувчи воситалар ва ниқобларни юборган. Жанубий Корея расмийлари бу йўл билан коронавирусни юқтириш мумкин эмаслигини таъкидлаган.

«Менга маълум бўлишича, бирор нарса ёки почта орқали коронавирус юқтиришнинг расман тасдиқланган ҳолатлари йўқ. Шу боис Жанубий Корея ҳукумати коронавирус шимолга варақалар ва бошқа нарсалар орқали ўтиши мумкин эмас, деб ҳисоблайди», — деб тушунтирди Жанубий Корея Бирлашиш вазирлиги вакили ўринбосари Чха Док Чхол брифингда.

Корея Марказий телеграф давлат агентлиги маълумотларига кўра, Шимолий Кореяда 29 июндан 30 июнгача бўлган кун давомида иситма билан оғриган 4570 нафар бемор аниқланган. Коронавирусга чалингани гумон қилинаётган беморларнинг умумий сони 4 744 430 кишига етди. Уларнинг 99,8 фоизи тузалиб кетгани айтилмоқда.

Апрель охирида КХДР ҳукумати мамлакатда коронавирус тарқалгани ҳақида расман эълон қилди, 13 май куни COVID-19 дан биринчи ўлим қайд этилди. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Сиёсий бюронинг фавқулодда йиғилишини ўтказиб, Пхеньянда дори-дармон таъминотини барқарорлаштириш учун ҳарбийлардан фойдаланишни буюрди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » КХДР мамлакатда коронавирус тарқалишига Жанубий Корея билан чегарадаги «ғалати нарсалар» сабаб бўлганини даъво қилмоқда