11:55 / 10.07.2022
1 450

Сўнгги 50 йилдаги энг йирик энергетик инқироз ва унинг жаҳонга таҳдиди

Сўнгги 50 йилдаги энг йирик энергетик инқироз ва унинг жаҳонга таҳдиди
Жаҳон жиддий энергетика инқирози ёқасида. Фото: m.123ru.net
Европадаги энергетик инқироз 2021 йилнинг кузидаёқ бошланганди. Ўшанда табиий газ ва бошқа энергия ресурсларига нархлар кескин оша бошлади. Бунга сабаб қилиб Норвегия, Россия ва АҚШдан етказиб бериладиган газ ҳажми қисқариши кўрсатилганди.

Европада маҳаллий газ қазиб олиш ҳажмлари қисқариши ҳам вазиятга ўз таъсирини ўтказган. 2022 йилга келиб вазият ўта ёмонлашди, экспертлар фикрича, бундан буён ҳам ёмонлашишда давом этади. Натижада жорий инқироз сўнгги 50 йил ичидаги энг даҳшатлиси бўлиши мумкин, дейди АҚШ нефт ва газ ассоциацияси президенти Тим Стюарт.

Жаҳон учун ушбу инқироз нималарни келтириб чиқаради ва нималарга тайёр туриш керак? Hi-News.ru мақоласида шулар ҳақида фикр юритилган.

Энергетика инқирози ва Россияга қарши санкциялар
Айни пайтга келиб жаҳонда нефт инқирози, газ инқирози ва электр энергияси инқирози бўй кўрсатиб бўлган. Ёз ойларида вазият ўнгланади деб ўйлашганди, чунки бу вақтга келиб мамлакатлар қишки иситиш мавсумигача энергия ресурсларини жамғариб олишлари мумкин эди. Бироқ халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фотиҳ Биролнинг таъкидлашича, иссиқ ёз аксинча энергетика инқирозини янада чуқурлаштириши мумкин.

Бу энергиянинг катта қисми ҳавони совитиш учун кетиши билан боғлиқ. Бир вақтнинг ўзида Европада бензин, керосин ва дизел ёнилғиси етишмовчилиги пайдо бўлиши мумкин. Лекин сабаб биргина совитиш билан боғлиқ эмас. Евроиттифоқ мамлакатлари Россияга қарши санкцияларнинг навбатдаги тўпламини маъқуллашди, унга кўра рус нефти импортининг учдан икки қисмига эмбарго жорий этилади. Россия учун бу 22 млрд доллар йўқотиш дегани, Европа учун эса — энергия ресурслари билан муаммолар катталашишини билдиради.

Россия нефтига эмбарго вазиятни янада чуқурлаштирмоқда. Фото: forpost-sz.ru
Санкцияларнинг олтинчи тўплами олти ойдан сўнг чекли тарзда кучга киргач алянс давлатларига нефтнинг денгиз орқали етказиб берилишига тақиқ жорий этилади. Саккиз ойдан сўнг нефт маҳсулотлари етказилишига ҳам тақиқ кучга киради. Фақатгина «Дружба» нефт қувури орқали етказиб беришга тақиқ жорий этилмаяпти.

Бундан ташқари, вазиятни трейдерларнинг ўз-ўзини чеклаши ҳам қийинлаштирмоқда. Яъни улар Россиядан нефт харид қилишга расман тақиқ олишмаган, лекин жамоатчилик босимидан ҳайиқиб, харид ҳажмини қисқартиришмоқда.

Халқаро энергетика ассоциацияси тахминига кўра, Россиядан нефт етказиб бериш ҳажми суткасига 9,6 млн баррелгача қисқаради. Бундай паст ҳажм сўнгги марта 2004 йилда кузатилган. Фотиҳ Бирол ҳам, Тим Стюарт ҳам бу нефт инқирози сўнгги 50 йил ичида энг йириги бўлишини тахмин қилишмоқда ва у 70-80-йиллардаги инқироздан узоқроқ давом этади.

Ҳозирга келиб бензин ва дизел ёнилғиси ҳаддан зиёд қиммат бўлиб кетган, боз устига уларнинг захиралари жуда паст даражада. Бироқ ҳамма экспертлар ҳам барча энергия ресурсларини қамраб олган энергетика инқирози шу ёзнинг ўзида чуқурлашади, деган фикрда эмас. Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, ёнилғи тақчиллиги кузатилган тақдирда ҳам у кенг миқёсда бўлмайди. Чинакам жиддий инқироз ярим йил ўтгач, йил охирларига бориб пайдо бўлади.

Энергетика инқирозининг бошқа сабаблари
Инқирознинг пайдо бўлишига мамлакатларнинг қайта тикланувчи энергетикага ўтишга бўлган уринишлари ҳам туртки бўлди. Маълумки, бунинг асосида шамол ва қуёш каби беқарор манбалар ётади. Аниқланишича, дунё ҳали анъанавий энергетика манбаларидан тўлиқ халос бўлишга тайёр эмас экан.

Бундан ташқари, иқлим билан боғлиқ омиллар ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Масалан, Лотин Америкасида энергетика инқирози ГЭСларнинг ишига ҳам ўз таъсирини ўтказган қаттиқ қурғоқчилик шароитида юзага келган.

Инқироз сабабларидан бири қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишдир. Фото: kartinkin.net
Хитойда ҳам мураккаб вазият ҳукмрон, сув тошқинлари натижасида бу ерда 60 дан зиёд кўмир шахталарини сув босган. Бундан ташқари, ҳавога чиқарилаётган зарарли газларга қарши кураш ва экология талаблари қатъийлаштирилиши ҳам кўплаб кўмир қазиб олувчи компаниялар ёпилишига олиб келган. Миср газ етишмовчилигига бошқа сабаб туфайли дучор бўлган — жанговар ҳаракатлар натижасида Суриядан ўтувчи транзит газ қувурининг участкаларига шикаст етган.

Энергетика инқирозини қандай бартараф этиш мумкин?
Инқироздан қочиш ёки камида унинг оқибатларини камайтириш билан боғлиқ бир неча омил мавжуд. Масалан, Эрон ядровий битимини имзолаб, бинобарин, нефт етказиб беришни ошириш билан энергия ресурслари бозорида вазият ўнгланиши мумкин. Хитой ўз иқтисодиёти кучсизланиши натижасида харид ҳажмини камайтира бошласа ҳам вазиятга ижобий таъсир пайдо бўлади.

OPEC+ аъзоси бўлган араб давлатлари агар қазиб олишни кўпайтирса, нефт ва нефт маҳсулотлари етишмовчилигини қисман компенсация қилиши мумкин. Бироқ бу омилларнинг барчасига таяниш ярамайди.

Араб амирликлари каби давлатлар қазиб олишни кўпайтириб етишмовчиликни юмшатиши мумкин. Фото: tass.ru
Жаҳон энергетика инқирози оқибатлари
Энергия ресурслари нархи ортиши барча давлатларга таъсир қилади, айниқса зарур захираларга эга бўлмаган давлатларга. Биринчи навбатда электр энергияси ва иситиш нархи ошади. Ундан сўнг барча товарларнинг нархи оша бошлайди. Кўплаб давлатларда бу жараён аллақачон бошланган.

Нархнинг кескин ошиши айниқса озиқ-овқат маҳсулотлари — гўшт, ғалла, мева ва сабзавотларга тааллуқли бўлади. Фермерлар ҳозирданоқ ўғит нархи кўтарилганини қайд этишмоқда. Айтиш жоизки, дунёда озиқ-овқат инқирози энергетика инқирозисиз ҳам бўй кўрсатиб бўлганди. Энди янада яққол намоён бўлади. Жаҳон айни пайтга келиб нон етишмовчилиги ёқасида турибди.

Дунё очарчилик ва ишсизликдан қаттиқ жабр кўриши мумкин. Фото: infosmi.net
Энергетика инқирозидан металлургия, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва машинасозлик ҳам қаттиқ жабр кўради. Шунингдек, у маиший техника, электроника ишлаб чиқариш, автомобилсозлик каби соҳаларда ҳам акс этади. Ҳалокатли вазият одатий тарзда аввал энг қашшоқ давлатларда пайдо бўлади, уларда очарчилик вужудга келади. Бой давлатларни ҳам ишсизлик, инфляция ва айрим маҳсулотларнинг танқислиги қийнайди.

NZT Rusfond бош директори Игор Шимконинг айтишича, энергетика инқирози албатта стагфляцияни вужудга келтиради. Бу инфляция ва иқтисодиётнинг депрессив ҳолати натижасида вужудга келган вазиятдир. Бу ҳолатда истеъмолчилар ўз эҳтиёжлари учун керакли даражада маҳсулотлар ва хизматларни харид қила олишмайди. Бундай вазият қанчагача чўзилиши мумкин? Бу саволга ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди, бироқ экспертларнинг хулосалари хавотирли. Уларнинг фикрича, инқироз жуда узоқ давом этади.

Ривожланган давлатлар ИЭС ва печка билан иситишга қайтадими?

Кўмир ёрдамида электр энергиясини генерация қилишга қайтишни тобора кўп давлатлар тилга олмоқда. Биринчилар сафида Буюк Британия бор ва улар ИЭСларни қайта ишга туширишни жиддий муҳокама қилишмоқда. Ҳаттоки Австралия ҳам илгари ёпиб ташланган кўмир билан ишловчи электр станцияларини қайта ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат ресурслар вазири Мадлейн Кинг айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, 2020 йилда ёпиб ташланган кўмир электр станциялари мамлакатда энергетика инқирози пайдо бўлишига бош сабаб бўлган.

Вазирнинг айтишича, Австралия яна 30 фоиз энергия қувватларига эга бўлиши ва қишдан эсон-омон ўтиб олиши учун операторлар имкон қадар тезроқ иссиқлик электр станцияларини қайта ишга туширишлари керак. Афтидан, кўплаб давлатлар ҳам шундай йўл тутишади. Бундан ташқари, ўрмонга бой Европа давлатлари қишда печкада исинишдан умид қилиб туришибди.

Масалан, Полша ҳукумати уйни иситиш учун давлат ўрмонларидан қуриган шох-шаббаларини текинга йиғишни фуқароларга таклиф қилди. Эстонияда ҳам шундай имконият бор, фақат бу таклиф пулли. Финландия ва Швецияда ҳам ўтин ёрдамида исиниш оммавий бўлиб кетиши кутилмоқда. Масалан, Финландияда деярли ҳар бир уйда камин бор, айрим одамлар совуқ кунларда унда ўтин ёқиб туришган.

Қишда ўтин ёрдамида исиниш — Европанинг айрим давлатлари учун реал истиқбол. Фото: swedensauna.ru
Бироқ ўтин ёрдамида исинишни Европанинг барча давлатлари ҳам ўзига эп кўра олмайди, чунки уларнинг ҳаммасида ҳам ўрмон йўқ. Боз устига, сўнгги йилларда ўтиннинг нархи ҳам бир неча баробарга кўтарилиб кетди. Шу сабабли, иқтисодий имкониятлари пастроқ европаликлар учун қишга ўтин жамғариш амалда бажариб бўлмас вазифага айланиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, глобал иқлим исишига қарши курашиш кейинги планга ўтиб қолганини кўриш мумкин. Энергетика инқирози айни дамда реал ва жиддий хавф сифатида қабул қилинмоқда. Бинобарин, сайёрамизда ҳарорат ошишда давом этади ва бу экологик, иқлимий, иқтисодий ва озиқ-овқат билан боғлиқ бошқа муаммоларни келтириб чиқараверади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сўнгги 50 йилдаги энг йирик энергетик инқироз ва унинг жаҳонга таҳдиди