Фото: Getty Images
АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси ва Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон CNN телеканали эфирида чет мамлакатларда давлат тўнтаришларини режалаштиришда иштирок этганини маълум қилди, деб ёзади «РБК».
Ушбу баёнот ўтган йилнинг 6 январида Капитолий яқинидаги тартибсизликлар муносабати билан АҚШ собиқ президенти Дональд Трампга нисбатан зўравонликка даъват ҳақидаги айбловлар фонида янгради. Ўшанда сайлов натижаларидан норози бўлган собиқ президент тарафдорлари Капитолийни эгаллаб олган эди. Уларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ ва ёруғлик-шовқинли гранаталар қўлланилган. Тўқнашувлар оқибатида беш киши ҳалок бўлган. Конгресс қўмитаси фикрича, Трамп Twitter ёрдамида норозилик намойишларини бошқарган.
Бироқ Болтон маълум қилишича, собиқ президент «пухта режалаштирилган давлат тўнтариши»ни амалга ошириш учун етарли даражада қобилиятли эмас. «Бу ерда эмас, бошқа мамлакатларда давлат тўнтаришларини режалаштиришда ёрдам берган одам сифатида айтаманки, бу кўп ишни талаб қилади. Трамп амалга оширган нарса бу эмас», — дея қўшиб қўйди миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси.
Болтон тафсилотларга берилмаслигини айтди, аммо кейинроқ Венесуэлани тилга олиб, у ерда мухолифатнинг кураши муваффақиятсиз тугаганини қайд этди. «Бизнинг бунга қандайдир алоқамиз бор эди, деб бўлмайди, лекин мухолифатнинг қонуний сайланган президентни ағдаришга уриниши нима билан тугаганини кўрдим ва улар муваффақиятсизликка учради», — деди Болтон.
Бошловчининг Венесуэладаги давлат тўнтаришига уринишлардан ташқари, Болтон сир тутаётган бошқа воқеалар ҳам бўлгани ҳақидаги тахминларига жавобан, у: «Бўлганига ишончим комил», — деди.
2019 йилда Венесуэла миллий ассамблеяси (бир палатали парламенти) раиси ва мухолифат етакчиси Хуан Гуаидо парламент томонидан узурпатор (ҳокимиятни қонунга хилоф равишда тортиб олган шахс) деб топилган Николас Мадуро ўрнига ўзини мамлакат президенти вазифасини бажарувчи деб эълон қилиб, қасамёд қабул қилган эди. Ўшанда АҚШ президенти маъмурияти Трамп Гуаидони мамлакат раҳбари сифатида тан олганини маълум қилганди.
Ундан аввал АҚШ вице-президенти Майк Пенс Венесуэла аҳолисига видеомурожаат қилиб, Мадурога қарши намойишчиларни қўллаб-қувватлаган ва уни ҳокимиятга даъво қилишга қонуний асослари бўлмаган «диктатор» деб атаганди. Шундан кейин Мадуро «АҚШ билан дипломатик алоқаларни қайта кўриб чиқишни» буюрганини айтганди.
Вашингтон кўп марта бошқа мамлакатларда давлат тўнтаришларини ташкиллаштиришга алоқадорликда айбланган. Хусусан, ўтган йил июнида Беларусь мудофаа вазири Виктор Хренин Минскда «Беларусь давлати раҳбари ва унинг оиласи аъзоларини жисмоний йўқ қилиш бўйича исён»ни ташкиллаштиришда АҚШнинг қўли борлиги ҳақида «рад этиб бўлмайдиган далиллар» борлигини айтганди. Давлат департаменти бу ахборотни рад этди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин