Фото: City of Uvalde Police Department / Reuters / Scanpix / LETA
Май ойида Техасдаги мактабда катта синф ўқувчиси 20 дан ортиқ одамни отиб ўлдирганди. Маълум бўлишича, 400 нафарга яқин полициячи бир соат давомида у эгаллаб олган синфга киришга журъат этмаган. Уларни ҳеч ким бошқармаган.
24 май куни Американинг Ювалде шаҳрида катта синф ўқувчиси томонидан бошланғич мактабга уюштирилган қуролли ҳужумда 19 бола ва икки нафар ўқитувчи ҳалок бўлганди. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўнлаб ходимларининг суст ва мувофиқлаштирилмаган ҳаракатлари қутқарув операцияси муваффақиятсиз якунланишига олиб келди. Техас Вакиллар палатасининг махсус қўмитаси томонидан тайёрланган 80 саҳифалик ҳисоботда шулар келтирилган.
Воқеаларни мустақил текшириш учун тузилган қўмита аъзолари мактабдаги отишма гувоҳлари ва махсус операция иштирокчилари билан 40 дан ортиқ суҳбат ўтказган. Хулосада айтилишича, мактабда отишма содир бўлган куни турли кучишлатар идораларининг 376 нафар аъзоси, жумладан Ювалде полицияси, округ шерифи, Техас жамоат хавфсизлиги департаменти, АҚШ чегара хизмати ва Маршал хизмати ёрдамга келган.
Шу билан бирга, полиция камида 73 дақиқа давомида ҳаракатларни мувофиқлаштира олмаган ва қуролли жиноятчи кириб олган синфга ҳужум бошламаган.
Кейинчалик полиция томонидан ўлдирилган ва 18 ёшли Салвадор Рамос экани аниқланган ҳужумчи тахминан 142 марта ўқ узишга улгурган. У АР-15 русумли милтиқ билан қуролланганди. Ҳисоботда таъкидланганидек, Рамос ўқларнинг 100 дан ортиғини ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари мактаб биносида пайдо бўлишидан олдин узган.
Ҳужжатда келтирилишича, ўша пайтда мактабда бўлган ўнлаб полициячиларнинг ҳеч бири операцияни бошқаришни ўз зиммасига олмаган, «фаол отишма» билан боғлиқ вазиятда кутилганидек ҳаракат қилмаган ва бегуноҳ қурбонларни қутқаришни ўз хавфсизлигидан устун қўймаган.
«Биз тизимдаги нуқсонларни ва очиқдан очиқ нотўғри қарорларни аниқладик», деб ёзади ҳисобот муаллифлари. «Ҳодиса жойига келганларнинг барчаси хаос юз берганини айтди», дейди қўмитага раҳбарлик қилган Дастин Берроуз.
Операция иштирокчиларининг кўрсатмаларига кўра, улардан баъзилари операцияни Ювалде округи полицияси бошлиғи Пит Арредондо бошқаряпти деб ўйлашган. Унинг ўзи эса қўмитага «баррикада қуриб олган гумондор» сценарийси бўйича ҳаракат қилгани, ҳолатга «фаол отишма» билан боғлиқ вазият деб қарамаганини айтган.
Масалан, Арредондо жиноятчи билан жабрланганлар бирга бўлган синф хонасининг захира калитини излаб «қимматбаҳо вақтни беҳуда сарфлаган». Ваҳоланки, полициячиларнинг ҳеч бири эшик ҳақиқатан ҳам қулфланган ёки йўқлигини текшириб кўрмаган.
Худди шу тарзда АҚШ чегара хизмати махсус кучлари ҳам шошилмаган. Улар калит топилгунга ва ўқўтмас қалқонлар олиб келингунга қадар камида 50 дақиқа кутишган.
Шу билан бирга, воқеа жойидаги баъзи полициячилар синфдан 911 қисқа рақамига ёрдам сўраб қўнғироқлар бўлаётганини, қурбонлар борлигини билган, аммо ҳеч ким ҳужумни тезлаштиришга ҳаракат қилмаган.
«Ҳужум пайтида яраланган ва шифохонага олиб кетилаётганда вафот этганлар ҳақидаги маълумотларга асосланиб, қурбонларнинг баъзилари ёрдамни 73 дақиқа кутмаганида, тирик қолиши мумкин эди», дейилади қўмита ҳисоботида.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг хатти-ҳаракатлари кузатув камераларидан олинган видеода қайд этилган бўлиб, ҳисоботдан бироз олдин Техаснинг Austin American-Statesman нашри томонидан эълон қилинган.
Техас штати Вакиллар палатаси қўмитаси аъзолари ўз фаолиятидан асосий мақсад жамоатчиликка, ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганларнинг яқинларига воқеа ҳақида батафсил маълумот бериш экани, айрим полициячиларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор эса бошқа мансабдорлар томонидан қабул қилинишини таъкидлади.
Ҳозирча Пит Арредондо, шунингдек, отишма куни Ювалде полиция бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарган лейтенант Мариано Паргас маъмурий таътилга чиқарилгани маълум. Шаҳар мэри Дон Маклафлиннинг хабарига кўра, мактабдаги фожиа ортидан камида уч полициячи истеъфога чиққан.
Шаҳарнинг кўплаб аҳолиси, ҳисобот эълон қилинишидан олдин ҳам полициянинг «қўллари қон» эканини айтиб, «қўрқоқлар» жавобгарликка тортилишини талаб қилишган эди, деб ёзади AP. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди