16:30 / 23.07.2022
1 719

Гулнора Каримованинг адвокатлари Швейцария судида ютиб чиқди

Гулнора Каримованинг адвокатлари Швейцария судида ютиб чиқди
Швейцария апелляция суди йирик коррупция можароси ортидан қамоққа олинган Гулнора Каримовани давлат амалдори эмас, деган қарорга келди, дея хабар бермоқда Bloomberg нашри.

Бу унинг телекоммуникация шартномалари эвазига “пора” олгани ҳақидаги даъволар исботланмаганлигини англатади.

Таъкидланишича, Гулнора Каримова мансабдор шахс бўлмаган экан, унинг пора олиш жинояти билан айбланиши ноқонуний ҳисобланади. Ушбу ғалаба Каримовага Швейцарияда музлатилган 303 млн долларлик (293 млн франк) маблағларини қайтариб олиш учун ҳуқуқий асос яратиши мумкин.

Маълумот учун, Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова Ўзбекистондаги иқтисодий жиноятлари учун 2015–2020 йилларда уч марта судланган. 2020 йил мартида унга 13 йил-у 4 ой қамоқ жазоси тайинланган. Қонунчиликка мувофиқ, жазо муддати 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисобланган.

2020 йил майида Ўзбекистон ҳукумати Франциядаги қиймати 10 миллион долларга баҳоланган Каримовага алоқадор активларни қайтариб олганди. 2020 йилнинг июн ойида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард доллардан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этаётгани тўғрисида хабар берилганди.

2020 сентябрда эса Швейцария ҳукумати 2012 йилда Гулнора Каримовага тегишли бўлган ҳисобрақамлардаги маблағлардан 131 миллион долларга тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришга розилик берганди.

2022 йил февралига келибгина Швейцария ва Ўзбекистон музокараларида силжиш бўлди: томонлар қайтарилган маблағларнинг Ўзбекистон халқи фаровонлиги учун ишлатилишини назорат қилиб бориш мақсадида БМТ шафелигида халқаро траст фонди тузишга келишишганди. Ўтган давр мобайнида бу борада қандай ишлар олиб борилганлиги ҳақида қўшимча маълумотлар берилмади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Гулнора Каримованинг адвокатлари Швейцария судида ютиб чиқди