Фото: Associated Press/Nina Lyashonok
Зарбалар Истанбулда Қора денгиздаги учта портни очиб қўйиш бўйича келишув имзоланган куннинг эртасига амалга оширилган, дея хабар берди Украина ТИВ. БМТ, ЕИ, Германия ва АҚШ денгиздаги марказнинг ўққа тутилишини қоралади.
Россия қўшинлари Одесса портига ракета зарбалари берди, дея маълум қилди «Юг» оператив қўмондонлиги. Шу билан бирга, тажовузкор «Калибр» туридаги қанотли ракеталарини қўллаган, деб хабар берди қўмондонлик 23 июль, шанба куни ижтимоий тармоқларда. «Иккита ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилди, иккитаси порт инфратузилмаси объектларига тегди», — дейилади хабарда.
Украина ТИВ расмий вакили Олег Николенконинг билдиришича, зарбалар Истанбулда Қора денгиз портларидан Украина донини экспорт қилиш бўйича келишув тузилганидан бир кун ўтмасдан амалга оширилди, шу сабабли Москва бу келишувлар ва ваъдаларни шубҳа остига қўйди. «Россия ракетаси - Владимир Путиннинг келишувга эришиш учун катта саъй-ҳаракатлар қилган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған юзига тупуриши», деб ёзди у Facebook’да.
Шу билан бирга, ТИВнинг Киевдаги вакили Украина Истанбулда эришилган келишувларни қатъий бажаришга чақиришини таъкидлади. Агар уларга риоя қилинмаса, «Россия глобал озиқ-овқат инқирозининг чуқурлашиши учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади», деб қўшимча қилди у.
Одесса денгиз порти ҳудудидаги портлаш ва ёнғинлар ҳақида маҳаллий Telegram-каналлар ҳам хабар бермоқда. Депутат Олексий Гончаренко ҳам шаҳар осмонидаги ҳаво жанги ҳақида хабар берди. Аввалроқ шаҳарда огоҳлантириш сигнали эълон қилинган эди.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Одессадаги портнинг ўққа тутилишини «қатъий» қоралади ва РФ, Украина ҳамда Туркияни Украина дони ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича келишувга риоя қилишга чақирди. Евроиттифоқ ҳам буни қоралаб чиқди. «Истанбул келишувлари имзоланганидан бир кун ўтиб дон экспорти учун асосий бўлган жойга зарба бериш айниқса қораланади ва Россиянинг халқаро ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларга тўлиқ эътибор бермаслигини яна бир бор кўрсатади», — дея қайд этди Евроиттифоқнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррел.
Айни пайтда, Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россия томонининг ҳаракатларини кескин қоралади. «Одесса портига қўрқоқларча қилинган ракета ҳужумлари Россия раҳбариятининг имзоси ҳозир умуман муҳим нарса эмаслигини кўрсатмоқда», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган Reuters агентлиги. Бербокнинг сўзларига кўра, «ҳужум Украина дони экспорти учун муқобил йўллар устида қаттиқ ишлашни давом эттириш кераклигини кўрсатади».
Шу билан бирга, портнинг ўққа тутилиши ҳақидаги хабарлар нуқтайи назаридан Германия бундестаги РФ президентига ишонмасликка чақирди. «Путинга ишониб бўлмайди. Дон бўйича келишув имзоланган куннинг эртасига у Одесса портига ҳужум қилди», - деди бундестаг раиси ўринбосари Катрин Гёринг-Эккардт RND гуруҳи нашрларига.
Ўз навбатида, АҚШнинг Киевдаги элчиси Брижит Бринк Одессага қилинган ҳужумни номақбул деб атади ва Россияни жавобгарликка тортишга чақирди. «Кремл озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланишда давом этмоқда», деб ёзди дипломат Twitter’да.
Бир кун аввал Россия ва Украина денгиз портларида уруш бошланганидан бери тўсиб қўйилган миллионлаб тонна Украина ғалласини экспорт қилиш муаммосини ҳал қилиш бўйича келишув имзолаган эди. Маросим Истанбулда Антониу Гутерриш воситачилигида ва Ражаб Тоййиб Эрдўған иштирокида ўтказилди. Россия ва Украина ўртасидаги келишув биргаликда тузилмади, аксинча, томонларнинг ҳар бири Туркия ва БМТ билан алоҳида ҳужжат имзолади.
Битим учта порт - Одесса, Черноморск ва Южнийнинг очиб қўйилишини назарда тутади, улардан яқин ҳафталарда Украина озиқ-овқатлари экспортини қайта тиклаш режалаштирилган. Шу билан бирга, Туркияда барча томонлар вакилларидан иборат инспекция гуруҳлари тузилади, улар юклар ва Украина портларига кетаётган ёки ундан чиқиб кетаётган кемалар экипажларини текширишни таъминлайди. БМТ раҳбари ҳужжатнинг имзоланишини «Қора денгиздаги умид чироғи» деб атади. Гутерришнинг таъкидлашича, «келишув тўлиқ амалга оширилиши муҳим». “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»