13:15 / 29.07.2022
2 719

АҚШ «Путиннинг ошпази» ҳақидаги маълумот учун 10 млн доллар мукофот ваъда қилди

АҚШ «Путиннинг ошпази» ҳақидаги маълумот учун 10 млн доллар мукофот ваъда қилди
Путин ва Пригожин.
Фото: РИА Новости

АҚШ Давлат департаменти россиялик тадбиркор Евгений Пригожин ва унинг қўл остидаги 12 ходим ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилди. Расмий Вашингтон уларни АҚШдаги сиёсий жараёнларга аралашув орқали мамлакатга зарар етказишда айбламоқда.

Қайд этилишича, Е.Пригожинга алоқадор Интернет тадқиқотлари агентлиги (IRA) 2014 йилдан буён АҚШдаги президентлик сайловига таъсир кўрсатишга уриниб келмоқда. «Троллар фабрикаси» деб баҳоланувчи мазкур агентликка россиялик тадбиркорга тегишли «Конкорд Менеджмент и Консалтинг» ва «Concord Catering» ширкатлари ҳомийлик қилиши айтилади.

Давлат департаментининг қора рўйхатига Е.Пригожиндан ташқари М.Бистров, М.Бурчик, А.Крилова, А.Богачева каби шахслар ҳам киритилган.

Санкт-Петербургда туғилган Евгений Пригожин Россиядаги юқори мартабали мулозимларга таом етказиш хизмати билан танилган. ОАВ уни «Путиннинг ошпази» деб ҳам атайди. В.Путин 2018 йили АҚШнинг NBC телеканалига берган интервьюсида Пригожин билан шахсан таниш эканини тасдиқлаган, аммо унинг давлат тузилмалари билан алоқаларини рад этган.

Пригожинга қарши АҚШ (2016), Европа Иттифоқи ва Буюк Британия (2020), Канада, Япония (2022) санкция жорий қилган. Тадбиркор АҚШ ва ЕИда мол-мулк ва маблағ сақлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Е.Пригожиннинг суд орқали ЕИ санкцияларини бекор қилишга уринишлари самарасиз якунланган. Аммо у Россия маҳкамаларида оммавий ахборот воситалари ва мухолифат вакилларига қарши даъволарда кўпинча ютиб чиқади.

Е.Пригожин Украина, Сурия, Марказий Африка Республикаси каби хорижий мамлакатларда ҳарбий амалиётларда иштирок этиб келаётган Вагнер хусусий ҳарбий гуруҳига ҳам раҳнамолик қилиши айтилади. Хабарларга кўра, сўнгги пайтларда петурбурглик тадбиркорга алоқадор ширкатлар Африка қитъасидаги сиёсий жараёнларда фаол иштирок этмоқда, сиёсий арбоблар билан тил топишиб, табиий бойликларни қазиб олиш ҳуқуқини қўлга киритмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ «Путиннинг ошпази» ҳақидаги маълумот учун 10 млн доллар мукофот ваъда қилди