10:44 / 30.07.2022
1 353

Боррел Россия ҳарбийларининг Украинадаги ҳаракатларини «ваҳшийлик» деб атади

Боррел Россия ҳарбийларининг Украинадаги ҳаракатларини «ваҳшийлик» деб атади
Жозеп Боррел / Фото: Reuters
Европа иттифоқи бош дипломати Россия ҳарбий асирларга ноўрин муносабатда бўлаётганини айтиб, Еленовкадаги отишма ва асирга олинган украиналикнинг қийноққа солиниши акс этган видеони мисол қилиб келтирди.

Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 29 июль, жума куни Европа ташқи ишлар хизмати веб-сайтида эълон қилинган мурожаатида Европа иттифоқи «Россия қуролли кучлари ва уларнинг вакиллари томонидан содир этилган ваҳшийликларни» кескин қоралашини билдирди.

«Ушбу ғайриинсоний, ваҳший ҳаракатлар Женева конвенциялари ва уларга қўшимча протоколни қўпол равишда бузиш ҳамда ҳарбий жиноятлар ҳисобланади», — дейилади баёнотда.

Европа дипломатияси раҳбари 29 июль куни Еленовкада украиналик ҳарбий асирлар жойлашган бинонинг ўққа тутилишини, шунингдек, кремлпараст ОАВ томонидан тарқатилган «Россия аскарлари украиналик ҳарбий асирга нисбатан даҳшатли ваҳшийлик қилаётгани» ҳақидаги видеони мисол қилиб келтирди. Боррел «Россиянинг Украина ва унинг халқига қарши ноқонуний ҳамда асоссиз босқинчилик уруши кундан-кунга янги даҳшатли ваҳшийликларга етаклаётганини» таъкидлади.

Дипломат Россиянинг халқаро гуманитар ҳуқуқ доирасида ҳарбий асирларни ҳимоя қилишни таъминлаш мажбуриятини эслатиб ўтди, бу Еленовкада ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларга ҳам тегишли, улар орасида таслим бўлган ва Халқаро қизил хоч қўмитаси томонидан рўйхатга олинган «Азовстал» ҳимоячилари ҳам бор эди.

Боррелнинг сўзларига кўра, «ҳарбий жиноятлар ва бошқа жиддий қонунбузарликларни содир этганлар, шунингдек, масъул ҳукумат амалдорлари ва ҳарбий вакиллар жавобгарликка тортилади», чунки бу «варварлик ҳаракатлари Женева конвенцияларининг жиддий бузилиши ҳамда ҳарбий жиноятларни ташкил этади».

Июль охирида ижтимоий тармоқларда камуфляж формадаги икки эркак Украина формасига ўхшаш кийимдаги одамни ерда ушлаб, канцелярия пичоғи билан қийнаётгани акс этган видео тарқалди. Видео ким ва қачон суратга олингани номаълум, бироқ 29 июль куни россияпараст Telegram-каналларда видеонинг иккинчи қисми пайдо бўлди. Унда қийноққа солинган одамнинг бошига ўқ узилади. Украина Бош прокуратураси қийноқлар бўйича ҳужжатлаштирилган эҳтимолий ҳолат юзасидан тергов бошланганини эълон қилди.

Шу куни Донецк областининг Волноваха тумани Еленовка қишлоғида асирга олинган украиналик ҳарбийлар жойлаштирилган ахлоқ тузатиш колонияси биноси ўққа тутилди. Россия ва Украина бир-бирини отишмада айблади.

Россия Мудофаа вазирлиги зарбани украиналик ҳарбийлар Американинг HIMARS ЯЎРТдан берганини даъво қилмоқда. Украина Бош штаби маълумотига кўра, руслар колонияга ҳужум қилиб, ҳарбий асирлар қийноққа солингани ва ўлдирилганини яширишга уринган. Украина разведкаси асирларни ўлдиришни Россия Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан мувофиқлаштирмасдан, «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг ёлланма аскарлари уюштирган деб ҳисоблайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Боррел Россия ҳарбийларининг Украинадаги ҳаракатларини «ваҳшийлик» деб атади