20:53 / 03.08.2022
2 712

Россия илк бор АҚШни Украинадаги ҳарбий тўқнашувларда бевосита иштирок этишда айблади

Россия илк бор АҚШни Украинадаги ҳарбий тўқнашувларда бевосита иштирок этишда айблади
Фото: Getty Images
Россияда илк марта АҚШ Украинадаги можарога бевосита аралашгани ҳақида гапиришди. Бунга украиналик генералнинг Британия нашрига берган интервюсини асос сифатида келтиришди. Русларнинг иддао қилишича, генерал интервюда украин ҳарбийлари Украинадаги россияликларга тегишли техника ва объектларга АҚШ тақдим этаётган маълумотлар асосида HIMARS ёрдамида зарба бераётганини айтган.

Украиналик генерал Скибицкий нималар деганди ўзи?

Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили бўлмиш генерал Игор Конашенков Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси раҳбари ўринбосари Вадим Сикибицкийнинг Telegraph нашрига берган интервюсига эътибор қаратган.

Мақолада асосан Украина разведкачилари Ғарб қуроллари келиши бўйича маълумотлар чиқиб кетишининг олдини олаётгани, агентларни аниқлаш жараёни ҳақида сўз боради. Мақола ўртасида шундай савол ўртага ташланади: АҚШ тақдим этаётган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари русларнинг қурол-яроғ ва ёнилғи омборларига, Украина шарқидаги штабларига аниқ зарба бермоқдами?

«Бу борада онлайн режимда олинаётган маълумотлардан ҳам фойдаланамиз», деган украиналик генерал. Бу саволга жавоб берар экан, генерал Скибицкий АҚШ нишонлар бўйича тўғридан тўғри маълумот бермаётгани, бу уларнинг урушда бевосита иштирок этмаслик тўғрисидаги баёнотига зид бўлиб қолишини айтиб аниқлик киритган.

Украиналик генералнинг сўзларидан келиб чиққан ҳолда Британия нашри шундай хулоса қилади: Украина разведкаси ракета зарбалари олдидан америкалик ҳамкасблари билан маслаҳатлашув ўтказиши мумкин, АҚШ қайсидир нишонга бериладиган зарбани тўхтатиб қолиши учун.

«Мен Британия ёки АҚШ сунъий йўлдошларидан фойдаланамизми ёки йўқлигини айта олмайман, лекин бизда сунъий йўлдошдан олинган жуда яхши суратлар бор», деган украиналик генерал.

Бу интервюдан россиялик генерал қандай хулоса қилган?

Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал Конашенков бу интервюга асосланган ҳолда Россия эндиликда АҚШни можаронинг бевосита иштирокчиси деб ҳисоблашини айтган. Унинг иддао қилишича, гўёки украиналик генерал HIMARS орқали берилаётган зарбаларни Украина томони АҚШ билан келишиб амалга оширишини айтган.

Аммо генерал Скибицкий суҳбат давомида бундай келишув борлигини айтмаган, аксинча АҚШ HIMARS зарба бериши учун нишонлар ҳақида тўғридан тўғри маълумот бермаслигини таъкидлаганди.

«Россия мудофаа вазирлиги украиналик генерал Скибицкийнинг HIMARS орқали берилаётган ҳар бир зарба Вашингтон билан келишиб амалга оширилаётганини қайд этди ва келажакдаги ҳаракатларда бунга эътибор қаратади», дея Конашенковнинг сўзларини келтирган «Интерфакс».

«Бундан келиб чиқадики, Вашингтон Оқ уй ва Пентагоннинг баёнотларига зид ўлароқ Украинадаги можарога бевосита алоқадор эканини кўрсатади», дея хулоса қилган Конашенков. Унинг иддао қилишича, Жо Байден маъмурияти Донбассдаги аҳоли яшаш кварталларига берилаётган зарбалар учун бевосита жавобгар.

Қизиғи, россиялик генерал HIMARS зарбалари ҳақида гапирар экан, Херсонда жойлашган Нова Каховкадаги портлашни ҳам санаб ўтган. Уруш бошида руслар томонидан аксар ҳудуди босиб олинган Херсон областидаги бу портлаш Украина томони рус қўшинларининг ўқ-дорилари сақланадиган омборга зарба бериши оқибатида келиб чиққани маълум қилинганди. Россия томони эса украинлар зарба ўқ-дори омборига эмас, селитра сақланадиган омборга берилгани, оқибатда тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани, уйлар бузилганини айтганди. Яъни Россия томони бу зарба ноаниқ бўлган деб ҳисоблаганди, Конашенков эса буни HIMARS'нинг америкаликлар берган маълумотлар асосида амалга оширган аниқ зарбалари қаторига қўшган.

Россия мудофаа вазирлиги расмийси Оленивкадаги қамоқхонага ҳам украинлар HIMARS ёрдамида зарба бергани ҳақида айтган, бу борада руслар биринчи кундан бери айтиб келишади. Аммо Украина томони ўз асирлари сақланаётган қамоқхонага зарба берганини рад этмоқда. Экспертлар бино ракета зарбасидан эмас, ичкарида бомба портлатилиши оқибатида ёниб кетганини айтмоқда.

Украина разведкаси қамоқхонадаги портлашни Россия назоратидаги «Вагнер» хусусий ҳарбий гуруҳи уюштирган деган тахминни илгари сурганди. Халқаро урушни ўрганиш институти Оленивкадаги зарба ва 53 нафар ҳарбий асир ҳалок бўлгани учун Россия жавобгар эканини маълум қилди. Институтнинг АҚШ армиясидаги икки манбаси бинога HIMARS ёрдамида зарба берилмаганини билдирган.

Лавров нима деди?

Апрел ойидаёқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб Украинага қурол бериш орқали можарога аралашиб бўлганини айтганди. Унинг фикрича, ўшандаёқ НАТО «прокси уруш»га аралашган.

«Улар юбораётган қуроллар «махсус ҳарбий амалиёт» ўтказаётган Россия ҳарбийлари учун қонуний нишон ҳисобланади. Украина ғарбидаги қурол омборлари ҳам бир неча марта нишонга айланиб улгурди. Бошқача бўлиши мумкинми? НАТО Россия билан прокси урушга киришдими, демак, бу урушдақа уруш», деганди Лавров.

АҚШ тўғридан тўғри қарама-қаршиликни истамайди

Укарина Ғарбдан нишонга аниқ урувчи қуроллар олишни, бу орқали Россиянинг 24 феврал кунги босқинидан кейин бирин-кетин бой берилган ҳудудларини қайтиб олишни истайди. АҚШ президенти Жо Байден мамлакат бу урушда Украина ғалаба қозонишини исташи ҳақида бир неча марта гапирган. АҚШ Украинага аллақачон бир неча миллиард долларлик қурол-яроғ юбориб бўлди, аммо америкаликлар Россия билан тўғридан тўғри тўқнашув содир бўлишини истамасликларини ҳам бир неча бор айтишган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия илк бор АҚШни Украинадаги ҳарбий тўқнашувларда бевосита иштирок этишда айблади