Россия Мисрнинг Ўрта Ер денгизи соҳилидаги Ал-Ҳамра терминалидан фойдаланиб, ғарб санкцияларини четлаб ўтган ҳолда нефть экспорт қилиш йўлини топди. Бу ҳақда 3 август, чоршанба куни кема кузатуви маълумотларига таяниб, Bloomberg хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, 24 июль куни эрталаб Ал-Ҳамрага Crested танкери орқали тахминан 700 минг баррель Россия нефти етказилган. Бир неча соат ўтгач, бошқа кема - Chris портдан нефтни олиб кетди, унда Россия ёнилғисининг бир қисми ёки ҳаммаси бўлиши мумкин. Ал-Ҳамра терминали, таъкидланганидек, Мисрнинг Ғарбий чўлида қазиб олинган нефтни ташиш учун қурилган, бу эса «рус нефтини маҳаллий билан аралаштириш имконини беради».
Chris танкери айни дамда Мисрнинг Қизил денгиз соҳилидаги Рас Шуҳайр нефть терминалида турибди, деб хабар берди Bloomberg. Ушбу терминал ҳам Россия нефтини Миср нефти билан аралаштириш имконини беради. «Россия нефть таъминоти янада яширин бўлиб бормоқда, чунки европалик харидорлар Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг ундан воз кечган», — деб ёзади агентлик.
Июнь ойи бошида The Wall Street Journal нефть трейдерлари Россия нефтини АҚШга етказиб бериш тақиқини четлаб ўтиш йўлларини қидираётгани ҳақида ёзган эди. Улар, масалан, рус нефти бензин, дизель ёнилғиси ёки бошқа қайта ишланган маҳсулотларда ишлатилганлигини яширишмоқда.
WSJ маълумотларига кўра, қисман Россия нефтидан ишлаб чиқарилган ёнилғи юки май ойида денгиз орқали Нью-Йорк ва Нью-Жерси шаҳарларига етиб келган. У АҚШга Сувайш канали ва Атлантика океани орқали Россия нефтининг асосий харидорлари бўлган Ҳиндистондаги нефтни қайта ишлаш заводларидан олиб келинган.
Россияда қазиб олинган нефть, шунингдек, Ўрта Ер денгизи, Қора денгиз ва Ғарбий Африка қирғоқларидаги кемаларга юкланади, сўнгра келиб чиқиши бошқа давлат кўрсатилган ҳолда нафақат Хитой ва Ҳиндистонга, балки Европа мамлакатларига ҳам етказиб берилади, дея қайд этган нашр.
АҚШ президенти Жо Байден 8 март куни - Россиянинг Украинага бостириб киришидан кўп ўтмай - Россиядан нефть ва газ импортини тақиқлашини эълон қилди. 3 июнь куни Евроиттифоқ Россия нефтига қисман эмбарго олтинчи санкциялар пакети доирасида келишилганини эълон қилди, аммо у бир қатор Европа мамлакатларига маҳсулотни қувур орқали етказиб беришга таъсир қилмади.
Санкциялар пакети Буюк Британия томонидан қўллаб-қувватланган, Россия нефтини денгизда ташишни суғурталашни тақиқлашни ўз ичига олади, бироқ глобал энергетика инқирози хавфи туфайли уни жорий этишни кечиктиришга қарор қилинган.
Санкциялар фонида Ҳиндистон ва Хитой уларга сезиларли чегирма билан етказиб бериладиган Россия нефтининг импортини оширди. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»