10:37 / 06.08.2022
1 833

Россияда бир ярим ой ичида учинчи олим давлатга хиёнат иши бўйича ҳибсга олинди

Россияда бир ярим ой ичида учинчи олим давлатга хиёнат иши бўйича ҳибсга олинди
Фото: Getty Images
Россия Фанлар академияси Сибир бўлинмаси (РФА СБ) С.А.Христианович номидаги Назарий ва амалий механика институти (НАМИ) директори Александр Шиплюк давлатга хиёнатда айбланиб, Новосибирскда ҳибсга олинди. Бу ҳақда 5 август, жума куни Россиянинг қатор ахборот агентликлари хабар берди.

«Институтда тезкор тадбирлар ўтказилди. Улар бизнинг директоримиз Александр Николаевич Шиплюк билан боғлиқ. У ҳибсга олинди. Унга Маслов (илгари ҳибсга олинган институт бош илмий ходими Анатолий Маслов) билан бир хил айбловлар қўйилган. Давлатга хиёнат», дея институт илмий директори Василий Фоминнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ТАСС. Унга кўра, Шиплюк Москвадаги «Лефортово» тергов изоляторига олиб кетилган.

Александр Шиплюк - таниқли россиялик олим, РФА мухбир аъзоси, юқори тезликдаги аэрогазодинамика ва газ оқимларини ўрганишнинг экспериментал усуллари соҳасидаги йирик мутахассис, дейилади унинг институт сайтидаги таржимаи ҳолида.

РФА СБ НАМИда Шиплюк «Гипертовушли технологиялар» лабораториясини бошқарган ҳамда директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари бўлган. Институт сайтидаги маълумотга кўра, Шиплюкнинг асосий илмий изланишлари «аэрофизик тадқиқотларнинг экспериментал базаси ва усулларини ишлаб чиқиш», юқори парвоз тезлигида тўлқин жараёнларини ўрганиш, «гипертовушли учар қурилмаларининг экспериментал аэротермодинамикаси» билан боғлиқ.

Шиплюк сўнгги бир ярим ой ичида «давлатга хиёнат» моддаси бўйича ҳибсга олингани маълум бўлган учинчи олимдир. 27 июнь куни давлатга хиёнатда гумон қилиниб, шу институтнинг бош илмий ходими Анатолий Маслов ҳибсга олинди ва «Лефортово» тергов изоляторига жойлаштирилди. Маслов гипертовуш билан боғлиқ ва давлат сири ҳисобланган маълумотларни бериб юборганликда гумонланмоқда, деб ёзди ТАСС ўзини ошкор этмаган суҳбатдошига таяниб.

Шиплюкнинг ҳибсга олиниши ҳақида гапирган Фомин, Маслов иши бўйича «Московский комсомолец» газетасига изоҳ берар экан, институт ходимлари Россия ҳукумати кўрсатмаси билан «чет эллик ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлганини» айтди. «Хусусан, Маслов Американинг «Боинг»и билан, хитойликлар ва немислар билан ишлаган. Энди эса олимлар айбдор бўлиб қоляпти», - дейди Фомин.

30 июнь куни Новосибирскда РФА СБ Лазер физикаси институти (ЛФИ) илмий ходими Дмитрий Колкер ҳибсга олинди. Олимга ошқозон ости бези саратонининг тўртинчи босқичи ташхиси қўйилган. Ташхисга қарамай, у хусусий клиникадан Москвага, «Лефортово» тергов изоляторига ўтказилди. Колкер уч кундан кейин тергов изоляторида вафот этди. ОАВ хабарларига кўра, Маслов ҳам, Колкер ҳам Хитойга махфий маълумотларни тақдим этганликда гумонланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда бир ярим ой ичида учинчи олим давлатга хиёнат иши бўйича ҳибсга олинди