09:30 / 11.08.2022
2 792

Жануб учун жанг: Россия армияси кейинги юришни қачон ва қандай бошлаши мумкин?

Жануб учун жанг: Россия армияси кейинги юришни қачон ва қандай бошлаши мумкин?
Фото: Россия Мудофаа вазирлиги
Россия армияси сўнгги кунларда ўнлаб батальон-тактик гуруҳларини Донбассдан Украина жанубига кўчирди - бу минглаб жангчилар ва юзлаб техникалар дегани.

Бундай манёврлар россияликлар феврал ойидаёқ эгаллаб олинган Херсон ва унинг атрофидаги ҳудудларни Украина армияси томонидан эълон қилинган қарши ҳужумдан ҳимоялаш истагини англатиши мумкин.

Жанубдаги янги гуруҳ катта ва жуда кўп десант бўлинмаларни ўз ичига олган, мудофаада мотоўқчилар ўрнига бундай бўлинмалардан фойдаланиш у қадар оқилона қарор бўлмайди.

Бу тез орада Россиянинг Украинага қарши урушидаги асосий ҳарбий ҳаракатлар театри Донбассдаги ялангликлардан жанубдаги даштларга, Днепр дарёсининг қуйи оқимининг икки соҳилидаги ҳудудларга кўчиши мумкинлигини англатади.

Бу йўналишда тез кунларда фаол ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетиши ва бутун урушга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлар ҳам тўхтамаяпти ва украин пиёдалари Россия артиллериясининг доимий зарбалари остида қолмоқда.

Бу ҳужумкор гуруҳми?

Фото: AFP
Россия Харкив атрофидаги ва Донбассдаги қўшинларнинг бир қисмини кўчираётгани ҳақида 28 июл куниёқ ҳарбий шарҳловчи, «Ахборий қаршилик» гуруҳи координатори Константин Машовец хабар берганди.

Унинг сўзларига кўра, июл ойи охирида россияликлар Шарқий ҳарбий округ бўлинмаларини Херсон ва Запорижжя областларига қайта жойлаштирган.

Хусусан, гап уруш бошида Киевга бостириб кирган 35-қўшма армияси қисмлари ҳақида кетмоқда: айнан унинг 64-мотоўқчилар бригадаси март ойида Бучани ишғол қилган ва айнан шу ерда ҳарбий жиноятлар содир этишда айбланган.

Кейинроқ бу 35-армия Харкив областининг Изюм шаҳри остонасидаги жангларда иштирок этган.

«Шахсан мен учун, масалан, РФ Қуролли кучлари Шарқий округи 35-қўшма армияси ҳаракатга келтирилиши ва қўлланиши ўзига хос маънога эга - бу уларнинг бош штаби эътиборини қаерга қаратганини кўрсатади», - деган Константин Машовец.

«Узоқ шарқ» бригадаларидан ташқари, россияликлар Украина жанубига жами сони 10 минг атрофидаги ҳарбийни ташкил этувчи ҳаво-десант бўлинмаларининг катта қисмини ҳам ташламоқда.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги
Херсон областида Днепрнинг ўнг соҳилига россиялик десантчилар келганини (яъни Херсон шаҳри жойлашган соҳил) 1 август куни Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович ҳам «Фейгин Live» канали эфирида тасдиқлади.

«Кўриниб турибдики, душман қўшинлари қўмондонлиги Жанубий операцион зонада (яъни Миколайив, Кривий Риҳ ва Запорижжя йўналишлари) асосини Шарқий ҳарбий округ қўшинлари ташкил этувчи ҳужумкор қўшинлар гуруҳини… ва РФ Қуролли кучлари ҳаво-десант кучларининг асосий қисмларини, шунингдек Жанубий ҳарбий округнинг 49- ва 58-қўшма армияларини жойлаштирмоқда», деб ҳисоблайди Константин Машовец.

Қолаверса, жанубга олиб келинаётган техникаларга қараб ҳам россияликларнинг режалари ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

30 июл куни ижтимоий тармоқда Қримдан Украинанинг материк қисмига йўл олган эшелон видеоси тарқалди.

Унда V белгиси (Россиянинг Шарқий ҳарбий округига мансубликни ифодалайди) қўйилган техникалар ортилганди.

Бу техникалар орасида қуйидагиларни учратиш мумкин: ИМР-2 (муҳандислик танки), бир неча ЭОВ-4421 (ҳарбий экскаваторлар), бир қанча ТММ-3 (армияда кенглиги 40 метргача бўлган тўсиқларни енгиб ўтиш учун фойдаланиладиган оғир механизациялашган кўприклар), шунингдек БАТ-2 (ҳарбий бульдозер).

Эшелонда экскаваторлар ва тракторлар ҳам бўлиб, назарий жиҳатдан улар окоплар ва бошқа мудофаа истеҳкомлари қуриш учун ишлатилиши мумкин, муҳандислик танклари, ҳарбий бульдозер ҳамда механизациялашган кўприкларнинг вазифаси - колонна вайроналар ва кичик дарёлар қиёфасидаги тўсиқлардан олдинга силжишни таъминлаш ҳисобланади.

Десантчилар ва «вагнерчилар»

«Тушуниш керакки, душманда яхши тайёргарликка эга кучлар етарли эмас, ҳаво-десант бўлинмалари эса нисбатан энг яхши тайёргарликдан ўтган қисмлар бўлади. Кучсизланган ҳолатида ҳам етарлича ҳарбий салоҳиятни сақлаб қолиб, мудофаани ушлаши ҳам, муҳим йўналишларда ҳужум ҳаракатларини амалга ошириши ҳам мумкин», дейди BBC News Украина билан суҳбатда «Стратегия XXI» глобал тадқиқотлар марказининг хавфсизлик масалалари бўйича лойиҳалари раҳбари Павел Лакийчук россиялик десантчилар кўчириб келтирилиши ҳақида.

Россияликлар Украина қуролли кучларининг Херсонга ҳужумкор ҳаракатларидан мудофааланиш учун эмас, балки юриш бошлашга тайёрланаётгани ҳақида хулосага жанубий йўналишда хизмат қилаётган ва анонимлик асосида BBC Украина хизмати билан суҳбатлашишга розилик берган украиналик офицер ҳам қўшилади.

«Тажрибага кўра, ҳар қандай бўлинма ҳужумкор ҳаракатларда ҳам, мудофааланишда ҳам ишлай олиши керак, бу тактика масаласи. Аммо десантчилардан мудофаада фойдаланиш - айниқса стратегик нуқтайи назардан қаралганда жуда ғалати кўринади. Агар гап мудофаадаги манёврлар ҳақида кетмаётган бўлса», дейди ҳарбий.

«Афтидан, классик қўшма қуролли амалиёт бўлади. «Пион»лар (203-миллиметрли ўзиюрар гаубица) ва бошқа жуда кўп артиллерия қуроллари олиб келишмоқда», дея қўшимча қилган офицер.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги
Унинг сўзларига кўра, «вагнерчилар» («Вагнер» ва «Лига» номли хусусий ҳарбий компаниялар аъзолари, Украина разведкасига кўра, бу гуруҳлар босқин бошидан буён Россия армияси сафида жанг қилмоқда ва штурмчи пиёдалар функцияларини бажармоқда) билан рақобат ҳам россиялик ҳарбий офицерларнинг ҳаракати тажовузкорлигини ошириши мумкин.

ОАВда ёзилишича, айнан «вагнерчилар» май ойида Попасная муваффақиятли штурм қилинишида, яқинда эса Углегир ТЭС эгалланишида муҳим рол ўйнаган.

«Вагнерчилар» самарадорлик кўрсатмоқда ва бунинг эвазига рағбатлантирилмоқда. Россия армиячилари ҳам муваффақият қозонишни истайди - бу ўринда пул учун кураш кетиши мумкин», дея тахмин қилади украин офицери.

Эҳтимолий ҳужум йўналишлари
«Уч йўналишда ҳужум қилиш мумкин: Запорижжяга, Миколайив ва Кривой Рогга ҳамда Никополга. Учинчи йўналиш бўлиши эҳтимоли юқори», дея прогноз қилади Павел Лакийчук.

«Кривой Рог йўналишида зарбдор гуруҳ ташкил қилингани» тўғрисида илк бор 3 июл куни Украина қуролли кучлари «Жануб» оператив қўмондонлиги хабар берганди.

«Россияликлар ўйлагани шундай: Кривой Рогга юриш қилиб, ҳудудни шимолдан ўраб олиш ва Снегиревкадан Миколайивни четлаб ўтган ҳолда Вознесенскка юриш қилиш. Улар аввал ҳам шундай қилишган», деганди Алексей Арестович.

Константин Машовец эса россияликлар кучларни тўплаши истиқболда Запорижжяга таҳдид солишини айтади.

«Шахсан менинг фикримча, душман Днепрнинг икки соҳили бўйлаб ҳам шимолга ҳужум қилишга тайёрланмоқда. Яъни Никопол-Запорижжя (ўнг соҳилда) ва худди шу вақтда бошқа томондан (чап соҳил бўйлаб) яна Запорижжяга. Аммо бу дарҳол эмас, фақат Жанубий операция зонасидаги «кечиктириб бўлмас муаммоли масалалар ҳал қилингани»дан кейин бўлади», дея ёзади Константин Машовец.

Яна бир ҳарбий шарҳловчи, Украина қуролли кучлари Бош штаби бош оператив бошқармаси собиқ зобити Олег Жданов телемарафон эфирида россияликларнинг асосий саъй-ҳаракатлари Миколайивдан шимолдаги Вознесенск йўналишига қаратилишини тахмин қилди.

«Вознесенск - уруш бошидан буён уларнинг сиёсий вазифаси. Улар Херсон-Миколайив-Вознесенск бўйлаб илгарилади ва кейин Одесса ва Днестрбўйига ўтишга ҳаракат қилишди. Шунинг учун ҳозир ҳам улар уруш бошида олдиларида турган сиёсий вазифаларни бажариш контекстида нимагадир қодир эканликларини намойиш этишмоқчи», дейди Олег Жданов.

Днестрбўйига қадар «йўлак очиш»ни март ойи охирида Россия армияси қўмондонлиги «махсус ҳарбий амалиёт»нинг мақсадларидан бири сифатида белгилаганди.

«Днестрбўйига қадар ёриб ўтиш масаласига келсак - буни тўлиқ истисно этиб бўлмайди. Аммо бу ҳолда амалиёт янада кенгроқ характер касб этиши керак бўлади. Ўшанда Миколайивга ҳужум қилишдан ташқари, Украина соҳиллари бўйлаб Одесса йўналишида денгиз-десант амалиёти ўтказиш, шунингдек Днестрбўйининг ўзидан қандайдир тактик ударлар берилиши лозим бўлади», дея қайд этади Павел Лакийчук.

«Украина қуролли кучлари Днестрбўйи йўналишида десант амалиёти ва провокацияларга тайёр турибди ва россияликлар бу йўналишда муваффақиятга эришиши даргумон», деб қўшимча қилади у.

«Тайёр ва тайёрланмоқда»

Фото: Украина қуролли кучлари Бош штаби
Алексей Арестовичнинг баҳоларига кўра, Россия жанубий театрда жами 30 га яқин батальон-тактик гуруҳларни жамлаган. Бу 20 мингдан ортиқ жангчи дегани. Арестовичнинг сўзларига кўра, бу гуруҳлар жиддий йўқотишларга учраган ва тўлиқ штат билан мақтана олмайди.

«Бу қўшинларнинг жанговар тайёргарлик даражаси шубҳа уйғотади. Уларга одамлар етишмайди, руҳий-психологик ва техник ҳолати кўп нарсани орзу қилади», деган президент офиси раҳбари маслаҳатчиси Марк Фейгин билан эфирлардан бирида.

Шу билан бирга, бу гуруҳлар ҳужум ҳаракатлари учун (мудофаа ҳақида гапирмаса ҳам бўлади) етарли даражада кучга эга. Айниқса, россияликларнинг артиллерия ва унга ўқ-дорилар борасида ҳеч қаерга йўқолиб қолмаган устунлиги ҳисобга олинса.

Россияликлар худди шундай миқдордаги батальон-тактик гуруҳлар билан Изюмга муваффақиятли ҳужум қилишганди. Кейин бу кучлар Луҳанск областининг қолган қисмини эгаллаш учун жангларга юборилди (тўғри, Луҳанск областида россияликларнинг батальон-тактик гуруҳлари сони кўпроқ эди ва 50 га яқинлашарди).

«Бизга аста-секинлик билан артиллерия келмоқда. Қўллар ўсиб бормоқда, янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Аммо россияликлар ҳамон ўт очиш кучида устунликка эга», дея тан олади жанубий йўналишдаги офицер.

Шу билан бирга, россияликларнинг асосий йўналиши қандай бўлишидан (ёки барча уч йўналишда олдинга силжиш) қатъи назар, сўнгги ойларда жанубда ўз кучларини қарши ҳужумга ўтиш учун жамлаган украин армияси ҳам россиялик ҳарбийларни қарши олишга тайёр.

«Россияликлар ҳужумга ўтишга тайёрланмоқда. Биз ҳам тайёрмиз ва тайёрланяпмиз. Шунинг учун уларни қарши оламиз», дея анонс қилади Алексей Арестович.

Фото: Украина қуролли кучлари Бош штаби
Украина қуролли кучларининг тайёргарлиги россияликларнинг логистика тизимлари бўйлаб берилаётган артиллерия зарбаларида акс этади.

Сўнгги кунларда украин армияси Антонов кўприклари, россияликларнинг Олешек, Чернобаевка, Нова Каховка, Берислава ва ҳатто фронт чизиғидан 80 км масофадаги Скадовска ҳудудларидаги ўқ-дори омборларини муваффақиятли ўққа тутди.

Аммо энг эътиборли зарба Херсондан 40 км масофадаги Бриловкада россияликларнинг 40 вагонли темирйўл эшелони шахсий таркиб ва ўқ-дорилар билан бирга йўқ қилиниши бўлди.

Россия бу зарба ва у ҳақдаги баёнотни расман изоҳламади. Шу билан бирга, Россиядаги ҳарбий корреспондентлар ушбу ҳудуд аҳолисининг портлаш овозлари ва ёнғинлар акс этган видеоларини ўз саҳифаларига жойлади.

Бундан ташқари, украин армияси Ингулец дарёсининг чап соҳилидаги Давидов Брода посёлкасидан жанубда плацдармни (таянч пункти) ушлаб турибди.

Донбасс ва Харкив

Фото: Украина қуролли кучлари Бош штаби
Россияликлар Украина жанубида кучларини қайтадан тўплашига параллел равишда фронтнинг бошқа участкаларида - Харкив атрофи ва Донбассда ҳам ҳарбий ҳаракатлар тўхтамаяпти.

Август ойи бошида энг қайноқ нуқталар Бахмутдан жанубдаги Кодема, Гладосово ва Майское қишлоқлари, шунингдек, 2014 йилда Донецк аэропорти учун жанглар вақтида украинлар армиясининг афсонавий мудофаа нуқтаси бўлган Пески бўлди.

Украина медиамаконини «Сармат» батальонининг (56-бригада) 21-алоҳида мотоўқчилар бригадаси жангчиси Сергей Гнездиловнинг Пески ҳимоячилари артиллерия кўмагисиз жуда оғир аҳволга тушиб қолгани тўғрисидаги пости ҳаяжонга солди.

«Сиз йўқотишлар сони ва улушини ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсиз. Бу… гўштқиймалагичдан ўтиш, батальон бу ерда шунчаки ўз жасадлари билан ҳужумни тўхтатиб турибди», дея ёзган у.

Кейинроқ ёрдам етиб боргани, душман эса атиги бир неча юз метрга илгарилай олгани маълум бўлди.

Бу вақтда Украина армияси ҳам Донбассда рақибга зарбалар беришни давом эттирмоқда - Ҳорливка яқинида, Верхнеторецк остонасида украин ҳарбийларининг артиллерия зарбаси оқибатида «ДХР» реактив артиллерия дивизиони командири, «Корса» лақаби билан танилган Ольга Качура ҳалок бўлди.

Урушга қадар у Донецк милициясида ишлаган ва подполковник даражасигача кўтарилган, аммо 2014 йилда россияпараст айирмачилар сафига қўшилган ва ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «республика»даги «реактив артиллерия дивизионидаги ягона аёл командир» бўлган. Россия пропагандаси ундан «Гиви» ва «Моторола» даражасидаги медиа персонаж яратган.

Умуман олганда, ҳарбий шарҳловчиларнинг прогноз қилишича, асосий жанглар жанубга кўчган тақдирда ҳам Харкив области ва Донбассдаги фронт тинчимайди - Украина армияси ўз захира кучларини жанубдаги даштларда бошланаётган асосий ҳарбий ҳаракатлар театрига ўтказа олмаслиги учун россияликлар украинларнинг позицияларига босимни сақлаб қолишда давом этади. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Жануб учун жанг: Россия армияси кейинги юришни қачон ва қандай бошлаши мумкин?