12:20 / 16.08.2022
1 512

Зеленскийнинг Россия фуқароларига нисбатан риторикаси қандай ўзгарди?

Зеленскийнинг Россия фуқароларига нисбатан риторикаси қандай ўзгарди?
Фото: BBCRussian
Украина президенти Володимир Зеленский Ғарб давлатларини нафақат россияликларнинг ўз ҳудудига киришини чеклашга, балки олдинроқ келганларни ҳам ватанига қайтариб юборишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, руслар «ўз фалсафасини ўзгартирмас экан, ўз дунёсида яшаши» керак. Урушнинг илк ойларида Зеленский бир неча бор россияликларга мурожаат қилган ва «Украинани қўллаб-қувватлаётган» ва «ҳақиқатни айтишга ҳаракат қилаётганлар»га миннатдорчилик билдирганди. BBC урушдаги воқеалар фонида Украина президентининг Россия фуқароларига муносабати қай тариқа ўзгарганини келтирди.

24 феврал тонгида Россия Украинага босқин бошлайди. Бундан бир неча соат олдин Украина президенти Володимир Зеленский Россия фуқаролари учун рус тилида видеомурожаат ёзганди. Унда у шундай деганди: «Эътибор беринг, мен ҳозир рус тилида гапираман, Россияда ҳеч ким гап нимадалигини тушунмай қолмаслиги учун. Бу номлар, бу кўчалар, бу фамилиялар, бу воқеалар - буларнинг барчаси сиз учун бегона, нотаниш. Бу бизнинг еримиз, бу бизнинг тарихимиз, сиз ким билан нима учун курашасиз?».

Мурожаатининг охирида у сўрайди: «Руслар урушни хоҳлайдими? Мен бу саволга жавоб беришни жуда истардим. Аммо жавоб фақат сизга боғлиқ. Роcсия Федерацияси фуқаролари, дякую за увагу (украинчада эътибор учун раҳмат)».

Урушнинг кейинги ойлари мобайнида Зеленский яна бир неча бор Россия фуқароларига мурожаат қилди. Масалан, босқиндан кейинги илк брифингда у шундай дейди: «Кўп нарса рус халқига боғлиқ. Россия фуқаролари қайси йўлдан боришини ўзлари танлаши керак. Россиядаги ҳали виждонини йўқотмаган ҳар бир киши чиқиб, Украина билан урушга қарши норозилик билдириши вақти келди».

Аммо Россия босқини узоқ даво этувчи урушга айланиб, жуда кўплаб қурбонлар ва вайронгарчиликларга олиб келгач, президент Зеленскийнинг РФ фуқаролари билан муносабатлардаги риторикаси кескинлашиб борди.

8 августда эса у Washington Post нашрига берган интервьюсида Ғарбни барча россияликлар учун чегараларни тўлиқ ёпишга чақирди - чунки «аҳоли шу ҳокимиятни танлаган ва унга қарши курашмади, у билан баҳслашмади ва унга қарата бақирмади». У ўз видеомурожаатларида русча гапиришни ҳам бас қилган.

Қуйида воқеалар хронологиясига мос равишда келтириладиган Украина президенти Володимир Зеленскийдан иқтибослар унинг мурожаатлари, интервюлари ва телеграм-каналидаги постларидан олинган.

26 феврал
Володимир Зеленский: «Россияда мени эшитишларини истайман. Мутлақо ҳамма. Минглаб қурбонлар, юзлаб асирлар, Украинага нега юборилганини шунчаки тушуна олмасдан ўлишди ва бошқаларни ўлдиришди. Ҳукуматингизга урушни тўхтатиш кераклигини қанчалик тезроқ айтсангиз, сизнинг шунча кўп одамларингиз тирик қолади. Биз сизнинг фуқароларингиз орасида урушга қаршилар борлигини кўриб турибмиз. Ва биз биламизки, Россияда кўпчилик ҳукуматнинг разиллиги ва бешафқатлигидан шунчаки карахт аҳволда. Ва бу жуда тўғри реакция. Мен сизларга бундай реакция учун миннатдорчилик билдираман. Леонид Парфенов, Дмитрий Муратов, Юрий Дуд, Лия Ахеджакова, Валерий Меладзе, виждони уйғоқ бўлган бошқа минг-минглаган россияликларга раҳмат айтаман».

24-26 феврал: Россия Украинага қуролли босқин бошлади; россиялик ҳарбийлар Чернобил АЭС, Илон оролини эгаллаб олди, Киевга зарбалар йўлланди.

Фото: PIERRE CROM/GETTY IMAGES
3 март
Володимир Зеленский: «Биз ҳар бир уйни, ҳар бир кўчани, ҳар бир шаҳарни тиклаймиз ва Россияга айтамиз - «репарация» (бир давлат бошқа давлатга етказган зарари учун тўлов) ва «контрибуция» (урушда мағлуб бўлган давлат ғолиб давлатга тўлайдиган товон) атамаларини ўрганиб туринг, сизлар бизнинг мамлакатимизга қарши, ҳар бир украинга қарши қилганларингиз учун товон тўлайсиз, қурбон бўлганларни биз унутмаймиз».

1-4 март: Киевнинг Баби Яридаги телеминорага ракета зарбаси берилди; Россия мудофаа вазирлиги Херсон назоратга олинганини маълум қилди; Запорижжя АЭС ўққа тутилди.

6 март
Володимир Зеленский: «Россияликлар ҳамиша Одессага келишган. Одессада ҳамиша фақат илиқ муносабат кўришган. Фақат самимийликни. Энди нима бўлди? Одессага қарши бомбалар? Одессага қарши артиллерия? Одессага қарши ракеталар? Бу ҳарбий жиноят бўлади. Бу тарихий жиноят бўлади. (...) Россия фуқаролари! Сиз учун бу нафақат тинчлик учун кураш! Бу сизнинг мамлакатингиз учун ҳам кураш. (...) Агар сиз ҳозир сукут сақласангиз, кейин фақат сизнинг қашшоқлигингиз гапиради. Унга фақат репрессия билан жавоб берилади. Жим бўлманг!».

6 март: Украина президенти янги видеомурожаат йўллади, унда Россия Одессани бомбалашга тайёрланаётганини айтди; россиялик ҳарбийлар Ирпиндаги эвакуация пунктини ўққа тутишди.

Фото: DIEGO HERRERA/EUROPA PRESS/GETTY IMAGES
10 март
Володимир Зеленский: «Тунда Мариуполда туғуруқхона ва болалар шифохонаси бомбардимон қилиниши оқибатида қурбонлар бўлгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Биласизми, Россия телевидениесида бу мавзуни эслаб ўтишди. Бу уларнинг ток-шоусида айтилди. Аммо битта ҳам рост сўз айтилмади. Россияликларни алдашди, гўёки шифохонада беморлар, туғуруқхонада эса - аёллар ва болалар бўлмаган. Россияликларни алдашди, гўёки у ерда «националистлар» қўним топган. Улар ишонч билан алдашди. Ҳар доимги каби. Ҳарбий жиноятлар пропагандачилар кўмагисиз бўлмайди. Яна бир нарсани айтишни истардим: сизлар ҳам тинч аҳоли устига бомба ташлашга буйруқ берганлар каби жавоб берасиз. (...) Сиз ҳарбий жиноятлардаги иштирокингиз учун жавобгарликка тортиласиз. Кейин эса… Бу албатта содир бўлади. Россия фуқаролари сиздан нафратланади. Сиз ҳозирда алдаётганларнинг барчаси».

9 март: Россия армияси Мариуполдаги туғуруқхона ва болалар шифохонасига зарбалар йўллади.

Фото: SERGEI ORLOV, DEPUTY MAYOR OF MARIUPOL
15 март
Володимир Зеленский: «Мен ҳақиқатни етказишга ҳаракат қилишдан тўхтамаётган россияликлардан миннатдорман. Биринчи канал студиясига урушга қарши плакат кўтариб кирган қизга алоҳида раҳмат айтаман».

11-15 март: Россия мудофаа вазирлиги Волновахи шаҳри қўлга олинганини маълум қилди; Биринчи каналда янгиликлар дастурининг кечқурунги эфири вақтида канал ходими Марина Овсянникова урушга қарши плакат кўтариб чиқди; Святогорская лавра монастири россияликлар зарбасидан шикастланди.

20 март
Володимир Зеленский: «Биз жуда яхши тушунамизки, Россияда шунчаки адоқсиз инсон ресурслари ва етарли даражада кўп техникалар, ракеталар, авиабомбалар бор - аммо мен Россия фуқароларидан сўрамоқчиман: ўтган йиллар мобайнида сизга нима қилишдики, бундай йўқотишларни сезмай қўйдингиз? Наҳотки сиз учун энди «ўғил», «она», «ота» сўзлари ҳеч нарсани англатмайди? Аллақачон 14 минг аскарингиз ўлди… бу 14 минг оналар, 14 минг оталар. Булар рафиқалар, булар болалар, қариндошлар, дўстлар. Ва сиз буни сезмаяпсизми? Ахир уруш давом этар экан, қурбонлар фақат ошади. Бу сизнинг бизга қарши, Россиянинг Украинага, бизнинг еримизга қарши уруш».

16-21 март: Авиазарба оқибатида Мариуполдаги драматик театр вайрон бўлди - театр биноси остида бомбапанагоҳ ташкил этилган, унинг ҳовлисига йирик қилиб «Дети» ёзуви ёзилганди. БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари бошқармасига кўра, уруш туфайли Украинани 3,5 млн киши тарк этган.

23 март
Володимир Зеленский: «Энди мен Россия Федерацияси фуқароларига алоҳида айтмоқчиман - ишончим комилки, орангизда ҳукуматингиз сиёсатидан нафратланувчилар, телевизордан кўрсатаётганларидан безор бўлганлар кўп, интернетда уруш ҳақида алдашлари учун бу пропагандачиларга сизнинг солиқларингиздан пул тўлашади ва улар Россия фуқароларини янада қашшоқлаштиради. (...) Сиз ҳам, Россия фуқаролари, тинчликдан манфаатдорсиз. Ўз фарзандларингизни урушдан қутқариб қолинг. Уруш ҳақидаги ҳақиқатларни айтинг. Агар имкони бўлса Россияни тарк этинг ва сизнинг солиқларингиз урушга сарфланмаслигини таъминланг, шундай қилинг».

22-26 март: Украина бош прокуратураси урушда қурбон бўлган болалар ҳақида маълумот берди: 25 мартга келиб ҳалок бўлган болалар сони 135 нафарни ташкил этарди, 184 бола турли даражада тан жароҳатлари олганди. Украина томони маълумотига кўра, уруш бошидан буён Украина ва Россия илк бор асирлар алмашинуви жараёнини ўтказган.

27 март
Володимир Зеленский: «Мен президент эканимга ва анча прагматик одам бўлишим кераклигига қарамай, 24-санадан кейин муносабатим ёмонлашди. Жуда кучли ёмонлашди. Россия Федерациясига, халққа нисбатан муносабатимнинг ҳиссиётли қисми йўқолди. Ҳатто халққа нисбатан ҳам. [Россияда] Украинани қўллаб-қувватлайдиган одамлар кўп эканини ақлан тушунишимга ҳам қарамасдан. Мен улардан миннатдорман, чунки оғзаки сўзсиз, ҳаққоний журналистика фаолиятисиз, адолат ва Украина тарафдори бўлган рус одамининг ички потенциалисиз… Ҳа, у аввало ўзининг тарафдори бўлсин — бу эса у ушбу вазиятда Украина тарафдори бўлишини англатади. Чунки бизнинг ҳудудимиздаги уруш бу рус одамига ҳеч қанақа яхшилик олиб келмайди, агар у ўзига ҳисоб берса, шуни тушунади. Бутун аҳолининг муносабати ёмонлашди».

27-29 март: Мариупол мэри шаҳар аҳолисининг ярми эвакуация қилингани, турар жой биноларининг 90 фоизи яксон этилгани ёки шикастлангани ҳақида хабар қилди. Россия армияси Киев атрофидан чекинди. Россия мудофаа вазирлиги «Киев ва Черниҳив йўналишларидаги барча топшириқлар» бажарилганини маълум қилди. Туркия пойтахтида ўзаро музокараларнинг навбатдаги раунди ўтказилди, унинг якунларига кўра «Истанбул коммюникеси» қабул қилинди.

2 апрел
Володимир Зеленский: «Ҳар бир чақирилувчини, уларнинг ота-оналарини огоҳлантиринг: бизга бу ерда янги жасадлар керак эмас. Ўз болаларингизни асранг, улар ёвузлашиб қолмасин. Уларни армияга жўнатманг, улар уйда яшаб қолиши учун қўлингиздан келганини қилинг. Ўзининг уйида. (...) Қримнинг барча аҳолисига айтишни истардимки, бу воқеани саботаж қилинг. Ҳар қандай босқичда. Агар бу иш бермаса, жиноий буйруқларни бажарманг ва биринчи имкон туғилиши биланоқ Украина қуролли кучларига таслим бўлинг. Биз барчасини тўғри тушунамиз. Сиз омон қоласиз».

1 апрел: Россия армияси Харкив областидаги Изюм шаҳрини эгаллаб олди.

3 апрел
Володимир Зеленский: «Буча, Киев области. Энди. Россия келди. Россиялик ҳарбийларнинг оналарига буни кўришни маслаҳат бераман. Кўринг, сиз қандай ҳаромиларни ўстиргансиз. Қотиллар, талончилар, жаллодлар».

2 апрел: Россиялик ҳарбийлар тарк этган Буча шаҳрида тинч аҳоли ёппасига қатл этилгани маълум бўлди, жаҳон нашрларида кўчаларда ўнлаб жасадлар ётгани акс этган тасвирлар тарқалди.

Фото: RONALDO SCHEMIDT / AFP
22 апрел
Владимир Зеленский: «Гўёки Молдовада русийзабонларнинг ҳуқуқлари бузилаётган эмиш. Агар тўғрисини айтадиган бўлсак, Россия рус тилида сўзлашувчиларнинг ҳуқуқлари ҳақида қайғуриши керак бўлган ҳудуд бу — Россиянинг ўзи. У ерда сўз эркинлиги, танлов эркинлиги йўқ. Ўзгача фикр ҳуқуқига ўрин қолдирилмаган. Қашшоқлик гуркираган, инсон ҳаёти сариқ чақага ҳам арзимайди. Шунчаликки, улар бизга урушга келишмоқда, нормал ҳаёт кечиришни эслатиб турувчи ниманидир ўғирлаш учун. Уларнинг хатти-ҳаракати энди шунчаки шок. Чунки уларнинг орзуси — унитаз ўғирлаш ва ўлиш».

1-20 апрел: Апрел ойи бошидан Мариуполдаги «Азовстал» заводи қамали давом этди; россиялик ҳарбийлар ўз оилаларига Украинада ўғирланган буюмларни юбора бошлашди - Беларуснинг Мозир шаҳридаги курьерлик етказмалари амалга ошириладиган пунктнинг кузатув камераларига бунга далиллар муҳрланди. «Беларускі Гаюн» телеграм-канали уч соатлик видеоёзувни қўлга киритган ва нашр этган.

2 май
Володимир Зеленский: «Улар ҳатто биз улар билан жанг қилаётганимизни ҳам тушунишмади. Улар ҳатто кўчаларга чиқишмади ва бизнинг кўчаларимизда бўлгани каби танклар кетаётганини ҳам кўришмади. Йўқ, у ерда ҳеч нарса йўқ: у ерда отишма йўқ, Россияда ҳеч қандай танклар йўқ, уларни ҳеч ким портлатмаяпти ва шунга ўхшаш нарса бўлмаяпти - улар бизнинг ерга келишган. (...) Мен ҳисоблайманки, улар нима қилишаётганини тушунишади. Улар бу дунёни ўзлари учун қулай қилиб олишди ва унда бизни ўлдиришмоқда - ва бошқача фикрдагиларни қабул қилишмайди. Яъни бу ўзгача фикрлар қотиллигидир».

24 апрел-3 май: БМТ бош котиби Антониу Гуттеришнинг ташрифи вақтида Киевга зарбалар берилди; Human Rights Watch россиялик ҳарбийлар оддий фуқаролар автомобилларига ўт очиши билан боғлиқ бир неча ҳолатлар видеоларини эълон қилди; БМТ украин портларида 4,5 млн тонна ғалла тўпланиб қолганини маълум қилди.

Фото: OLEKSII SAMSONOV/GLOBAL IMAGES UKRAINE/GETTY IMAGE
11 май
Володимир Зеленский: «Россия паспортига эга, айниқса расман ёки норасмий равишда Россия давлати билан боғлиқ бўлган одамларни ўз ерига қабул қилиш - барча европаликлар ва ҳатто малталиклар учун ҳам хавфли. (...) Россияликларга тегишли бўлган кўчмас мулкларни, яхталар ва ҳисобларни, россияликларнинг IT- ва блокчейн-компаниялари, Россиянинг пропагандачи каналларини блокланг. Булар анчадан буён Россияда шунчаки бизнес бўлмай қолган. Балки тажовузкор Россия давлати билан алоқадор тузилмалардир».

1-10 май: BBC рус хизмати очиқ манбалар асосида Россиянинг Украинага босқини даврида ўлими расман тасдиқланган 2120 нафар россиялик ҳарбийлар ҳақида маълумот берди, уларнинг бешдан бири - зобитлар. Украина шарқида Попасная шаҳри эгаллаб олинди.

13 май
Володимир Зеленский: «Ҳозир россиялик сайёҳлар «маданий қаршилик»ка учраши, уларни кўришдан мамнун эмасликларини билишлари керак. Шундай ҳам. Европа жамиятлари уларни кўришдан хурсанд эмас - жанг майдонида бўлмаган, ўқ узмаган, аммо жим туриб, ўз раҳбариятини қўллаб-қувватлаганларни. Улар бошқача шароитда бўлишлари керак - Италияда ҳеч қандай кўчмас мулклар, ҳисоб рақамларсиз. (...) Буни дам олишга келадиган оддий одамлар ҳам ҳис қилиши керак. Уларга Европада дам олиш энди тугаганини айтиш керак - сиз бегона ҳудудни босиб олдингиз, босқинчиларга эса бошқаларга кўрсатиладиган муносабат бўлмайди дейиш керак».

11-13 май: Суми областида тинч аҳоли вакилини отиб ўлдирган РФ қуролли кучлари ҳарбий хизматчиси Вадим Шишимарин устидан суд жараёни бошланди; БМТ Украинани ташлаб чиққан қочқинлар сони 6 млн кишига етганини маълум қилди.

29 июн
Володимир Зеленский: «Тўғрисини айтсам, Владимир Путинга нима бўлганидан бехабарман. Менинг фикримча, уларда [россияликларда] умуман олганда, ҳақиқатан ҳам катта бир касаллик бор. Лекин у, менимча, сиз айтаётган нарса [Путин саратонга чалингани]дан мураккаброқ. Бу бизнинг халқимизга ҳурматга нисбатан касаллик, [ҳудудларни] эгаллаб олиш касаллиги, улар бизнинг ўлкамизда амалга оширган қийноқларга нисбатан касаллик. Фикримча, бу қийин давр ва бу касаллик фақат битта одамга тегишли эмас».

26-30 июн: Россия ракетаси Полтава области Кременчуг шаҳридаги «Амстор» савдо марказига келиб тушди. 20 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланди. Amnesty International ўз суриштирувлари якунларига кўра россияликларнинг Мариуполдаги драма театрига берган авиазарбасини ҳарбий жиноят сифатида баҳолади. Россиялик ҳарбийлар Украина қуролли кучларининг тинимсиз зарбаларидан кейин Илон оролини тарк этишди.

8 август
Володимир Зеленский: «Энг муҳим санкциялар чегараларни ёпишдан иборат — чунки руслар бировларнинг ерларини олиб қўймоқда. Майли улар фалсафасини ўзгартирмагунча ўз дунёсида яшасин. (...) Қайси руслар ҳақида гап кетмасин, уларни Россияга қайтариб юбориш керак. Ўшанда улар тушунишади. «Бу урушнинг бизга алоқаси йўқ. Бутун аҳоли жавобгарликка тортилиши мумкин эмас, шундай эмасми?» дейишади. Балки. Бу аҳоли мана шу ҳукуматни танлаган ва унга қарши курашмаяпти, у билан баҳслашмаяпти, унга бақира олмаяпти».

5-7 август: Запорижжя АЭС ўққа тутилди, бунда томонлар бир-бирини айблади.

24 август куни Россиянинг Украинага босқини бошланганига ярим йил тўлади. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленскийнинг Россия фуқароларига нисбатан риторикаси қандай ўзгарди?