15:47 / 16.08.2022
1 195

Россиялик ҳарбий Украинада тинч аҳоли вакилини ўлдирганини тан олди

Россиялик ҳарбий Украинада тинч аҳоли вакилини ўлдирганини тан олди
Фото: EPA
«Важные истории» интернет-нашри февраль ойи охиридан апрель ойи бошигача РФ армияси назоратида бўлган Украинанинг Киев области Андреевка қишлоғида ўғирлик, талон-торожлик ва тинч аҳолини ўлдирганликда иштирок этган тўрт нафар россиялик ҳарбийни аниқлади. Улардан бири ҳарбий жиноятларни тан олди ва қўмондонларини жазолашни сўради, деб ёзади 15 август, душанба куни газета.

Нашр маълумотига кўра, чекиниш чоғида рус ҳарбийлари қишлоқда вайрон бўлган ва талон-торож қилинган юзлаб уйларни, ўндан ортиқ ҳалок бўлган тинч аҳоли вакиллари жасадларини, шунингдек, қишлоқ аҳолисидан бирининг ўғирланган телефонида олинган 25 та фотосуратни қолдириб кетган. Ушбу фотосуратларда журналистлар Хабаровск ўлкасида жойлашган 64-мотоўқчилар бригадасининг ҳарбий хизматчилари Даниил Фролкин, Дмитрий Данилов, Руслан Глотов ва Иван Шепеленкони аниқладилар.

«Андреевкада биз суҳбатлашган кўплаб аҳоли бу суратлардаги аскарларни эслаб қолган. Маҳаллий аҳоли гапига қараганда, улар ўғирлик, талончилик ва ҳатто қотилликларга алоқадор бўлиши мумкин», деб ёзади «Важные истории». Нашр россияликлар билан алоқа ўрнатган, улардан икки нафари журналистлар билан гаплашишга рози бўлган. Даниил Фролкин дастлаб қотилликларга алоқадорлигини рад этди, кейин эса Андреевкада бир кишини ўлдирганини тан олди.

«Мен, 51460-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси, ефрейтор Даниил Андреевич Фролкин, Андреевкада тинч аҳолини отиб ўлдириш, талон-торож қилиш, телефонларини тортиб олиш жиноятларини содир этганимни тан оламан, қўмондонлигимиз жангчиларимизни, олдинги чизиқда жанг қилаётган барча пиёда аскарларни эътиборга ҳам олмаяпти», деди Фролкин видеода. Шунингдек, у 64-бригада командирлари Азатбек Омурбеков, Сергей Дмитренко, Вячеслав Клобуков, Денис Романенко ва Андрей Прокуратларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Фролкиннинг сўзларига кўра, март ойида қўмондонлар ундан ва яна бир қанча оддий аскарлардан Андреевканинг уч нафар фуқароси уйида тинтув ўтказиш учун ҳамроҳлик қилишни сўраган. Улардан бири рус аскари томонидан отиб ўлдирилган. «Фролкин эслаган тафсилотларга кўра, гап 12 март куни Вадим Ганюк, Виталий Кибукевич ва Руслан Яремчукнинг ўлдирилиши ҳақида кетяпти. Даниил Руслан Яремчукка отган бўлиши мумкин. У отиб ўлдирилган шахсни фотосуратдан танимади, балки шок туфайли кўп нарсани унутган бўлиши мумкин. Кейинроқ Даниил ўлдирилган Яремчукнинг суратини хизматдошига кўрсатган, у ҳам тинтувларда иштирок этган ва у Фролкин айнан шу шахсни отганини тасдиқлади», дейилади журналистлар материалида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиялик ҳарбий Украинада тинч аҳоли вакилини ўлдирганини тан олди