22:10 / 17.08.2022
1 393

«Кўп афғон болалари бу қишда омон қолмайди»: Толибон ҳукмронлиги остидаги бир йил мамлакатни қандай ўзгартирди?

«Кўп афғон болалари бу қишда омон қолмайди»: Толибон ҳукмронлиги остидаги бир йил мамлакатни қандай ўзгартирди?
Фото: Bloomberg
Афғонистонда Толибон ҳокимиятга келганидан кейин аёлларнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқлари сезиларли даражада поймол қилинди. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг махсус вакили ўринбосари ва Афғонистондаги гуманитар масалалар бўйича мувофиқлаштирувчи Рамиз Алакбаров маълум қилди.

Таълим олиш, ишлаш ва эркин ҳаракатланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган афғон аёллари борган сари жамият ҳаётидан четлаштирилмоқда.

- 2021 йилда Толибон ҳокимиятни эгаллашидан бироз олдин Қундуздаги болалар уйига ташриф буюрган эдим. У ерда афғон армияси ва Толибон ўртасидаги жангларда бутун оиласини йўқотган қизалоқ билан гаплашганимда юрагим сиқилган, — дейди Алакбаров.

Унга кўра, ўшандан бери мамлакат муаммолари тобора ортиб борди. Болаларнинг барқарор келажагини барпо этиш борасидаги ишлар янада мураккаблашди.

Иқтисодий вазият
Толибон ҳокимият тепасига келганидан бир йил ўтиб, мамлакат чуқур иқтисодий ва гуманитар инқирозни бошидан кечирмоқда.

Афғонистондаги қурғоқчилик ва Украинадаги уруш туфайли кучайган озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг кўтарилиши аҳолининг қарийб 95 фоизини оғир вазиятга туширди.

Афғонларнинг ярмидан кўпи қашшоқлик чегарасида яшайди, икки миллионга яқин бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекади.

- Кўп афғон болалари бу қишдан омон қолмайди. Афғонистонда қиш қаттиқ, ҳаво ҳарорати жуда паст. Халқ ўзининг чидамлилиги ва омон қолиш қобилияти билан машҳур, аммо афсуски, вазият жуда оғир, — деди Рамиз Алакбаров.

2022 йил июнь ойида Афғонистонда юз берган 5,9 баллик зилзила мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлганидан кейин вазият янада ёмонлашган.

- Ўз тана аъзоларини, ўз фарзандларини сотаётганлар ҳақида эшитдик — буларнинг барчаси оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган. Агар аҳоли қўллаб-қувватланмаса, бундай ҳолатлар яна давом этаверади, — деб тушинтиради у.

Аёллар ҳуқуқларининг бузилиши
Афғон аёллари ва қизларининг ҳуқуқлари мунтазам равишда поймол қилинмоқда. Қизлар мактабдан четлаштирилди.

Бу эса уларнинг асосий билим олиш ҳуқуқини поймол қилади, салоҳиятидан маҳрум қилади ва мамлакат иқтисодий ривожланиши учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, қизларнинг мактабга киришини тақиқлаш Афғонистоннинг йиллик ялпи ички маҳсулотининг 2,5 фоизини ташкил қилади.

Агар 3 миллион қиздан иборат ҳозирги авлод ўрта таълимни тамомлаб, иш топса, Афғонистон иқтисодиётига камида 5,4 миллиард доллар ҳисса қўшган бўларди.

Афғонистон соғлиқни сақлаш тизимининг қулаши аёллар ва қизларнинг репродуктив саломатлик хизматларидан фойдаланиш имкониятини хавф остига қўйди. Буни энг аввало мамлакатнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган 9 миллион аҳоли ҳис қилмоқда.

- Гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқлари бўйича ўн йилликлар давомида эришилган ютуқлар бир неча ой ичида йўқ қилинди, — деди БМТ Бош котиби ўринбосари ва БМТ Аёллар бўлими ижрочи директори Сима Бахус.

Унга кўра, Афғон аёллари ва қизлари ҳар куни эркин ва тенг ҳаёт кечириш ҳуқуқи учун курашмоқда.

- Уларнинг кураши бизнинг курашимиздир. Афғонистондаги аёллар ва қизлар билан содир бўлаётган воқеалар бизнинг глобал масъулиятимиздир, — дейди Сима Бахус.

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида муҳтож бўлган 24,4 миллион афғоннинг 94 фоизига БМТ томонидан гуманитар ёрдам кўрсатилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Кўп афғон болалари бу қишда омон қолмайди»: Толибон ҳукмронлиги остидаги бир йил мамлакатни қандай ўзгартирди?