09:54 / 22.08.2022
1 375

Украина Дугиннинг қизи ўлдирилишига алоқадор эмаслигини билдирди

Украина Дугиннинг қизи ўлдирилишига алоқадор эмаслигини билдирди
Фото: Россия Федерацияси Тергов қўмитаси
Файласуф Александр Дугиннинг қизи Дарья 20 август куни кечқурун автомобили портлаши оқибатида ҳалок бўлган эди. Украина расмийлари бунга алоқадорлигини рад этишди.

Москва вилоятида автомобил портлаши оқибатида ҳалок бўлган файласуф Александр Дугин қизининг ўлдирилишига Украинанинг ҳеч қандай алоқаси йўқ, деди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк.

Дарья Дугина 20 август куни кечқурун ҳалок бўлди. Ўзини ўзи эълон қилган Донецк Халқ Республикаси раҳбари Денис Пушилин унинг ўлимида «Украина режими террорчилари» айбдор эканини айтди.

«Таъкидлайман, албатта, Украинанинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деди Подоляк.

Агар Дарья Дугинанинг ўлимига Украинанинг алоқадорлиги тасдиқланса, у ҳолда «Киев режими томонидан амалга оширилаётган давлат терроризми сиёсати» ҳақида гапириш керак, деб ёзди Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова Телеграм каналида.

«Йиллар давомида етарли фактлар тўпланди: зўравонликка сиёсий чақириқлардан тортиб, Украина давлат тузилмаларининг жиноятларда раҳбарлиги ва иштирокигача», деди у ва тергов натижаларини кутиш кераклигини қўшимча қилди.

Дугина 20 август куни кечқурун Москва вилоятида автомобили портлаши оқибатида вафот этди. Тергов маълумотларига кўра, автомобилнинг ҳайдовчи томон остига портловчи мослама ўрнатилган. Воқеа бўйича Тергов қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (умумжамият учун хавфли тарзда содир этилган қотиллик) бўйича жиноят иши очилган.

Александр Дугин ва унинг қизи Дарья Москва вилоятининг Захарово қишлоғидаги «Традиция» фестивалига боришган. Улар Москвага бирга қайтишни режалаштиришган, аммо сўнгги лаҳзада Дугин бошқа автомобилга ўтирган. Бу эса унинг ҳаётини сақлаб қолган. Фестивалдан қайтишда Дарья ҳалок бўлган.

Тергов қўмитаси Дугинанинг ўлдирилиши буюртма асосида бажарилган деб ҳисобламоқда. Катта эҳтимол билан асосий нишон Дарья эмас, балки унинг отаси бўлган.

Александр Дугин файласуф ва консерватив публицист, «Рус дунёси» ва неоевросиё мафкурасининг тарғиботчиларидан бири сифатида танилган. У Россиянинг қўшни давлатлар устидан ҳукмронлик қилиши кераклиги, АҚШ ва НАТО таъсирига қарши туриши лозимлиги ҳақидаги ғоялар тарафдори ҳисобланади. Дугин кўп йиллар давомида Москвани жаҳон саҳнасида янада тажовузкор бўлишга чақириб келган.

Ғарб оммавий ахборот воситалари уни замонавий Россиянинг асосий мафкурачиларидан бири, унга Владимир Путин, Кремль расмийлари ва кўплаб амалдорлар қулоқ солади деб ҳисоблайди.

2014 йилда Дугин Украинага қарши кескин баёнотлар билан чиққан, 2 май куни Одессада юз берган фожиали воқеаларни шарҳлаб, «ўлдириш, ўлдириш ва яна ўлдириш»га чақирган эди. У Украинадаги урушни тўлиқ қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Дугин 2014 йилдан буён Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида, 2015 йилдан эса Қримнинг Россияга қўшиб олинишига алоқадорликда гумон қилиниб, АҚШ ва Канада санкциялар рўйхатига киритилган.

Қизи Дарья отасининг мафкурасини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келаётган ва унинг ўнг қўлига айланган эди. Отаси билан бирга у фалсафа ва сиёсатшунослик бўйича маърузалар ўқиган. Дугин асос солган Халқаро Евроосиё Ҳаракатида сиёсий кузатувчи бўлиб ишлаган. Кремлпараст ҳисобланадиган RT ва «Царьград» учун Даря Платонова тахаллуси билан сиёсий мақолалар ёзган.

АҚШ ва Буюк Британия расмийлари уни нотўғри маълумот тарқатишда айблаб, санкциялар рўйхатига киритган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина Дугиннинг қизи ўлдирилишига алоқадор эмаслигини билдирди