20:22 / 24.08.2022
1 569

Зеленский Украина мустақиллиги кунида ўз халқига мурожаат қилди

Зеленский Украина мустақиллиги кунида ўз халқига мурожаат қилди
Фото: Украина президенти офиси
Володимир Зеленский мустақиллик куни муносабати билан қилган мурожаатида Украина уруш тўхташи эвазига ўз ҳудудларини топширмаслигини айтди.

Украина президенти Володимир Зеленский Киевда яксон этилган рус танклари фонида мамлакат аҳолисини мустақиллик куни билан муборакбод этди.

Мустақил Украинанинг озод халқи!

Шу сўзларнинг ўзи кифоя қилади. Фақат тўртта сўз, лекин бугунги кунда уларнинг тагида қанча маъно бор. Тўлақонли урушнинг 182-куни. Бу сўзларда қанча рамз ва маъно, жасорат ва қурбонлар, қувонч ва азоб бор. Энг муҳими, уларда қанчалик ҳақиқат бор. Бизнинг ҳақиқатимиз. Ҳозирги кунимиз ҳақидаги ҳақиқат, ундан шубҳаланиб бўлмайди, чунки кўрмаслик ва тан олмасликнинг иложи йўқ. Биз мустақил Украинанинг озод халқимиз. Олти ой давомида бизни йўқ қилишга уринишди, биз эса мустақил Украинанинг озод халқимиз. Бу келажагимиз тўғрисидаги ҳақиқат. Мустақил Украинанинг озод халқи.

Ярим йил олдин Россия бизга уруш эълон қилди. 24 феврал куни бутун Украина портлаш ва отишма овозларини эшитди. 24 август куни у «Мустақиллик кунингиз муборак бўлсин» деган сўзларни эшитмаслиги керак эди. 24 феврал куни бизга: «Сизда ҳеч қандай имконият йўқ», дейишди. 24 август куни биз: «Мустақиллик куни билан, Украина!», демоқдамиз.

6 ой ичида биз тарихни ўзгартирдик, дунёни ўзгартирдик ва ўзимизни ўзгартирдик. Энди биз ким ҳақиқатан ҳам биродаримиз ва дўстимиз эканини, ким ҳатто оддий таниш эмаслигини аниқ биламиз. Ким ўз номи ва обрўсини йўқотмаганини, ким террорчилар обрўси учун хавотирланганини биламиз. Кимга керак эмаслигимизни ва қайси эшиклар биз учун очиқлигини биламиз. Биз кимнинг ким эканини тушундик. Бутун дунё ҳам украиналиклар кимлигини, Украина қандай мамлакат эканини билиб олди. Энди ҳеч ким у ҳақда: «Ўша тарафларда, Россияга яқин жойда» деб гапирмайди.

Биз ўзимизни ҳурмат қила бошладик. Ҳар қандай ёрдам ва қўллаб-қувватлашга қарамай, мустақиллигимиз учун биздан бошқа ҳеч ким курашмаслигини англадик. Ва биз бирлашдик.

Бизда ҳали «Ҳаймарслар» йўқ эди, лекин қўллари билан танкларни тўхтатишга тайёр одамлар бор эди. Биз учун осмонни ёпишга тайёр эмасдилар, лекин бизда она юртини танаси билан ёпишга тайёр одамлар бор эди.

Украина халқи ва унинг жасорати бутун дунёни илҳомлантирди. Адолат ҳали дунёни тўла тарк этмагани ҳақида инсониятга умид берди. Унга куч эмас, балки ҳақиқат ғалаба қозониши, пул эмас, қадриятлар устун келиши, нефть эмас, одамлар зафар қучиши ҳақидаги умидни берди.

Кечагина дунё тарқоқ эди. COVID-19 аниқ кўрсатди: ҳар ким ўзи учун курашади. Олти ой ўтгач, Украина буни ўзгартирди. Жаҳон тарихининг барча дарсликларида «Украина дунёни бирлаштирган давр» деган боб бўлади. Демократия тишлари яна ўсиб чиқмоқда. Золим ўзи тушунадиган тилда жавоб олмоқда.

Кимдир: «Энди Европанинг таъсири камайди. Заиф, тарқоқ, пассив ва уйқучи» деди. Украина бутун қитъани тетиклаштирди. Европа майдонларга чиқмоқда. Катта санкциялар жорий қилмоқда. Европа бир овоздан тан олмоқда: Украина – Европа Иттифоқининг келажакдаги аъзоси.

Катта бизнес пулнинг ҳиди борлигини, ундан қон, тутун ва ўлим ҳиди келишини тушунди. Корпорациялар ва брендлар Россия бозорини тарк этмоқда, эҳтимолий зарардан кўра, одамлар муҳим эканини тушунмоқда.

Дунёда ҳеч қачон жамиятнинг фикри сиёсатчиларга бунчалик таъсир кўрсатмаган. Бугунги кунда одамлар трендлар ва ахлоқ қоидаларини ҳокимиятга етказмоқда. Бефарқ, ҳаракатсиз, суст бўлиш – уят. Қатъиятсиз ва жуда эҳтиёткор бўлиш – уят. Бўшашган ҳолда, ноаниқ ва жуда дипломатик тарзда гапириш – уят. Украинани қўллаб-қувватламаслик – уят. Украина чарчатяпти дейиш – уят. Бу жуда қулай позиция: чарчоқ – кўзни юмиш учун қопқоқ. Бугун биз дунё етакчилари ва оддий фуқаролардан: «Сиз билан охиригача, ғалабага қадар бирга бўламиз» деган гапларни эшитяпмиз.

Азиз халқим!

Биз истиқлол учун курашган барча жангчиларни доимо улуғлаб, бу кунни асосий байрам, кўк-сариқ байроқни муқаддас деб атаганмиз. Қўлимизни кўксимизга қўйиб, мадҳияни куйлар эканмиз, ғурур билан «Украинага шон-шарафлар!» ва «Қаҳрамонларга шон-шарафлар!», деганмиз.

24 феврал куни сўзларни амаллар билан тасдиқлашга тўғри келди. Шу куни иккинчи умумдавлат «референдуми» бўлиб ўтди. Асосий савол – мустақилликка қоғозда эмас, балки қалб ва виждон билан «ҳа» дейиш керак эди. Сайлов участкаларига эмас, ҳарбий қўмиталарга, ҳудудий мудофаага, кўнгиллилар ҳаракатига, ахборот қўшинларига боришга ёки шунчаки, умумий мақсад йўлида, ўз иш ўрнида қатъият ва виждонан, тўлиқ куч билан меҳнат қилишга тўғри келди.

Ҳаммамиз ўзгардик. Баъзилар иккинчи марта туғилди. Инсон, шахс, фуқаро, ватанпарвар ёки шунчаки оддий украиналик сифатида. Албатта, бу яхши янгилик. Кимдир ғойиб бўлди. Ҳалок бўлмади, ўлмади, шунчаки йўқолиб кетди. Инсон, шахс, фуқаро, украиналик сифатида. Бу ҳам ёмон янгилик эмас. Биз энди бир-биримизга ҳалақит қилмаймиз.

Биз танладик. Баъзилар Мариуполни, баъзилар Монакони. Аммо кимлар кўпроқ эканини биламиз. Ниҳоят биз ҳақиқатан ҳам бирлашдик. 24 феврал куни эрталаб соат 4 да янги миллат туғилди. Қайта туғилди. Йиғламаган, бақирмаган, қўрқмаган халқ. Қочмади. Таслим бўлмади. Унутмади.

Бу байроқни ҳақли жойларимизнинг ҳаммасида ўрнатамиз. Донбассда ҳам, Қримда ҳам. Душман гуллар ва шампан билан кутиб олинишини ўйлаган эди. Ўрнига дафн гулчамбарлари ва Молотов коктейлларини олди. Қарсакларни кутган эди, энди портлаш овозларини эшитмоқда.

Босқинчи бир неча кундан кейин пойтахтимиз марказида парад ўтказишига ишонди. Бугун Крешчатик майдонида ушбу «парад»ни кўриш мумкин. Душман техникаси Киев марказида фақат шундай шаклда, ёқиб юборилган, вайрон қилинган ва йўқ қилинган ҳолатда пайдо бўлиши мумкинлиги исботланди.

Армиямиз қандайлиги муҳим эмас, еримиз қандайлиги муҳим. Биз унинг учун охиригача курашамиз.

Биз олти ойдан бери курашяпмиз. Бизга қийин, лекин муштимизни тугиб, тақдиримиз учун курашяпмиз. Ҳар бир янги кун таслим бўлмаслик учун янги сабабдир. Чунки, кўп нарсаларни бошдан кечирганимиз учун охирига етмасликка ҳаққимиз йўқ. Урушнинг охири биз учун нимани англатади? Аввал тинчлик дегандик. Энди эса ғалаба ҳақида гапирамиз.

Биз террорчилар билан музокарага интилмаймиз. Ваҳоланки, улар «ҳимоя қилгани» келган рус тилини яхши тушунамиз. Улар гўё «озод қилиш» учун келишди, аммо минглаб инсонларни ўлдиришди.

Бизга русийзабон қотиллар, зўравонлар ва талончилардан кўра инглизча сўзлайдиган Жонсон анча тушунарли ва яқинроқ.

Биз қўрқув туфайли, ўқталган тўппонча остида музокара столига ўтирмаймиз. Биз учун энг даҳшатли темир – ракеталар, самолётлар, танклар эмас, балки занжирлардир. Хандақлар эмас, балки кишанлар.

Биз фақат бир марта қўлимизни кўтарамиз – ғалабамизни нишонлаганда. Бутун Украина бўйлаб. Чунки ўз еримиз ва халқимизни сотмаймиз. Барча ҳудудларимиз биз учун Украинадир. Барча 25 та минтақа, ҳеч қандай ён бериш ва муросасиз. Биз бу сўзларни билмаймиз, улар 24 феврал куни ракеталар билан йўқ қилинган.

Донбасс – Украинаники. Йўл қандай бўлишидан қатъи назар, биз уни қайтариб оламиз. Қрим – Украинаники. Уни ҳам қайтариб оламиз. Аскарларингиз ўлишини хоҳламайсизми? Ерларимизни тарк этинг. Оналарингиз йиғлашини хоҳламайсизми? Ерларимиздан чиқиб кетинг. Бу бизнинг оддий ва тушунарли шартларимиз.

Мустақил Украинанинг озод халқи!

Биз бу кунни турли жойларда нишонлаяпмиз. Баъзилар хандақлар, танклар ва жанговар машиналарда, денгизда ва ҳавода. Олдинги сафда мустақиллик учун курашаётганда. Баъзилар йўлда, автомобилларда, юк машиналарида ва поездларда. Олдинги сафдагиларга зарур бўлган нарсаларни етказиб бериш жараёнида. Кимдир смартфонда ёки компютер олдида. Олдинги сафдагилар учун маблағ йиғиш жараёнида – бу ҳам мустақиллик учун кураш.

Биз бу кунни турли ҳолат ва шароитларда, ҳатто турли вақт зоналарида нишонлаяпмиз, лекин мақсад ягона – Украинанинг мустақиллигини сақлаб қолиш ва ғалаба қозониш.

Биз бирлашдик!

Мустақиллик куни билан, Украина!

Украинага шон-шараф!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский Украина мустақиллиги кунида ўз халқига мурожаат қилди