
Asharq al-Awsat газетасининг ёзишича, Россия Эрондан Исроилнинг навбатдаги ҳаво ҳужумларига йўл қўймаслик учун Сурия ғарбидаги ҳудудлардан ўз кучлари ва қуролли гуруҳларини олиб чиқишни талаб қилган.
Нашр Суриядаги Башар ал-Ассад режимига яқин экани тахмин қилинган манбага таяниб, чоршанба куни россиялик уч амалдор ва уларнинг эронлик ҳамкасблари ўртасида Хама ҳарбий аэродромида бўлиб ўтган учрашувда Москва эронликлардан Хама ва қирғоқ бўйидаги Тартус шаҳри яқинидаги ҳарбий позицияларини «эвакуация қилишни» талаб қилганини айтган.
Сўнгги бир неча йил ичида Исроил бутун мамлакат бўйлаб, айниқса ғарбий ва жануби-ғарбий қисмида Эрон гуруҳлари ва нишонларига тез-тез ҳаво ҳужумлари уюштирди. Тел-Авивга кўра, зарбалар Эрон таъсирини камайтириш ва Ироқдан Ливангача чўзилган, Эрон фойдаланиши мумкин бўлган қуруқлик йўлагининг олдини олишга қаратилган.
Исроилнинг хатти-ҳаракатлари қаттиқ зарбаларга учраётган Сурия режими учун кўпроқ муаммоларни келтириб чиқармоқда. Фуқаролик инфратузилмаси, жумладан, пойтахт Дамашқ ва шимолий Ҳалаб шаҳридаги халқаро аэропортлар ҳам зарар кўрган.
Бироқ ҳозиргача Сурия кучлари, уларнинг Эронлик иттифоқчилари ва улар билан боғлиқ бўлган кучлар ўртасида ўн йиллик давом этаётган фуқаролик уруши давомида ўзаро зиддият кучайгани ҳақида хабарлар деярли йўқ.
Москванинг Теҳронга бўлган талаби, агар тасдиқланса, сўнгги ўн йил ичида мамлакатда ҳукмронлик ва таъсир ўтказиш учун тез-тез рақобатлашаётган Россия ва Эрон кучлари ўртасидаги таранглик кучайиб бораётганидан дарак бериши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар