
Фото: РИА Новости
Россиялик миллиардер, Михаил Фридманнинг ҳамкори ва LetterOne Holdings (L1) инвестицион гуруҳи эгаларидан бири Герман Хан санкциялар сабабли Британияда қарийб 10 йил яшаганидан сўнг Россияга қайтди, деб ёзди Блумберг. Агентлик буни Владимир Путиннинг ғалабаси деб атади.
Блумбергдаги мақола "Санкциялар россиялик миллиардерларни Путиннинг қучоғига итармоқда" деган сарлавҳа билан чиқди. Россия президенти бой фуқароларни қайтаришга йиллар давомида уринганди, деб эслатади агентлик. Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Путин россиялик бизнесменлар хориждаги маблағлари музлатилишидан қочиш учун ўз ватанларига инвестиция киритиши тўғри бўлиши ҳақида бир неча марта гапирганди.
У бу мавзуда охирги марта Шарқий иқтисодий форум арафасида сўз юритди: "Бу ҳақда огоҳлантиргандим – бу қайиқлар (яхталар) шу ерда тургани ва маблағлар хориж активларига эмас, Россия инфратузилмаси ривожига йўналтирилгани яхши эди. Ҳеч нарса йўқотишмасди, ҳаммаси шу ерда, ватанида бўларди ва тиккан маблағларидан даромад олишарди".
15 март куни ЕИ навбатдаги россиялик миллиардерлар гуруҳини, жумладан, Роман Абрамович, Сулейман Керимов, Виктор Рашниковни санкциялар рўйхатига киритди. Улар орасида Хан ҳам бор эди. Ўша куни Буюк Британия ҳам унга, унинг ҳамкорлари Фридмана ва Пётр Авенга қарши санкциялар жорий этди.
Хан танлашга мажбур эди - қарийб ўн йилдан буён яшаб келаётган Лондонда қолиш ёки ватанига қайтиш, деб ёзади Блумберг. Агентликнинг маълумот беришича, у бир неча ойдан кейин Буюк Британияни тарк этди ва Москвага кўчиб келди. Нашр унинг қаердалигини биладиган одамларга асосланмоқда.
Хан Россияга қайтишидан олдин инвестиция компаниясидаги улушини санкцияларга тушмаган акционерга берди. Forbes журналининг ёзишича, Ханнинг бойлиги 7,8 млрд долларни ташкил этади.
"Уруш партиясининг фаоллари"
Хорижда яшаётган россиялик бойларнинг нечтаси уйларига қайтганини айтиш қийин, аммо санкциялар шароитидаги ҳаёт илгари қизиқарсиз бўлган таклифни энг яхши вариантга айлантирди, дейилади мақолада.
Муаллифларнинг фикрича, бу Путиннинг ғалабасини исботлайди – у кўп йиллар давомида солиқ имтиёзлари ва капитал амнистициясини таклиф қилиб, хориждаги бадавлат фуқароларни қайтаришга уринганди.
Британия, АҚШ ва ЕИнинг Россия бизнес-элитасини жазолаш ва урушни қўллаб-қувватлашни йўққа чиқаришга қаратилган чекловлари уларни Путинга янада қарам қилди, деб ҳисоблайди Блумберг. Улар тарк этган ватанлари кутилмаганда маблағлари музлатилмайдиган ёки тортиб олинмайдиган жойлардан бирига айланди.
"Ғарб элита доиралари ва омманинг бирлашишида Кремл учун катта ролни бажариб берди, - дейди сиёсатшунос Глеб Павловский. – Улар Ғарбнинг тажовузкор босими остида уруш партиясининг фаолларига айланмоқда".
60 ёшли Хан бизнес билан шуғулланишни СССРнинг сўнгги йилларида, ҳамкорлари билан электроника, гилам ва халқ истеъмоли моллари сотишдан бошлаган. Бу бизнес "Альфа-групп" ташкил қилиниши учун асос бўлди. Киевда туғилган бизнесмен ТНК-ВРдаги улушини "Роснефть"га сотишдан катта пул топган.
Хан Ғарбда LetterOne инвестиция компанияси орқали танилган. Компания 2013 йилда Фридман, Алексей Кузьмичев ва Авен билан биргаликда ташкил этилган. Март ойида санкциялар рўйхатига киритилганидан сўнг уларнинг барчаси LetterOne директорлар кенгаши таркибидан чиқиб кетишди. Шунга қарамасдан, қарийб 27 млрд долларлик активларни назорат қилувчи компания Россия билан алоқаси борлиги учун миллиардлаб доллар йўқотди.
Блумбергнинг маълумот беришича, Хан ҳозир Москвада яшамоқда ва шаҳарнинг молиявий районидаги офисида туриб "Альфа-групп"нинг Россиядаги активларини назорат қилмоқда. У X5 ритейлери ва Vimpelcom Ltd компаниясидаги улушларидан даромад олмоқда.
Бойларнинг Россияга қувилишини Ғарбнинг ғалабаси сифатида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда уларнинг бойлиги ва таъсири Кремлнинг мамлакат ташқарисидаги манфаатлари илгари сурилишига кўмаклашиши мумкин, деган хавотир бор эди, деб ҳисоблайди мақола муаллифлари.
Санкциялар Кремлга яқинлаштирмоқда
Бу россиялик олигархларнинг ватанларига қайтиши мавзусига бағишлаб чоп этилган иккинчи мақоладир. Аввалроқ Financial Times санкциялар қандай қилиб бизнесменларни Путинга эмас, Ғарб ҳукуматларига қарши қилиб қўйгани тўғрисида ёзганди.
Санкциялар Путинга қарши исён кўтарилишига олиб келиш ўрнига магнатларнинг Ғарб ҳукуматларига нисбатан норозиликларини янада кучайтирмоқда ва улар жон-жаҳди билан қолган бойликларини сақлаб қолишга уринмоқда.
Шунингдек, нашрнинг таъкидлашича, Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Кремль санкциялар остида қолган хориждаги олигархларга қўнғироқ қилиб, уларни уйга қайтишга чақирмоқда. Бу ҳақда Financial Times ана шундай чақирув олган икки кишига асосланиб ёзди.
"Айримлар ўйлаб қолди: менга буларнинг бари керакми? Москвага қайтаман, бемалол ресторанларга бораман ва ўзимни яхши ҳис қиламан", - деган бизнесменлардан бири.
Унинг сўзларига кўра, санкциялар элитани Кремлга яқинлашишга мажбур қилмоқда, ҳаттоки улар ўз ватанида эмас, Европада яшашни маъқул кўришса ҳам.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар