
Фото: AP
БМТ мониторинг миссияси Украина ҳудудида юзлаб одамларнинг сабабсиз қўлга олинишини ҳужжатлаштирган. Ташкилот маълумотларига кўра, уларнинг 400 дан ортиғи Россия хавфсизлик кучлари, 50 га яқини Украина хавфсизлик кучлари томонидан содир этилган.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг Украинадаги инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси 24 февралдан буён мамлакатда юзлаб одамларнинг «сабабсиз қўлга олиниши ва мажбуран ғойиб бўлиши» ҳолатларини ҳужжатлаштирган. Бу ҳақда 9 сентябр куни миссия раҳбари Матилда Богнер Одессадаги матбуот брифингида маълум қилди.
Богнернинг сўзларига кўра, камида 416 та шундай ҳибсга олишлар Россия армияси ёки унга иттифоқчи қуролли гуруҳлар назорати остидаги ҳудудларда амалга оширилган. Улардан 116 та ҳолатда ҳибсга олинганлар озод қилинган, 16 та ҳолатда улар кейинчалик ўлик ҳолда топилган. Шунингдек, БМТ миссияси Украина хавфсизлик кучлари томонидан 51 та асоссиз ҳибсга олишлар ва Украина ҳукумати назорати остидаги ҳудудларда одамларнинг «мажбурий йўқолиб қолиши»нинг яна 30 та ҳолатини ҳужжатлаштирган.
Брифинг чоғида Россия томонидан бошланган уруш натижасида Украинанинг тинч аҳолиси орасида қурбон бўлганлар сони эълон қилинди. БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда бу - камида 14 059 киши. Улардан 5767 нафари ҳалок бўлган, 8292 нафари яраланган. Богнернинг таъкидлашича, бу фақат тасдиқланган ҳолатлар ва ҳақиқий рақамлар анча юқори бўлиши мумкин.
Матилда Богнер ҳарбий асирлар билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, Украина ҳукумати БМТ мониторинг миссиясига ўзлари назорат қилаётган ҳудуддаги ҳарбий асирларни сақлаш жойларига тўлиқ кириш ҳуқуқини берган. Бироқ, Россия буни амалга оширмади - на ўз ҳудудида, на Украинанинг босиб олинган ҳудудларида.
«Россия қўшинлари ёки Россияга қарашли гуруҳлар томонидан ушлаб турилган ҳарбий асирлар қийноққа солингани ва шафқатсиз муносабатда бўлингани, айрим қамоқхоналарда етарлича озиқ-овқат, сув таъминоти, дори-дармон ва санитария-техник воситалар йўқлиги - биз ҳужжатлаштирган ҳолатлар нуқтайи назаридан бу янада ташвишлироқ», - деди Богнер. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий асирлар кўплаб юқумли касалликлар, жумладан гепатит А ва сил каби касалликлардан азият чекаётган Оленивка колониясидаги вазият алоҳида ташвиш уйғотади.
БМТ, шунингдек, Россия ва россияпараст кучлар томонидан ҳарбий асир сифатида сақланаётган бир неча ҳомиладор аёллардан хабардор. Богнер Россияни инсонпарварлик нуқтайи назаридан бу аёлларни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар