14:41 / 10.09.2022
1 209

Украинага қурол жўнатган Пентагон ўз захираларини тўлдиришни бошлади

Украинага қурол жўнатган Пентагон ўз захираларини тўлдиришни бошлади
Фото: Reuters
Украина Россия босқинига қарши мудофаа учун Америка қуролларидан муваффақиятли фойдаланар экан, Қўшма Штатлар учинчи давлатлардан уларга кўпроқ сўровлар олмоқда. Гап Украина Қуролли кучлари томонидан Россия ўқ-дори омборлари ва бошқа объектларга қарши муваффақиятли қўлланилаётган юқори технологияли HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари ҳақида кетяпти, деб маълум қилди Пентагон 9 сентябр, жума куни.

АҚШ мудофаа вазирининг харидлар ва техник хизмат кўрсатиш бўйича ўринбосари Билл Лаплант журналистларга идора Украинага юборилган қурол-яроғ захираларини зудлик билан тўлдираётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу борада мудофаа компаниялари билан 1,2 миллиард долларлик шартномалар тузилган. Шу билан бирга, ушбу маблағнинг ярмидан кўпи - 624 миллион доллар - Stinger ракеталарини сотиб олишга, яна 352 миллиони - Javelin тизимларини сотиб олишга ва 33 миллиони - HIMARS тизимларини алмаштиришга йўналтирилди. Умуман олганда, АҚШнинг мавжуд ҳарбий захираларидан олиб ташланган ва Украинага юборилган қуролларни 7 миллиард долларга алмаштириш режалаштирилган.

Лаплант таъкидлашича, Пентагон мудофаа саноати билан ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича ишламоқда, бу ҳам АҚШ эҳтиёжларини қондириш учун, ҳам бошқа мамлакатлардан АҚШ қуроллари сўровига жавобан амалга ошириляпти. Конгресс жорий йилда Украинага юборилган қуролларни алмаштириш учун жами 12,5 миллиард доллар ажратди, унинг бир қисми компаниялар ишлаб чиқаришни кенгайтириши ёки тезлаштириши учун мудофаа саноатига сармоя киритишга йўналтирилади.

Айрим ҳолларда ишлаб чиқариш қувватини оширишнинг осон ечимлари бор, бироқ бошқаларида кўпроқ ижодкорлик талаб этилади, деди АҚШ мудофаа вазири ўринбосари. Хусусан, Stinger ракеталарини ишлаб чиқаришни қайта тиклашда Пентагон компаниялардан эскирган қисмларни алмаштириш учун муқобил вариантлар топишни сўради, деди у.

Лапланте сентябр ойи охиригача НАТОга аъзо давлатлар ва ҳарбий харидлар бўйича масъул бошқа бир қатор давлатлар расмийлари билан учрашишини айтди. Учрашувларда таъминот занжирлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш ва қурол ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалалари кўриб чиқилади.

Пентагон раҳбари Ллойд Остин 8 сентябр куни Германиядаги «Рамштайн» Америка ҳарбий базасида бўлиб ўтган Украина бўйича алоқа гуруҳи йиғилишида президент Жо Байден Киевга 675 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини маъқуллаганини айтди. «Бу - ўтган йил август ойидан бери Байден маъмурияти томонидан АҚШ захираларидан Украинага 20-пакетнинг жўнатилиши», деди Остин. Янги ҳарбий ёрдам пакетига 155 миллиметрли гаубицалар, GMLRS аниқ бошқариладиган реактив снарядлар ва артиллерия ўқ-дорилари киради, деди у.

Август ойи охирида, Украина Мустақиллик куни муносабати билан Пентагон Украинага уруш бошланганидан бери энг катта ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди, бу - деярли 3 миллиард долларга тенг. Маблағлар Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси (USAI) доирасида тақдим этилган бўлиб, у Байден маъмуриятига қуролларни мавжуд қурол захираларидан олиш ўрнига ҳарбий саноатдан сотиб олиш имконини беради. Умуман олганда, август ойи охирида Россиянинг кенг миқёсли босқини бошланганидан бери Американинг Украинага ҳарбий ёрдами миқдори 10,6 миллиард долларга етди, деб ҳисоблайди Reuters.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг