08:28 / 11.09.2022
1 831

Салоҳиддин ва Ричард Шерюрак

Салоҳиддин ва Ричард Шерюрак
Салоҳиддиннинг оламшумул бағрикенглиги ўз ғаними, инглиз қироли ва саркардаси Ричард Биринчи (жасурлиги учун кейин унга Шерюрак лақаби берилган) билан бўлган муносабатларида, айниқса, кенг намоён бўлди.

Ричард Биринчи 1191 йилнинг 8 июнида Акрага келди. Барча салибчилар унинг етакчилигини сўзсиз тан олишарди. У қамалдагиларга ёрдамга келган Салоҳиддин ўрдусини ҳайдаб юборди ва қамални шунчалик кучайтирдики, шаҳардаги мусулмон гарнизони таслим бўлишга мажбур бўлди. Қалъа таслим бўлгандан кейин Ричард товон тўлаш ва сулҳ таклифларининг биронтасига кўнмай, шаҳардаги деярли уч минг мусулмонни, ҳатто аёллар ва болаларни ҳам қўшиб қатл қилишга буйруқ беради.

Шаҳарни салибчилардан озод қилган мусулмон қўшинлари эса тинч аҳолининг ваҳшиёна қатл этилганини ўз кўзлари билан кўрдилар. Қариндошлар ва яқинларидан жудолик алами ҳам мусулмонларга ғанимдан ўч олиб, зулм қилишга йўл қўймади. Чунки Парвардигор Қуръонда мусулмонларга шундай буюрган: “Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин” (Моида, 2). Мусулмонлар ҳеч қачон тинч аҳолига қарши ҳарбий куч ишлатмаганлар. Ҳаттоки, мағлуб бўлган салибчиларнинг қўшинларига нисбатан ҳам жазо ва шафқатсизлик қўлланилмаган. Чунки Ислом зўравонлик, зиддиятлар, урушлар ва террорни таг-томири билан йўқотиш йўли ҳамда адолат, тинчлик, диний бағрикенглик ва фаровонлик кафолатидир.

Шундан кейин Ричард Асқалонни қўлга киритди, Арсуфда катта зафар қучди. Ушбу муҳорабада Салоҳиддин етти минг аскаридан ажраган бўлса, салибчилардан етти юзга яқин одам қурбон берилди. Ана шу жангдан кейин Салоҳиддин бошқа ҳеч қачон Ричард билан очиқ урушишга ботинмади. Кейинчалик ҳам бир неча кичик юришларда ғалабага эришган Ричард Қуддусни ўз қўли- да тутиб туришга қодир бўлолмади. Сабаби сув ва отларга ем етишмаслиги, турли миллатлардан тўпланган салибчилар ўрдусидаги норозиликнинг кучайиб кетгани Ричардни аниқ ҳалокатга элтиши мумкин эди.

Шунинг учун у Қуддусни қамал қилишдан воз кечиб, Асқалонни мустаҳкамлашга киришди. Ўша пайтда тузилган сулҳ Салоҳиддининг қўли баландлигини англатиб турарди. Қуддус қироллигидан соҳил чизиғи ва насронийлар зиёратчиларининг муқаддас жойларга хавотирсиз боришига хавфсиз ва очиқ йўл қолган эди. Ҳеч шубҳасиз, қиролликнинг қулашига Ислом Шарқининг бирлиги сабаб бўлганди. Ричард Оврупасига, Салоҳиддин эса Дамашққа қайтишди.

Мусулмонлар, яҳудийлар, насронийларнинг ҳимоячиси, босқинчиларнинг кушандаси, Қуддусни салибчилардан халос этган Салоҳиддин Айюбий билан инглиз саркардаси Ричард Шерюрак ўртасидаги илиқ муносабатлар шу қадар чуқурлашиб кетдики, Ричард Ислом саркардасини “дўстим” деб атай бошлади. Икки дўстнинг асл инсонларга муносиб ушбу муносабатлари насроний ва мусулмон саркардаси ўртасидаги биргина ёзишмада ҳам аниқ кўриниб турибди:

Англия қироли Рикардос Шерюракдан араблар қироли Салоҳиддинга. О жаноб, сенга мактубимни элтаётган бу одам жангларда юксак фидойилик кўрсатган жасур ва қўрқмас, сизларнинг қаҳрамонларингизни жанг майдонида қаршилаган қаҳрамон. Унинг синглиси эса асир тушиб қолибди, жангчиларингиз уни қалъангизга олиб кетишибди. Исмини ҳам ўзгартириб, Мария ўрнига Сария деб номлашибди. Англия қиролининг араблар қиролига илтимоси бор: ўша аёлни акасига қайтаринглар ёки акасини ҳам асирга олиб, синглиси билан бирга ушланглар, уларни ажратиб юборманглар. Қушчани уясидан олисда ушлаб қолманглар. Сизлардан жавоб кутарканман, шаҳзода дўстим Хорис Лубнонийдан эшитганим халифа Умар ибн Хаттобнинг “Онаси ҳур туққан одамларни қачондан қул қилишни бошлагансизлар” деган сўзларини эслатиб қўймоқчиман”.

Энди Салоҳиддиннинг Ричардга ёзган жавоби билан танишинг: “Султон Салоҳиддиндан Англия қироли Ричардга. Қирол, сиз мактуб билан юборган жасоратли қаҳрамоннинг қўлини сиқиб қўйдим. Жанг майдонида сизнинг имкониятларингизни билиб олганнинг қўл сиқишини сизга жўнатяпман. Менинг ака-сингилни тутқунликда ушлаб қолмаслигимни билишингизни истардим. Чунки биз уйларимизда қўлга тушган ўлжадан бошқа нарсани ушлаб турмаймиз. Акасига синглисини қайтариб бердик. Агар Салоҳиддин Умар ибн Хаттобнинг сўзини бажарган бўлса, буни Ричард ҳам ўзи билган “Худоникини Худога қайтар, Қайсарникини (Рум ҳукмдори) Қайсарга қайтар” деган сўзни бажарсин, яъни Исо алайҳиссаломнинг сўзларини рўкач қилиб ўзинг босиб олган ерни эгаларига қайтар!” Ричард Салоҳиддиннинг яна бир марҳаматига ҳам қойил қолди.

Султон Қуддусни олганидан кейин у ердаги аҳолига шаҳардан чиқиб кетишга тайёргарлик учун қирқ кун муҳлат берганди. Ўша кунларда жуда кўп насрониялар унинг олдига келиб, боқувчилари бўлмиш эрлари, оталари ёки ўғилларидан ажраб қолишганидан шикоят қилишди. Уларга ғамхўрлик қиладиган, яшашга жой топиб берадиган одамлари қолмаган эди. Оқкўнгил Салоҳиддин уларнинг илтимосларини кўзда ёш билан тинглади. Ўз аскарларига аёлларнинг қариндошларини излаб топишни буюрди, агар улар ҳалок бўлгани аниқланса, аёлларга етарли бадал тўлади.

Султоннинг бундай меҳрибонлигини Ричард ўз тажрибасида ҳам синаб кўрди ва унга умрининг охиригача ҳурматда бўлди. Акра қамали чоғида Ричард касал бўлиб қолди. Шунда Салоҳиддин унга ўз табибини юборди, иситмасини тушириш учун муз ҳам, тезроқ тузалишига ёрдам берадиган меваларни ҳам жўнатиб турди. Яна бир воқеа султоннинг нақадар олижаноблигига яққол далил бўла олади: қирол Ричард Салоҳиддиннинг ўғли Зоҳир раҳбарлигидаги мусулмонлар гуруҳига ҳужум қилаётганди. Жангда Ричарднинг отига камон ўқи тегиб, ўлади ва саркарда уловсиз қолади. Бу манзарани кўриб турган Салоҳиддин Ричарднинг ноқулай ҳолда қолишини истамаганидан унга бошқа иккита отни юборди.

Ваҳоланки, шундан сал олдинроқ салибчиларнинг бошқа бир саркардаси Рено де Шатилийон билан Салоҳиддин ўртасида шундай гап бўлиб ўтганди: Салоҳиддин ундан: “Жаноб Рено, агар сиз менинг асирим бўлмай, мен сизнинг асирингизга айланиб қолсам, мени нима қилган бўлардингиз?” деб сўради. Рено ўзигагина хос бўлган сурбетлик билан шундай жавоб қайтарди: “Агар менинг асирим бўлганингизда каллангизни олган бўлардим”.

(давоми бор)
Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг