12:53 / 11.09.2022
1 616

Ҳаракатда барака бор

Ҳаракатда барака бор
Инсон бирор неъматга эришса, хурсанд бўлади. Худди шунингдек, мўмин киши имон неъматига эришганидан севинади ва бошқаларнинг ҳам баҳраманд бўлишини хоҳлайди. Айниқса, олим киши бўлса, бошқаларга раво кўрибгина қолмай, у ҳақда қайғуради.

Ҳалабда кўп йиллар қозилик қилган машҳур шайх Али Тантовий ҳикоя қилади: «Бир куни Ҳалабдаги масжидлардан бирига кирдим. Бир йигитнинг намоз ўқиётганини кўриб, ҳайрон бўлдим. Чунки у ахлоқи бузуқ, ичкилик ичадиган, зино қиладиган ва рибо билан шуғулланадиган йигит эди. Ахлоқи бузуқлигидан отаонаси ҳам оқ қилиб, уйдан чиқариб юборганди. Бу масжидга қандай келиб қолди экан, деб ўйладим. Олдига бориб: “Сен Фалончи эмасмисан?” деб сўрадим. “Ҳа, Фалончиман”, деди.

– Сени ҳидоят қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин! Қандай қилиб ҳидоят топдинг?
– Ҳидоятимга рақсхона (тунги клуб)да насиҳат қилган шайх сабаб бўлди.

– Рақсхонада? – сўрадим ажабланиб.
– Ҳа, рақсхонада!

– Бу қандай бўлди?
– Маҳалламизда кичкина масжид бўлиб, унда ёши улуғ шайх имомлик қилади. Бир куни у: “Одамлар қаерда? Ҳеч ким келмайди, айниқса, ёшлар, ё улар масжидни билмайдими?” дебди. Одамлар: “Улар рақсхона ва ўйингоҳларда”, дебди. Шайх: “Рақсхона нима?” деб сўрабди. Намозхонлардан бири тасвирлаб тушунтириб берибди. “Мусулмонлар ҳам шундай жойга кирадими? – ҳайрон бўлибди шайх. – Юринглар, бирга бориб, уларга насиҳат қиламиз”. “Одамларга рақсхона (тунги клуб)да насиҳат қиласизми? Асло қулоқ солишмайди, сизни масхаралашади, азият ҳам етказишлари мумкин”, дея одамлар уни тўхтатмоқчи бўлишибди. Аммо шайх:

“Биз Муҳаммад алайҳиссаломдан яхшироқ эмасмизку!” дея намозхонлардан бирининг қўлидан ушлаб, рақсхонани кўрсатишини сўрабди. Етиб боришганида рақсхона эгаси: “Сизларга нима керак?” дебди. Шайх клубдагиларга панд-насиҳат қилмоқчилигини айтганида, табиийки, клуб эгаси рухсат бермабди. Савдолашиб, бир кунлик даромадини тўлаймиз дейишгач, рози бўлади ва: “Эртага келинглар”, дейди.

Эртаси куни клубда ўтирган эдим. Қизлардан бири рақсни бошлади. Тугатгач, парда ёпилди ва яна очилди. Бир шайх виқор билан стулда ўтирарди. Сўзини “Бисмиллаҳ”, ҳамду сано ва салавот билан бошлаб, панд-насиҳатга ўтди. Одамлар уни кўриб даҳшатга тушишди. Улар буни шунчаки ҳазил деб ўйлашди. Аммо ҳақиқатлигини билгач, масхаралаб кулишга тушишди.

Шайх уларга парво қилмай сўзида давом этди. Шунда бир киши туриб, ҳаммани жим тинглашга буюрди. Зал тинчиди, энди фақат шайхнинг гапи эшитиларди. У оятлар тиловат қилар, набавий ҳадислар айтиб, баъзи солиҳ кишиларнинг тавба қилиши ҳақидаги қиссаларни сўзларди. Охирида шундай деди: “Эй одамлар! Сизлар кўп йил яшадинглар, кўп гуноҳлар қилдинглар. Ўша гуноҳларнинг лаззати қаёққа кетди? Лаззатлар кетди, аммо номаи аъмоллар қорайиб қолди. Улар ҳақида қиёмат кунида жавоб берасизлар. У Кун жуда тез келиб қолади.

Эй одамлар! Қилаётган ишларингизни ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Улар сизларни қаерга етаклаши мумкин? Бу дунёдаги оддий оловга бардош беролмайсизлар-у, ундан етмиш баробар иссиқроқ бўлган жаҳаннам оловига қандай чидайсизлар?! Кеч бўлмасидан тавба қилинглар!”

Шайх клубдан чиқди, ҳамма йиғлаб унинг орқасидан эргашди, қўлида тавба қилишди, ҳатто клуб эгаси ҳам».

(давоми бор)
Асадулло Холмуродовнинг "Мўминнинг қуввати" китобидан олинди

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг