
Фото: Getty Images
Украинанинг қарши ҳужуми давомида Харкив йўналишида чекинаётган Россия армияси аскарлари асир тушмоқда. Асирларнинг бир қисми - яқинда муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар. BBC улардан бирининг қариндошлари билан боғланди.
«Сиз қайси мамлакат фуқароларисиз? Россияликларми? Ота-онангиз борми? Ёшингиз нечада? Урушга кетаётганингизни билганмидингиз?» - дея савол беради украиналик ҳарбий хизматчи асир тушган россиялик ёш аскарларга.
Улар Калининград областидан келишгани, барчасининг ёши йигирма атрофидалиги, уйда уларни ота-оналари кутаётгани, урушга кетаётганидан эса бехабар бўлишганини айтишади.
«Сизга бу уруш керакми? 10-15 йил олдин Россияда кўплаб дўстларим бор эди. Сизни алмаштиришади ва сиз мамлакатингиздагиларга бизга бу уруш керак эмас деб айтасиз. Биз бу ерда дўстларимиз, яқинларимизни йўқотяпмиз. Уруш туфайли бир ой олдин отам вафот этди. Мен тинч ҳаётда яшашни истайман. Мактабда ишлашда давом этишни, болаларни тарбиялашни хоҳлайман. Мен хотиним билан яшашни истайман. [Нега] бу ерга келдингиз? Биз тинч яшаётгандик, бу ерда барча ҳаётдан хурсанд эди. Бу ерда сизнинг нима керагингиз бор? Уларни тўпланг. Сиз Северодонецкни биласизми? Биз ўша ерданмиз. Нега сиз у ерни вайрон қилдингиз?» - дея монолог ўқиган Украина қуролли кучлари жангчиларидан бири асирлар олдида.
7 сентябр куни украиналик ҳарбийлар россиялик ҳарбий асирларни сўроқ қилиш жараёни акс этган видеоёзув Харкив областидаги Балаклия шаҳридаги вазиятни ёритаётган телеграм-каналларда тарқалди. Унда «ДХР» ёки «ЛХР»да сафарбар қилинган аҳоли вакиллари ёки Росгвардия жангчилари эмас (россияпараст манбалар Харкив областидаги фронт чизиғида шундай бўлинмалар мудофааланаётгани ҳақида айтганди), балки калининградлик мотоўқчилар акс этган.

Россия армияси фронтнинг турли участкаларида қандай қисмлар жанг қилаётгани ҳақида маълумотларни очиқламайди, аммо фронтда бу каби кескин ўзгаришлар рўй берган маҳалда очиқ манбалар асосида айрим тафсилотларни олиш мумкин.
Украин каналлари янги асирлар ҳақидаги хабарларида, ҳазил ўлароқ Россия томони фронтга «10 Б синф ўқувчилари»ни юборганини ёзади, чунки кўплаб ҳарбийлар жуда ёш: 2000-2002 йилларда туғилган. Айримлари бир неча ойлик муддатли ҳарбий хизматдан кейин яқинда шартнома имзолаган. Бу Россиянинг Харкив йўналишидаги ресурслари тугаёзганидан дарак бериши мумкин, аввалроқ Украина қуролли кучлари жанубда манёврлар амалга ошириб, Россия армиясини Херсон мудофааси учун йўналтирганди.
Украина армиясининг Харкив йўналишидаги ҳужуми муваффақият билан ривожланмоқда. Украина армияси тезлик билан ҳаракатланиши ва Россия мудофаасини осонлик билан ёриб ўтиши Россия томонини довдиратиб қўйди. Россия армияси аллақачон қатор стратегик муҳим аҳоли пунктларини бой берди, жумладан украинлар етти ой ичида илк йирик шаҳарни қайтариб олишди - бу Харкивдан 70 км масофадаги Балаклия шаҳри бўлиб, 8 сентябр куни шаҳар Украина қуролли кучлари назоратига ўтди.
Пайшанба куни Харкив фронтидаги вазият Россия қўшинлари учун ёмонлашиши давом этди. Украина қуролли кучларининг мобил штурмчи бўлинмалари россияликларнинг таянч пунктларини четлаб ўтган ҳолда тезкорлик билан Купянск йўналишида илгарилашди. Купянск - Оскол дарёси бўйида жойлашган йирик темирйўл тугуни бўлиб, Россия армиясининг Изюмдаги йирик гуруҳи таъминотида муҳим аҳамиятга эга, унинг бой берилиши Изюмдаги гуруҳ шимолдан блокланиб қолишини англатарди. 10 сентябр куни Украина ҳарбийлари шаҳарга киришди, россияликлар Оскол дарёсининг иккинчи соҳилига чекинган.
Киев яна ўнлаб аҳоли пунктларини қайтариб олди, улардан бири муҳим таянч пункт ҳисобланган Волохив Яр посёлкасидир. Украин ҳарбийлари сўнгги кунларда Шевченково посёлкасига ҳам мамлакат байроғини илишди, шунингдек Изюм ўраб олингач, россиялик ҳарбийлар у ердан ҳам чекинишди.
Россиялик ҳарбий мухбирлар дастлабки кунларда Украинанинг Харкив областида муваффақиятга эришаётганини бу ҳудудда фронт линиясида асосан «ДХР» ва «ЛХР»дан сафарбар қилинганлар тургани билан изоҳлаган, Балаклияда эса Бошқирдистон ва Самара Росгвардияси жангчилари оператив қуршовга тушгани ҳақида айтилганди.
Аммо украин қўшинлари олдинга силжиб борар экан, улар Россия армияси аскарлари позицияларига ҳам ҳужум қилаётгани аён бўлди. Россияликлар томонидан ташлаб кетилган позициялардан бирида подполковник Дмитрий Барарнинг ҳужжатлари топилди. 2020 йилда у майор эканида уссуриялик десантчиларга ғалаба паради вақтида раҳбарлик қилган. 2021 йилда эса РЕН-ТВ телеканалига берган интервюсида россиялик ҳарбийлар суриялик ҳамкасблари учун уюштирган машғулотларни шарҳлаган, титрларда у РФ қуролли кучларининг Суриядаги вакили сифатида кўрсатилганди.
Асирликка тушган Калининград областидан бўлган ҳарбий хизматчилар хизматни Гусев шаҳрида ўтаган. Бу Россия ҳарбий-денгиз флоти соҳил қўшинлари тактик тузилмаси бўлган 18-гвардия мотоўқчилар дивизиясидир.
21 ёшли Данил Казевичуснинг онаси ва акаси BBC билан суҳбатда украин ҳарбийлари асирлар билан гаплашаётгани акс этган видеоёзувда айнан у акс этганини тасдиқлашади. «Ҳозирча мен билан ҳеч ким боғланмади, нима қилиш керак, қаерга қўнғироқ қилиш керак? Ёрдам беринг, илтимос, ўғлимни қайтаришсин», дейди асир тушган ҳарбийнинг онаси Екатерина.
Унинг акаси Павелнинг айтишича, Данил ярим йил муддатли хизматни ўтаганидан кейин шартнома тузган. 26 феврал куни уни хизматдошлари билан бирга Белгород областига юборишган, улар бу ерда бир неча ой бўлиб, кейин Украина ҳудудига киришган. Унинг сўзларига кўра, Данил сўнгги бор уйга асир тушишидан уч кун олдин қўнғироқ қилган, аммо ўзининг жойлашуви ҳақида ҳеч нарса демаган ва яқинлари ҳам «унга муаммо туғдирмаслик учун» бу ҳақда сўрашмаган.
Данил асирда экани аён бўлган видеоролик эълон қилингач, унинг яқинлари ҳарбий қисм қўмондонлигига мурожаат қилишган, у ердагилар эса ФХХнинг област бошқармасига йўналтиришган, айни вақтда маълумотни текширишмоқда: Казевичюс чиндан ҳам асирликдами ва у ерга қандай бориб қолганини.
BBC ҳозирча калинградлик денгиз пиёдалари Балаклия атрофидаги айнан қайси аҳоли пунктида асирга тушишганини аниқлай олмаган. Украина қуролли кучлари ҳарбий ҳаракатлар майдонидаги вазият ҳақида батафсил маълумот беришга шошилмаяпти, аммо ижтимоий тармоқларда област ҳудудидаги ўнлаб шаҳар ва қишлоқларда Украина байроғи ҳилпирай бошлагани акс этган фото ва видеолар тарқалмоқда.
Балаклия мэри Иван Столбовойни апрел ойида украин ҳукумати хиёнат ва коллаборационизмда айблаганди, кейин у оиласи билан Россия ҳудудига ўтиб кетганди. Июн ойида Россия фуқароси Юрий Шевченко «шаҳар фуқаролик-ҳарбий маъмурияти раҳбари» этиб тайинланди. BBC у билан боғланиб, айни вақтда қаердалигига аниқлик киритишга уринган, Шевченко эса шундай жавоб берган: «Мен Харкивдаман, бу ерда ҳаммаёқда руслар, Украина қуролли кучлари эса қочиб бормоқда». Аммо унинг бу сўзлари ҳақиқатга тўғри келмайди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар