10:08 / 19.09.2022
2 020

Пугачёванинг норозилик пости юз минглаб лайк тўплади

Пугачёванинг норозилик пости юз минглаб лайк тўплади
Фото: Globallookpress
«Ёвузлик кучларига қарши бир миллион қизил атиргул», «Путин режими тугашининг бошланиши» - Россия ва Украинадаги сиёсатчилар, артистлар ва бошқа жамоат арбоблари Украинага қарши Россия уруши оқибатларини баҳолаган Пугачёва баёнотини муҳокама қилмоқда.

«Браво, Алла Борисовна!», «Аллага ҳурмат», «Алла Пугачёванинг кўп йиллардаги энг яхши ижроси» - русийзабон ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари таниқли қўшиқчининг «Россияни қувғин қилиш ва фуқаролари ҳаётини қийинлаштириб қўйиш» хаёлий мақсадлари учун йигитлар ўлимини тўхтатишни» сўраган турмуш ўртоғи, артист Максим Галкин билан бирдам экани ва «хорижий агентлар» қаторига ўзини ҳам қўшишни сўраганиҳақидаги баёнотига шундай реакция билдирди. Бир неча соат ичида, 18 сентябр, якшанба оқшомида Алла Пугачёванинг 3,4 миллион обуначиси бўлган Instagram саҳифасидаги ушбу пости ярим миллиондан ортиқ «лайк» тўплади.

Пугачёванинг турмуш ўртоғи Галкинни қўллаб-қувватлаган баёнотида «Украина» сўзи йўқ, бироқ фойдаланувчилар аксарияти буни айнан Россиянинг қўшни давлатга бостириб киришини танқид қилиш сифатида қабул қилди ва хонанданинг бу қадамини юқори баҳолади.

Баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари баҳо беришда нисбатан совуққон бўлди. Пугачёванинг Украинадаги урушга умуман қарши чиқмагани, фақат «эрини қўллаб-қувватлагани» ва ўз постини «иложи борича тушунарсиз» ёзганини таъкидлаган ушбу фойдаланувчилар унинг урушга муносабатини «ярим йил кутишга тўғри келганини» айтишди.

Шу билан бирга, Пугачёванинг баёноти кўплаб интернет фойдаланувчиларининг танқидига сабаб бўлди, улар қўшиқчини хиёнатда айблади.

Қўшиқчининг сўзларига нафақат оддий фойдаланувчилар, балки кўплаб россиялик сиёсатчилар, санъаткорлар ва бошқа таниқли шахслар ҳам муносабат билдиришди.

Ҳозир Францияда бўлган актриса ва режиссёр Рената Литвинова ўзининг Telegram-каналида «Алла, сенга ҳурматим чексиз», деб ёзди.

«Алла Пугачёва сўз эркинлиги учун, қатағон ва урушга қарши чиқди. Ёвуз кучларга қарши миллион қизил атиргул», - дея қўшиқчини қўллаб-қувватлади адвокат ва ҳуқуқ ҳимоячиси Павел Чиков Twitter саҳифасида.

«Путин ким? Алла Пугачёва давридаги майда сиёсатчи», - дея таъкидлади мухолифатчи сиёсатчи Дмитрий Гудков Twitter саҳифасида.

Санкт-Петербург қонунчилик йиғилишининг 5- ва 6-чақириқ депутати Максим Резник «Пугачёва қўзғолони режимнинг қулашига олиб келади» деган фикрни билдирган, россиялик иқтисодчи, профессор Максим Миронов эса Twitter’да Алла Борисовна унинг 2024 йилги Россия президентлигига сайловларда номзоди эканини маълум қилди.

Ўз навбатида, сиёсатшунос Станислав Белковский ўзининг Telegram-каналида шундай деди: «А.Б.Пугачёва амалда Россия жамиятининг урушга қарши қисми етакчисига айланмоқда».

Пугачёванинг баёнотига салбий изоҳларни давлат ҳокимияти органларига алоқадор россиялик сиёсатчилар, шунингдек, Кремлга содиқлиги билан танилган жамоат арбоблари билдиришди.

Шу тариқа, телебошловчи Владимир Соловёв Telegram’да бу ҳақда шундай ёзди: «Тинч ётинг, Алла Борисовна...». Собчак ўзининг «Қонли хоним» Telegram-каналида Пугачёва қўшиқларини тинглаш мумкин бўлган интернет-ресурслар ҳаволасини қўйиб, «Биласанми, ҳали ҳаммаси бўлади» деган лаконик изоҳ жойлади.

Шу билан бирга, Россия Давлат думаси раисининг ўринбосари Пётр Толстой ўзининг Telegram-каналида шундай деди: «Мамлакатнинг собиқ энг машҳур қўшиқчиси бўлган Пугачёва ҳақиқат билан алоқани шунчалик йўқотиб, Россиянинг мағлубиятини орзу қилганлар билан бирдамликда эканидан афсусдаман. Энди унинг ўрни СССР тарихи музейида».

Рэпер Тимати ҳам Пугачёванинг сўзларини кескин танқид қилди: «Менимча, ўз қадрдон мамлакатингга мазғава ағдариб, Европанинг кичик залларида бир гуруҳ муҳожирлар билан бирга унинг сиёсий қарорлари ва вектори устидан кулиш – ҳақиқий қадр-қиммат ва ватанпарварликдир!».

Пугачёванинг баёнотига Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович ҳам муносабат билдирди. Ўзининг Facebook саҳифасидаги батафсил постида у Алла Борисовнанинг «Путин тизимига қарши исёни: Путин режимининг етакчи мифологияси қонунийлигига путур етказиш, бу урушни оқлашнинг асосий нарративини бузиш, Путин режими қонунийлиги асосини ташкил этувчи фуқаролар ўртасидаги портлаш, бу режим интиҳосининг бошланиши», деб ёзди.

Алла Пугачёва узоқ вақт давомида Украинада содир бўлаётган воқеаларга бевосита ўз муносабатини билдирмади. Шу билан бирга, унинг турмуш ўртоғи Максим Галкин Россиянинг қўшни давлатга бостириб киришини бир неча бор танқид қилди. 16 сентябр куни Россия Адлия вазирлиги Галкинга «хорижий агент» мақомини берди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг