
Фото: AFP
Изюм шаҳри яқинида юзлаб қийноқларга учраган одамлар кўмилган оммавий қабрлар топилди, деди Чехия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Липавский. У ҳарбий жиноятлар бўйича барча айбдорларни жазолашга чақирди.
Чехия Европа иттифоқи кенгашининг амалдаги раиси сифатида Украина ҳудудида ҳарбий жиноятлар бўйича халқаро трибунал тузишга чақирди. «Россия Изюм вилоятида юзлаб қатл этилган ва қийноққа солинган одамлар кўмилган оммавий қабрларни қолдириб кетди. 21-асрда тинч аҳолига қарши бундай ҳужумлар ақлга сиғмайди ва жирканчлидир. Уларни эътиборсиз қолдирмаслигимиз керак. Барча ҳарбий жиноятчиларнинг жазога тортилишини талаб қиламиз. Мен агрессия жиноятини жазолаш учун махсус халқаро трибунални тезроқ тузишга чақираман», — деб ёзди Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский 17 сентябр, шанба куни Twitter’даги микроблогида.
Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехт ҳам халқаро трибунал тузишга чақирди. «Бу даҳшатли жиноятлар тергов қилиниши керак - энг яхшиси БМТ экспертлари томонидан. Халқаро терговчиларга далиллар тўплаш учун имкон қадар тезроқ рухсат берилиши керак. Жиноятчилар жавобгарликка тортилиши лозим», деди у Funke гуруҳи нашрларига берган интервьюсида.
Украина президенти Володимир Зеленский 17 сентябр оқшомида халққа йўллаган кундалик видеомурожаатида Харкив областида Россия армияси чекинганидан кейин ўндан ортиқ қийноққа солиш камералари ва электр токи билан қийнаш учун мўлжалланган ускуналар топилганини айтди. Украина терговига кўра, Изюмда ўлим олдидан қийноққа солинган одамлар жасадлари бўлган 450 га яқин қабр топилган. Баъзиларнинг қўллари орқасига боғланган. Зеленский Изюмни Буча ва Мариуполга қиёслади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар