00:58 / 20.09.2022
1 562

Қирғизистон ва Тожикистон протокол имзолади, хавфсизлик хизмати раҳбарлари қўшма баёнот берди

Қирғизистон ва Тожикистон протокол имзолади, хавфсизлик хизмати раҳбарлари қўшма баёнот берди
Фото: Сўғд вилояти ахборот хизмати
Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳамда Тожикистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Саймўмин Ятимов ўртасида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Учрашув Тожикистоннинг Сўғд вилоятида ўтказилган.

Томонлар уч пунктдан иборат протокол имзолашган. Унга кўра қуйидаги уч пунк бўйича келишувга келинган:

– қўшинларни чегара яқинидан доимий дислокация манзилларига олиб кетиш;
– чегаранинг икки томонида фақат чегара қўшинларини қолдириш;
– чегара масалаларини муҳокама қилишда давом этиб, чегарадаги вазиятни нормаллаштириш.

Сўғд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати икки хавфсизлик хизмати раҳбарларининг қўшма баёноти келтирилган видео ҳам эълон қилди.

Фото: Сўғд вилояти ахборот хизмати
«Биз бу борада бир-биримизни тушуниб, бир тўхтамга келдик. Протокол имзоладик, чегараларимизда ростакамига тинчлик бўлишига ишондик. Барча йўналишларда ҳаракатларимизни аввало дўст халқларимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширамиз», деган Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Ятимов.

«Умид қиламан, бугун имзолаган протоколимиз чинакам тинчлик бўлишини таъминлайди. Тинчлик ҳар нарсадан яхши, биз доим тинчлик бўлиши учун ҳаракат қиламиз», деди Қамчибек Ташиев.

Бир неча кун давомида Қирғизистон ҳамда Тожикистон чегарасида навбатдаги кескинлик авж олиб, икки томон ўртасида тўқнашувлар содир бўлди. Икки томондан умумий ҳисобда 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Тожикистон ва Қирғизистон хавфсизлик қўмитаси раҳбарлари 16 сентябр куни чегарада учрашиб, тинчлик ўрнатишга келишиб олган, шунга қарамай ўшандан кейин ҳам отишмалар тўхтамаганди. Аммо ўша учрашувда протокол имзоланмаганди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг