18:30 / 21.09.2022
2 283

Сафарбарлик ҳақида: ким биринчи навбатда чақирилади, ким кечиктириш ҳуқуқига эга?

Сафарбарлик ҳақида: ким биринчи навбатда чақирилади, ким кечиктириш ҳуқуқига эга?
Фото: Kremlin Pool / Global Look Press
РФ президентининг таъкидлашича, биринчи навбатда «фақат захирадаги фуқаролар», яъни муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга бўлган шахслар ҳарбий хизматга чақирилади. Бироқ, умумий таърифлар бўйича кўплаб саволлар туғилди, масалан, ким сафарбарликка чақирилмаслиги аниқ эмас – адвокатлар ва Дума депутатлари бунга жавоб беришга ҳаракат қилишмоқда.

«Россия Федерациясида сафарбарлик ва сафарбарликка тайёргарлик тўғрисида»ги федерал қонуннинг 21-моддасида белгиланишича, сафарбарлик эълон қилинганда, ҳарбий хизматга чақирилиши керак бўлган фуқаролар сафарбарлик тўғрисидаги хабарномаларда кўрсатилган муддат ичида ҳарбий йиғилиш пунктларига келиши шарт.

Сафарбарлик доирасида фуқароларга чақирув қоғозлари ҳар доимгидек шахсан топширилиши ва улар томонидан имзоланиши керак. Чақирув қоғози яшаш жойида ёки иш жойида топширилиши мумкин. Сафарбарлик кўрсатмасига эга бўлган фуқаролар алоҳида чақирувни кутмасдан мустақил равишда ҳарбий комиссариятга келиши керак.

«Агора» ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳи асосчиси Павел Чиковнинг сўзларига кўра, Россия президенти фармони имкон қадар кенг маънода шакллантирилган ва сафарбарлик ҳақида батафсил маълумотлар келтирилмаган.

Алексей Навалний жамоасининг юридик бўлими бошлиғи Вячеслав Гимадининг сўзларига кўра, Путин аслида қисман эмас, балки тўлиқ сафарбарлик эълон қилган. Чунки соғлиғи ва ёши туфайли ҳарбий хизматга яроқсиз бўлганлардан ташқари ҳамма чақирилиши мумкин.

«Президент бу борада ихтиёрни мудофаа вазирида қолдиряпти. Амалда айнан мудофаа вазири кимни, қаердан ва қанча миқдорда урушга жўнатиш кераклигини ҳал қилади. Механизм қуйидагича бўлади: Мудофаа вазирлиги Россиянинг ҳар бир минтақаси учун сафарбарлик квоталарини шакллантиради. Уларнинг бажарилиши учун губернаторлар жавобгар бўлади. Шойгу 300 минг киши ҳақидаги рақамларни айтди. Агар бундан ҳам кўпроғига зарурат туғилса, фармон чекланмаган миқдордаги кишиларни сафарбар этиш имконини беради», — деди Чиков.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, биринчи бўлиб ҳарбий хизматни ўтаган ва захирада қолиш учун шартнома имзолаганлар чақирилади. Сўнгра захирадаги эркакларга навбат етади.

Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов сафарбарлик ҳақида батафсилроқ маълумот берди. Унинг аниқлик киритишича, биринчи навбатда 35 ёшгача бўлган аскарлар, матрослар, сержантлар, старшиналар, прапоршиклар, 50 ёшгача бўлган кичик офицерлар, 55 ёшгача бўлган майорлар, подполковниклар, 3-ранг капитанлари, 2-ранг капитанлари, 60 ёшгача бўлган 1-ранг капитанлари ва 65 ёшгача бўлган олий офицерлар чақирилади.

Шу билан бирга, захирадаги аскарларнинг ихтисослашуви ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳарбий экспертларнинг таъкидлашича, ҳозир фронтга айниқса пиёдалар, разведкачилар, алоқачилар, ракетачилар, артиллериячилар ва танкчилар керак. Агар мутахассислигига зарурат туғилса, ҳарбий кафедра битирувчилари ҳам чақирилиши мумкин.

Давлат думаси хабарига кўра, қисман сафарбарлик туфайли мамлакат бўйлаб саёҳатга ҳеч қандай чекловлар қўйилмайди. Аммо чақирув қоғозини олган захирадаги аскарларга Россиядан чиқиб кетиш тақиқланиши мумкин.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, яқин келажакда қисман сафарбарликка учраганлар учун чегараларни ёпиш эҳтимоли бўйича тушунтириш берилади.

Песков, шунингдек, Россия ҳукумати «қисқа муддат ичида» қисман сафарбарлик бўйича кечиктириш оладиган фуқаролар тоифаларини аниқлашини айтди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, талабалар ва муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар сафарбар қилинмайди.

Россия президенти фармонида белгиланишича, ҳарбий-саноат комплекси ходимлари ҳам ҳарбий хизматни ўташни кечиктириши мумкин. Чекланган хизмат кўрсатиш қобилиятига эга бўлганларни ҳам чақириш режалаштирилмаган. Ҳарбий хизмат учун рўйхатдан ўтиш гувоҳномасига эга бўлган фуқаролар ҳам сафарбар қилинмайди. Улар фақат тўлиқ сафарбарлик эълон қилинганда чақирилади.

«Россия Федерациясида сафарбарлик ва сафарбарликка тайёргарлик тўғрисида»ги федерал қонуннинг 18-моддасига биноан, Давлат думаси депутатлари ва Федерация кенгаши аъзолари, шунингдек, ҳукумат қарори ёки президентнинг махсус фармонида кўрсатилган шахслар, хусусан, муниципал ходимлар ва ҳокимиятнинг бошқа вакилларига ҳарбий хизматни кечиктириш ҳуқуқи берилади.

Яқин қариндошларига доимий ғамхўрлик қилаётган одамлар (бунинг учун тиббий маълумотнома бўлиши керак), ўсмирларнинг васийлари ва ҳомийлари ҳам сафарбарликдан озод этилиши керак. Қарамоғида 16 ёшгача бўлган тўрт ёки ундан ортиқ фарзанди бўлган ёки 16 ёшгача бўлган камида битта болани тарбиялаётган ёлғиз оталар ҳам сафарбарликка чақирилмаслиги мумкин. Ниҳоят, қонунга кўра, оғир жиноят содир этгани учун судланган, бироқ жазони ўтамаган ёки судланганлик олиб ташланмаган фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилмайди.

Ўз навбатида, сафарбарликдан бўйин товлагани учун чақирилувчи 2 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин, аммо судланганлик ва оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлмаса, одатда бунинг учун жарима солинади.

Россияда сафарбарлик Украинадаги қўшинларининг чекиниши ортидан эълон қилинди. Сентябр ойи бошидан бери Украина қуролли кучларининг тезкор ҳужум ҳаракатлари оқибатида Россия армияси асосий мудофаа марказлари – Изюм ва Купянскни топшириб, Харкив вилояти ҳудудини деярли бутунлай тарк этишди. Улар Херсон вилояти ва фронтнинг бошқа чизиқларида ҳам ўз позицияларини йўқотмоқда.

Украина қўшинлари умумий майдони 6 минг квадрат километрга яқин бўлган бир неча юз аҳоли яшаш манзилларини ўз назоратига қайтарди. Украина қуролли кучлари март ойидан бери назорат қилмаган Россия чегараларигача етиб боришди. Ғарб оммавий ахборот воситалари ва ҳарбий экспертлар Украина ташаббусни ўз қўлига олган пайтда содир бўлаётган воқеаларни урушдаги бурилиш нуқтаси сифатида баҳоламоқда. Бу россиялик сиёсатчилар ва тарғиботчилар томонидан «ўз-ўзини сафарбар қилиш» ҳақидаги чақириқларга сабаб бўлди.

Бир кун олдин ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Луҳанск ва Донецкдаги халқ республикалари, Херсон ва Запорижжя вилоятларида Россия Федерацияси таркибига кириш бўйича референдумлар санаси эълон қилинган эди. Амалда сафарбарлик ушбу ҳудудларни оккупация қилиш ва ҳимоя этиш учун зарур. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу сўзларига кўра, 300 мингга яқин захирадаги ҳарбийлар сафарбар қилинади, қисман сафарбарлик захирадаги ҳарбийлар умумий сонининг қарийб 1,1 фоизини ташкил қилади. Сафарбарлик доирасидаги чақирувни Россия ҳудудлари губернаторлари таъминлаши керак. Ҳар бир ҳудуддан сафарбар қилинадиганлар сонини Мудофаа вазирлиги белгилайди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг