
Фото: Reuters
Россиядаги фаоллар «Весна» ёшлар ҳаракатининг чақириғига жавоб қайтарди. Россиянинг турли шаҳарларида Путин томонидан Украина билан урушга эълон қилинган қисман сафарбарликка қарши намойишлар бўлиб ўтди.
Россиядаги фаоллар «Весна» ёшлар ҳаракатининг Россия президенти Владимир Путин томонидан Украина билан урушга эълон қилинган қисман сафарбарликка қарши норозилик намойишлари ўтказиш чақириғига жавоб қайтарди. Сибир ва Узоқ Шарқда, Уралда, Твер ва Воронежда, Санкт-Петербург ва Москвада Путиннинг қарорига рози бўлмаганлар шаҳарларнинг марказий майдонларига чиқди. «Весна» ҳаракати ҳамфикрларни маҳаллий вақт билан соат 19.00 да кўчага чиқишга чақирганди.
ОВД-Инфо маълумотларига кўра, Москва вақти билан соат 23:00 ҳолатига кўра, 38 та шаҳарда сафарбарликка қарши намойишларда 1330 дан ортиқ одам қўлга олинган. Ушланганларнинг аксарияти Санкт-Петербургдан - 493 намойишчи, кейин - Москва (469 намойишчи) ва Екатеринбург (40 киши). Хавфсизлик кучлари айрим намойишчиларга қарши куч ишлатган.
Хабарларга кўра, Хабаровскдаги сафарбарликка қарши норозилик намойишига 12 киши чиққан. Улар «Сибир.Реалии» мухбирига сафарбарлик ҳақидаги хабардан ҳайратда қолганини айтишган. Пикетчилар таъқибдан қўрқиб, ўз исмларини айтишдан бош тортган. 21 сентябр оқшомида Якутск марказидаги майдонга бир неча киши йиғилди.
Иркутскда бир неча ўнлаб одамлар марказий майдонга келган, ўн киши қўлга олингани хабар қилинган. ОВД-Инфо инсон ҳуқуқлари порталига кўра, қўлга олинганларнинг аксарияти Томскда. Улан-Удеда одамлар қўлбола плакатлар билан акцияга келди, бир неча ўнлаб одамлар тўпланди. Полиция оломонни плакатларни олиб ташлашга чақирган, ҳеч қандай қўлга олишлар кузатилмаган.
Новосибирскдаги марказий майдонда сафарбарликнинг бир неча ўнлаб мухолифлари йиғилди. Бир киши қўлга олинган.
Аввалроқ Россиянинг «Весна» мухолифат ҳаракати ва Алексей Навалний тарафдорлари Россия фуқароларини сафарбарликка қарши норозилик билдиришга чақирганди, Change.org сайтида аллақачон 250 мингдан ортиқ одам норозилик петициясини имзолади.
Москва прокуратураси шаҳар аҳолисига сафарбарликка қарши митинглар уюштирганлик, уларда қатнашганлик ёки уларга чақирганлик учун маъмурий жазолаш ва 15 йилгача қамоқ жазоси билан таҳдид қилди.
Шу билан бирга, Санкт-Петербургда туман маъмуриятлари муниципалитетларга Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида референдум ўтказишни қўллаб-қувватловчи митингда иштирок этиши мумкин бўлган одамларни топиш бўйича кўрсатма берди, деб ёзади «Ротонда» бир қанча муниципалитетларга таяниб. Нашр суҳбатдошларининг айтишича, маъмуриятлар улардан 5-10 киши талаб қилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар